Тошкентдаги юқори мактабларда коррупцияни олдини олувчи янги қабул тизими жорий этилади

0
197
марта кўрилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.

Ўрганишлар ва ижтимоий сўров натижаларига кўра ота-оналар томонидан талаб юқори бўлган мактабларга 1-синфга қабул жараёнида коррупция билан боғлиқ қуйидаги салбий ҳолатлар мавжуд эканлиги аниқланди:

Биринчидан, мактабга бириктирилган микроҳудуддан ташқаридаги болаларни қабул қилиш учун таниш-билиш қидириш ёки мактаб раҳбариятига ноқонуний тўловни амалга ошириш;

Иккинчидан, 7 ёшга тўлмаган болаларни мактабларга жойлаштириш учун таниш-билиш қидириш ёки ноқонуний тўловларни амалга ошириш;

Учинчидан, мактабда таълим тилида ўқиб кетишга кўникмаси етарли даражада бўлмаган болаларни беришдаги шу каби салбий ҳолатлар.

Бу каби ҳолатлар оқибатида мактабларда таниш-билишларнинг “қўнғироқ орқали илтимослари” ёки ноқонуний тўловлар натижасида мактаб сиғимига нисбатан кўпроқ ўқувчилар қабул қилиниши ва синфларда болалар сони 40-50 нафаргача ошиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур мактаблардаги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, 7 ёшдан кичик ёки таълим олиб бориладиган тилни билмайдиган ўқувчиларга педагогларнинг кўпроқ куч ва эътибори талаб этилаётганлиги сабабли, бошқа ўқувчиларнинг ўзлаштиришига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Энг ёмони, таниш-билиш ёки юқоридан қўнғироқ қилиб боласини жойлаштириш каби салбий ҳолатлар оқибатида, ўша микроҳудудда яшайдиган аҳолининг фарзандлари бундай талаб юқори бўлган мактабларда ўқиш имкониятидан маҳрум бўлиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Юқоридаги салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, жорий йилдан бошлаб талаб юқори бўлган мактабларга (ҳозирча Тошкент шаҳридаги 81 та мактаблар) қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, ушбу умумтаълим муассасаларига болалар асосий ва қўшимча квота асосида қабул қилинади. Янги қабул тизими босқичма-босқич бошқа вилоятларда ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг (тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўладиган) фарзандлари, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини инобатга олган ҳолда асосий квота шакллантирилади.

Умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун қўшимча квота ажратилади.

Давлат хизматлари марказлари орқали болаларни умумтаълим муассасаларига (асосий квота бўйича) қабул қилиш ҳар йили 15 июндан 31 июлга қадар, қўшимча квота бўйича ҳар йили 15 июндан 31 августга қадар амалга оширилади.

Қўшимча квота бўйича умумтаълим муассасаларига қабул қилиш учун бир болага нисбатан қуйида назарда тутилган ҳолатларнинг ҳар бир банди бўйича ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғимлар ундирилади:

а) микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги болалар;

б) микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган, яъни тегишли йилнинг 1 январидан 31 декабрга қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар;

в) умумтаълим муассасаларида (микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари) таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун.

Мазкур маблағлар мактабдаги шароитларни яхшилаш ҳамда мактаб ўқитувчилари ва директорини рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Умумтаълим муассасаларининг 1-синфига қабул жараёнларини бевосита Кузатув кенгаши аъзолари томонидан назорат қилиб бориш кўзда тутилган. Жумладан, Кузатув кенгаши аъзолари мактаб маблағларини тўғри сарфланишини назоратга олади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.