Тошкент вилоятини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар муҳокама қилинди

0
48
марта кўрилган.

Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида йиғилганларни яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан табриклади. Тошкент вилояти мамлакатимиз тараққиётида етакчи ўрин тутишини таъкидлади.

– Тошкент вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат кўрсатиш бўйича улкан салоҳият бор. Шунинг учун вилоятга жуда катта марра қўйганмиз. Лекин, шунга яраша натижа сезилмаяпти, ўрта бўғин раҳбарлари «аравани тортолмаяпти». Энди бизга фақат пахта, ғалла деб юраверадиган ҳокимлар керак эмас. Пахта билан ғаллани манфаат қилиши керак. Ҳоким эса ҳозирги замонга муносиб, устувор йўналишларни яхши биладиган ва жой-жойига қўядиган, вилоятдаги 2 миллион 994 минг аҳолини рози қиладиган бўлиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлатимиз раҳбари Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Даврон Хидоятов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.

Д.Хидоятов 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996-2009 йилларда банк тизимида, 2014 йилгача автосаноат тармоғида фаолият юритган. 2014-2020 йилларда Хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, Чилонзор тумани ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Халқ депутатлари, вилоят фаоллари сўзга чиқиб, номзод ҳақида фикрларини билдирди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Даврон Хидоятов Тошкент вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Шунингдек, Халқ депутатлари кенгаши сессиясида Тошкент вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича асосий йўналиш ва вазифалар муҳокама қилинди.

Аввало аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалаларига эътибор қаратилди. Вилоятдаги 1 минг 48 та маҳалла билан манзилли ишлаб, «ўсиш нуқталари»ни ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш бўйича вазифалар қўйилди.

2021-2022 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида жами қиймати қарийб 120 триллион сўм бўлган 1 минг 108 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши таъкидланди. Уларнинг 1 минг 60 таси ҳудудий, 48 таси йирик тармоқлар лойиҳаларидир. Буларнинг натижасида 52 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари кон-металлургия, энергетика, тўқимачилик, кимё, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги ва туризм вилоят иқтисодиётида асосий драйвер бўлиши кераклигини таъкидлади.

Жумладан, жорий йилда Туркия компанияларининг 450 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобига Қибрай туманида умумий қуввати 710 Мегаватт бўлган иккита иссиқлик электр станцияси ишга туширилади. Шунингдек, Бўстонлиқда 1 миллиард 48 миллион доллар сармоя эвазига, жами қуввати 540 Мегаватт бўлган иккита гидро электр станцияси қурилиши режалаштирилган.

Мутасаддиларга вилоятда 14 та янги кичик саноат зонаси ташкил этиш, фойдаланилмаётган 18 норуда конлар негизида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Чирчиқ шаҳрини замонавий инновациялар ва инвестициялар шаҳрига айлантириш, шу намуна асосида вилоятнинг бошқа шаҳарларини ҳам комплекс ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

16 минг гектарда боғ ва токзорлар ташкил этиш, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Ижтимоий соҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактабларни таъмирлаш, 4 та туманлараро тиббиёт маркази ташкил этиб, гемодиализ хизматларини йўлга қўйиш вазифалари кўрсатиб ўтилди.

Кўп қаватли уйлар, йўллар, ичимлик суви тармоқлари қуриб, қишлоқ ва маҳаллалардаги турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар маълум қилинди.

Мутасадди раҳбарлар Президент айтган устувор вазифалар ижросини ташкил этиш юзасидан халқ депутатлари олдида ҳисобот берди.

Давлатимиз раҳбари шаҳар ва туман студияларидаги аҳоли билан суҳбатлашиб, улар билдирган таклифларни қўллаб-қувватлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.