Тошкентлик сайловчилар билан очиқ мулоқот бўлди

0
80
марта кўрилган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Учрашувни номзоднинг ишончли вакили Р.Калонов очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Дастурда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Тошкент шаҳрини ҳам ҳар томонлама тараққий эттириш, уни янада гўзал ва обод шаҳарга, дунёнинг йирик мегаполисларидан бирига айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, келгуси беш йилда “Тошкент — яшаш учун қулай яшил шаҳар”, “Бизнес учун улкан имкониятлар шаҳри”, “Минтақавий инвестициялар маркази”, “Рақамли пойтахт”, “Билим ва инновациялар шаҳри”, “Пойтахт – маданият ва маърифат булоғи”, “Соғлом турмуш ва сифатли тиббиёт” дастурларини амалга ошириш режалаштирилган.

Маърузада қайд этилганидек, пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш мақсадида “Янги Тошкент” концепцияси амалга оширилади ва шаҳар шарқий йўналишга қараб кенгайтирилади. Келгуси беш йилда 100 минг хонадонли кўп қаватли энергия тежамкор уйлар қурилади. Шу билан бирга, эски икки қаватли уйлар реновация қилинади.

Номзод кўп қаватли турар жойлар орасидаги майдонларда ҳар қандай қурилишга чек қўйилиши, “яшил ҳудуд”лар кўпайтирилишини таъкидлади.

Тошкентда жамоат транспорти ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш масалалари жуда долзарб. Шу боис, 400 та замонавий автобус ва 700 та электробус олиб келиш, 200 га яқин янги автобус йўналишлари ташкил этиш режалаштирилган. 500 та йирик чорраҳани «ақлли” тартибга солиш, тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 21 та йўл ўтказгич қуриш чоралари белгиланган.

Пойтахтимиздаги 575 та маҳаллани ривожлантириш бўйича шаҳар ҳокимлиги ҳузурида алоҳида жамғарма ташкил этилиб, ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилиши маълум қилинди.

“Тошкент – бизнес учун улкан имкониятлар шаҳри” дастурини амалга ошириш орқали келгуси беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 200 триллион сўмга етказиб, қарийб 2 баробар ошириш мақсад қилинган.

Хусусан, шу даврда умумий қиймати 14 миллиард долларлик 2 мингга яқин инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланган. Бу 250 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Қайд этилганидек, Тошкент шаҳри атрофида “саноат белбоғи” ташкил қилиниб, Бектемир, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари юқори даромад келтирувчи саноат тармоқларига мослаштирилади. Янги технопарклар, логистика марказлари, божхона терминаллари ташкил этилади. Шаҳарда жойлашган барча божхона юк омборлари пойтахт ташқарисига чиқарилади.

Умуман, ишга тушириладиган лойиҳалар ҳисобига шаҳар экспорти 2 баробарга оширилиб, йилига 2,5 миллиард долларга етказилади.

Шавкат Мирзиёев Тошкентда савдо ва хизматларни янада ривожлантириш учун улкан имкониятлар борлигини таъкидлади. Бу борада тадбиркорларга шароит яратиш мақсадида келгуси йилларда 4 мингдан ортиқ ер участкалари онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши кўзда тутилган.

Келгуси беш йилда хориждан келадиган меҳмонлар сонини 3 миллион нафарга, туризм хизматлари ҳажмини эса 1 миллиард долларга етказиш мумкинлиги айтилди.

Шунингдек, шаҳардаги савдо майдонлари 10 баробарга оширилади. Маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга йилига 1 триллион сўм йўналтирилади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда пойтахтнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига давлат бюджетидан 70 триллион сўм ажратилади.

Ахборот технологияларини ривожлантириш мақсадида “Рақамли Тошкент” ва “Ақлли шаҳар” дастурлари амалга оширилиши қайд этилди. Хусусан, молия, тижорат, транспорт, тиббиёт, таълим соҳаларида электрон хизматлар кенг жорий этилади.

“Соғлом турмуш ва сифатли тиббиёт” дастури доирасида 13 та янги оилавий поликлиника қурилади ва 25 та поликлиника таъмирланади. Кўп тармоқли тиббиёт кластерлари ташкил этилади. Келгуси икки йилда пойтахт аҳолиси учун давлат тиббий суғурта тизимини жорий этиш бошланади. Тошкент тиббиёт академияси капитал таъмирланиб, илғор технологиялар билан жиҳозланади.

Шунингдек, янги таълим муассасаларини қуриш ва мавжудларида ўқитиш сифатини ошириш, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришга қаратилган режалар ҳам қайд этилди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этди. Сайловчилар номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлаб, қўшимча таклифларини билдирди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.