Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 февраль куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижадорлиги танқидий таҳлил қилинди, дея хабар берилмоқда Prezident.uz сайтида.
Мамлакатимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўла туриб, узоқ йиллар бу имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланилмади. Туризм ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмади, ҳамма ўз билганича фаолият юритиб келди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ сайёҳлик мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланди. Президентнинг 2017 йил 16 августидаги қарори билан 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Жорий йил февраль ойининг ўзида Президентнинг шу соҳага доир 4 та муҳим фармон ва қарори қабул қилингани давлатимизнинг туризм ривожига юксак эътиборидан далолат бўлди. Ушбу қарорлар билан соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, туризм салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди, ички туризмни янада ривожлантиришга кўплаб имтиёзлар, енгилликлар берилди.
Шавкат Мирзиёев туризмнинг иқтисодиётдаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, мамлакатимизда бу борадаги аҳвол ва соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигини бирма-бир таҳлил қилди.
Туризмни ривожлантириш қўмитаси ва унинг минтақавий тузилмалари штат бирликлари оширилгани, ҳудудларда туризм департаментлари ва бошқармалари, ҳоким ўринбосарлари лавозимлари ташкил этилгани мазкур ташкилотларнинг имкониятларини кенгайтирди.
Жорий йилнинг 10 февралидан бошлаб, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Туркия ва Исроилдан келаётган туристларга мамлакатимизда 30 кунгача визасиз бўлишга рухсат берилди. Бундан ташқари, 39 мамлакат фуқароларига виза бериш тартиби соддалаштирилди. 2018 йил 1 июлдан электрон визалар жорий қилинади.
Йиғилишда электрон виза тизимини белгиланган муддатда тўлиқ ишга тушириш, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда бу тизимни янада соддалаштириш ва хорижий туристлар келиши тартибини мунтазам енгиллаштириб бориш бўйича топшириқлар берилди.
Туристлар мамлакатимизга келгандан сўнг яшаш жойи бўйича 3 кун ичида рўйхатдан ўтиши зарурлиги уларга ноқулайлик туғдираётгани қайд этилди. Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.
Турист саёҳат қилиши, ички ишлар идораларида сарсон бўлмаслиги керак. Агар биз туризм ҳисобига иш ўринлари очамиз десак, туристга шарт қўйиш эмас, балки шароит яратишимиз зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис рўйхатга олиш тизимини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, бу масалани ички ишлар идоралари, меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, хусусий уйлар ва шу каби жойлаштирувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбурияти сифатида белгилаш, туристларни бундай ташвишдан холи қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда 2017 йилда Ўзбекистонга қарийб 2 миллион 700 минг турист ташриф буюргани айтилди. Бу кўрсаткич сифат жиҳатидан таҳлил қилиниб, қариндошларини кўриш, даволаниш, ўқиш ёки тижорат каби мақсадларда келаётганлар кўпчиликни ташкил этиши таъкидланди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда туризмнинг барча истиқболли йўналишларида сайёҳлар сонини кўпайтириш, туризм хизматлари реал экспортини 5 йил ичида камида икки баробар ошириш вазифаси қўйилди.
Туризм салоҳиятини оширишда авиақатновларнинг тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб сайёҳларнинг қарийб 60 фоизи энг қиммат эканига қарамасдан, ҳаво транспортидан фойдаланади.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясиниг бу борадаги сусткашлиги қаттиқ танқид қилинди. Авиачипталар нархини оптималлаштириш, янги рейслар очиш, транзит йўловчиларни ташиш имкониятини ошириш ва авиақатновлар географиясини кенгайтириш бўйича натижали иш олиб борилмаяпти.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси олдига қатор вазифалар қўйилди. Уларга мувофиқ авиакомпания тизимига замонавий маркетинг жорий этилади, дунё аэропортларида мавжуд бўлган махсус мосламалар, мобиль алоқа воситалари ёрдамида авиачипта сотиб олиш имкониятлари яратилади.
Чет эл тажрибасини ўрганиш асосида “Қарши” аэропортида “Очиқ осмон” режими жорий қилиниб, сайёҳларга кенг эркинлик яратилмоқда. Келгусида шундай тизим Андижон, Нукус ва Навоий аэропортларида ҳам қўлланади.
Йиғилишда қайд этилганидек, 30 кунгача виза олиш бекор қилинганидан кейин икки кун ичида Исроилдан Ўзбекистонга келиш учун июнь ойигача бўлган авиачипталар сотиб бўлинган. Шу боис виза режими бекор бўлган давлатлардан қатновлар сони оширилади, Тошкент шаҳридан ташқари Бухоро, Самарқанд, Урганч, Навоий ва Қарши шаҳарларига ҳам тўғридан-тўғри рейслар очилади.
Президент сайёҳларнинг кайфиятига таъсир қиладиган энг кичик жиҳатларгача эътибор қаратди. Аэропортлар залларидаги чироқлар хиралиги, паспорт назорати кабиналари тўлиқ ишламаслиги, узундан-узоқ сунъий навбатлар, такси хизмати кўрсатувчи хусусий автомобиль эгаларининг тартибсизлиги каби ҳолатларни яхшилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Туризмда мавсумий даврни узайтириш, кўрсатиладиган хизмат турларини кўпайтириш ва туризм инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилинар экан, меҳмонхоналарнинг асосий қисми Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида экани, туристлар оқими ошган даврда уларда ҳам жой етишмаслиги қайд этилди. Меҳмонхоналарни кўпайтириш, шу билан бирга, бу йўналишда хусусий жойлаштириш объектлари ва меҳмон уйлари ташкил этиш, тадбиркорларга ер ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Сайёҳлар ташриф буюрадиган масканлар ва автомагистрал йўллар бўйида санитария-гигиена шаҳобчаларини кўпайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Маданий мерос объектларига кириш тизимини такомиллаштириш, турникетлар, видеокамералар ва йўл кўрсаткичлари ўрнатиш, ахборот марказлари ташкил этиб, уларда туристларни қизиқтирувчи барча хизматларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда янги хизмат ва савдолар ташкил этиш орқали валюта тушумини кўпайтириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Хусусан, сувенирлар ишлаб чиқариш ва уларни махсус киоскларда сотиш, аэропортларда фаолият юритадиган “Дюти фри”, “Такс фри” тизимидаги савдо шаҳобчаларини туристик шаҳарларда ҳам очиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда автомобиль ижараси марказлари ва Wi-Fi зоналар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Қадимий шаҳарларда туну кун ишлайдиган сайёҳлик ҳудудлари, “Қадимий Бухоро” ва “Самарқанд сити” туристик зоналари ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.
Видеоселектор йиғилишида ички туризмни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Халқимиз, айниқса, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва кам таъминланган оилалар вакилларининг мамлакатимиз ҳудудларига саёҳатларини анъанага айлантириш, ташкилотлар касаба уюшмалари маблағларида саёҳат учун харажатлар улушини кўпайтириш юзасидан тавсиялар берилди.
Зиёрат туризми бўйича мамлакатимизнинг салоҳияти жуда юқори. Бу йўналишда зарур қулайликлар яратиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита таркибида Зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилди, Малайзия, Туркия, Индонезия каби давлатлар учун визасиз режим жорий этилди.
Йиғилишда бу борадаги имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани, бир қатор зиёратгоҳлар қаровсиз аҳволда экани қайд қилинди.
Юртимизда ислом дунёсида тан олинган алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжолар кўп, деди Шавкат Мирзиёев. Масалан, турли вилоятларда Нақшбандия тариқатини тарғиб қилган 12 уламонинг қабри бор. Биз ҳозир уларнинг 8 таси, яъни Бухородаги “Етти пир” ва Самарқанддаги “Хўжа Аҳрор Валий” зиёратгоҳларини обод қиляпмиз. Лекин Сурхондарёдаги Муҳаммад Зоҳид Бухорий, Аловуддин Аттор ва Қашқадарёдаги Муҳаммад Дарвеш, Муҳаммад Инганакий мақбаралари таъмирга муҳтож.
Шундан келиб чиқиб, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимларига ушбу қадамжоларни ободонлаштириш, уларга олиб борувчи йўллар ҳолатини яхшилаш, зиёратчилар учун барча шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Ўзбекистон туризм брендини хорижда тарғиб қилиш масаласи ҳам таҳлил қилинди.
Мамлакатимиз инвестиция, савдо ва туризм салоҳиятини ўзаро мувофиқлаштириб, ягона бренд остида реклама қилиш зарурлиги таъкидланди. Миллий телерадиокомпания ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги зиммасига Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кеча-кундуз тарғиб қилувчи, саёҳатга оид турли қизиқарли кўрсатувлар намойиш этиб борувчи халқаро телеканал ташкил этиш вазифаси юкланди.
Хориж давлатлардаги элчилар мамлакатимиз, миллий қадриятларимизнинг тарғиботчилари бўлиши, бунга чет элдаги ватандошларимиз ҳам ҳисса қўшиши зарурлиги таъкидланди. Туризм ривожи учун зарур шароитлар яратишга доир устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Соҳа мутасаддилари, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари ва жойлардаги раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.