Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда АҚШнинг Вебстер университетининг маркази ташкил этилиб, таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади.
Марказда ўқитиш кундузги таълим шаклида, тўлов-контракт асосида, инглиз тилида, жумладан, электрон таълим ва масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда Университет томонидан тасдиқланган ўқув режалар ва дастурлар асосида амалга оширилади.
Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси, 13-уйда жойлашган Тошкент архитектура-қурилиш институтининг бино ва иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудуд оператив бошқарув ҳуқуқи билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ўтказилади ҳамда кейинчалик бепул фойдаланиш учун белгиланган тартибда Марказга берилади.