Урганч шаҳар ҳокимияти ташаббуси билан узоқ йиллар фойдаланилмай қаровсиз ётган бино қайта таъмирланиб, Урганч тикувчилик мажмуаси ташкил қилинди.
Хотин-қизлар учун барча шарт-шароит яратилган ушбу корхона фаолияти «Обод маҳалла» дастури асосида йўлга қўйилди. Унга хориждан келтирилган замонавий 120 дона тикув дастгоҳлари ўрнатилди. 160дан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланди.
Бу ерда пальто, костюм турли кийим- кечаклар билан бирга турли хил кархоналар учун махсус иш кийимлари тикилади. Энг асосийси унумли ишлаб самарали дам олишлари учун барча имкониятлар яратилган. Хотин-қизларнинг маърифат хонаси газета-журналлар билан таъминланган. Чўмилиш ва сантехника хоналари замонавий талабларга жавоб беради. Мўъжазгина ошхона ҳам улар хизматида.
Урганч шаҳар ҳокими Шухрат Абдуллаев бизни корхона билан таништирар экан, иқтисодий соҳадаги барча чора-тадбирлар ва саъй-ҳаракатлардан мақсад мамлакатимиз президенти айтганидек халқимизни рози қилиш, аҳолини, хотин-қизларни иш билан таъминлаш эканини таъкидлади.
Технологик жараёнлар билан танишиб, маҳсулотлар сифатини кўздан кечириб. корхона ишчилари билан мулоқот қилдик.
Уллиева Саодатжон тикувчиликда катта тажрибага эга. У болалари ёшлиги учун уйда тикувчилик билан шуғулланган. “Бу ерга меҳнат стажига эга бўлиш учун бичувчи бўлиб ишга тушдим. Эндиликда болаларим катта бўлиб, ўзларини эплашади. Жамоа бўлиб ишлаш, тикувчиларга бўлган ғамхўрлик, бизларга барча шароитларнинг яратилгани кайфиятимизни ҳам кўтаради”, дейди у ўз ҳаётидан мамнун бўлиб.
Матёқубова Дилнавоз, Эшчанова Ойсаралар ҳеч қаерда ишлашмаган, рўзғор билан овора бўлишган, тикувчилик бўйича малакаси ҳам йўқ. Улар ҳам ишга олинди. “ Мен Зиёкор маҳалласиданман. Чеварлик сир-синоатини билмаганим учун Урганч тикувчилик оилавий корхонасида бир ой амалиёт ўтадим. Менга ўхшаган тикувчилик соҳасида тажрибаси бўлмаган кўплаб аёлларга шу ерда чеварликка ўргатилди”, дейди Эшчанова Ойсара
Урганч тикувчилик оилавий корхонасида узоқ йиллар ишлаб катта тажрибага эга бўлган Фароғат Саъдуллаева ушбу мажмуага раҳбар этиб тайинланди. ”Оилавий кархонамиз 96-сон имконияти чекланган интернат-мактабни ҳомийликка олган. Уларнинг қизларига чеварлик сир-синоатларини ўргатамиз. Ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишларига кўмаклашамиз. Янги кархонанинг ишчи аёлларининг тенг ярми “Ашхобод” маҳалласи хотин-қизлари бўлиб, биз уларни оилавий корхонамизда бир ойлик курсда ўқитдик. Биринчи марта ишга тушаётган аёлларга бу жуда катта амалий ёрдам бўлди. Оилавий кархонани бошқаришни қизим билан келинимга қолдириб, ўзим янги жойга ўтдим. Бу ердаги хотин-қизлар шогирдим, ўз фарзандим, опа-синглимдек бўлиб қолишди”дейди Фароғат Саъдуллаева.
“Ана шундай шинам корхоналарнинг мавжудлиги юртимиз аёлларини иш ва хонадонлар тўкислигини таъминлаш билан бирга мамлакат иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади”– дейди Урганч шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Мунаввар Омонбоева.
Кеча кархонани расмий равишда очиш маросими бўлиб ўтди. Унда Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрманов қатнашди.
Раъно ЗАРИПОВА
Элёр ПАЛВАНОВ олган суратлар.