Барча соҳаларда бўлгани каби юксак салоҳиятли, билимли, рақобатбардош кадрлар тиббиёт тизими ривожида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу маънода, айни пайтда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида беморларга тўғри ташхис қўйиш, даволаш, бир сўз билан айтганда, уларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун 98 нафар етук ва малакали шифокор, хусусан, 8 нафар тиббиёт фанлари доктори, 18 нафар тиббиёт фанлари номзоди, 7 нафар PhD ва 43 нафар олий тоифали шифокор самарали меҳнат қилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, биргина 2020 йилда марказнинг 24 нафар малакали мутахассиси томонидан ҳудудларда 512 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, 65 нафар беморга жойларда оператив муолажалар бажарилди.
Жумладан, 37 нафар беморда йирик бўғимларни эндопротезлаш, блокловловчи интрамедулляр остеосинтез, тизза бўғими касалликларини артроскопик усулда даволаш каби юқори технологик операциялар муваффақиятли амалга оширилди.
Мамлакатимизда тиббиёт тизимига қаратилаётган юксак эътибор туфайли сўнгги йилларда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг 4 та ҳудудий филиали ташкил этилди. Натижада, кўпчилик юртдошларимизнинг даволаниш учун вилоятдан пойтахтга келишларига сира ҳожат қолмади.
Хусусан, айни пайтда марказнинг Самарқанд, Наманган, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги филиалларида пойтахтдаги мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари, семинарлар, беморларни биргаликдаги кўрикдан ўтказиш ва операция қилиш амалиётлари мунтазам бажариб келинмоқда.
Ушбу ҳудудий филиалларда биргина 2020 йилда 340 га яқин юқори технологик операциялар муввақиятли амалга оширилди.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2020 йилда ҳудудий филиалларда 82 та йирик бўғимларни эндопротезлаш, 257 та БИОС каби юқори технологик операция муваффақиятли амалга оширилди.
Қолаверса, марказда ҳудудий мутахассисларни иш жойида мақсадли касбий амалиёт ўташи йўлга қўйилиб, 2018–2020 йилларда 29 нафар мутахассис юқори технологик операциялар бўйича ўқитилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.