UWWнинг белбоғли кураш турлари бўйича қўмита раиси Гентаутас Вилейта МОҚда меҳмон бўлди

0
141
марта кўрилган.
UWW (Бирлашган кураш дунёси) нинг белбоғли кураш турлари қўмитаси раиси Гентаутас Вилейта Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди. Мартабали меҳмонни МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов кутиб олди.
 
 «Кураш бизнинг миллий спортимиз ҳисобланади. Юртимизда спортнинг ушбу тури жуда ҳам ривожланган. Миллий олимпия қўмитаси ноолимпия спорт турлари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган. Қолган спорт турлари қаторида белбоғли курашни ҳам ривожлантиришда давом этамиз», — деди Жасур Матчанов.
 
Ўз ўрнида литвалик мутахассис яна бир бор Ўзбекистонга келганидан хурсанд эканлигини яшириб ўтирмади. Гентаутас Вилейта курашнинг юртимизда оммавий эканлигига алоҳида урғу берди.
 
«Албатта Олимпия спорт турларида медаль қўлга киритиш жуда яхши. Аммо, ўзбек халқи курашга жуда қизиқади. Бу ерда кўплаб мусобақалар ташкил қилганмиз. Унда кўплаб мухлислар томошага ташриф буюришади. Беллашувлар ҳақиқий ажиотажни юзага келтиради», — деди меҳмон.
 
Ундан ташқари Гентаутас Вилейта белбоғли кураш кўплаб мамлакатларда ривожланаётгани, жумладан, Эронда Наврўз байрамига бағишлаб ўтказиладиган мусобақада 3000дан зиёд спортчи иштирок этиши, томоша қилиш учун эса 100 мингдан ортиқ мухлислар келиши ҳақида гапириб ўтди. Дунё бўйича 200дан ортиқ миллий кураш турлари мавжуд эканлиги, уларни ривожлантиришда халқаро дзюдо федерацияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келинаётгани ҳам меҳмон томонидан қайд этиб ўтилди.
 
Бунга жавобан МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов ҳам дюдога кураш, белбоғли кураш спортчиларини жалб этиш тизими Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилаётганини алоҳида таъкидлади. Гентаутас Вилейта учрашув давомида белбоғли кураш 2024 йилги Олимпия ўйинлари дастурига киритилиши мумкинлиги ҳақида ҳам гапирди.
 
“Олимпия йўналишидаги яккакураш спорт турлари билан бир неча миллион одам шуғулланса, миллий яккакураш турлари билан дунёда миллиардлаб одамлар шуғулланишади. Хитой, Ҳиндистон, Покистон каби мамлакатларнинг ҳам ўз миллий яккакураш спорт турлари бор. 2024 йилда Парижда ўтказиладиган Олимпия ўйинларида белбоғли курашнинг аёллар ўртасидаги баҳслари ўйинлар дастурига кириши эҳтимоли юқори. Бунинг учун барча талаблар, меъёрий ҳужжатлар бизда тайёр. У катта эҳтимол билан юнон-рум курашидаги аёллар ўртасидаги баҳсларнинг ўрнини эгаллайди. 
Жакартада Осиё ўйинлари олдидан кўргазмали чиқишлар бўлади. Ундан сўнг эса турнир ташкил этилади. Ўша мусобақада ўзбекистонлик спортчиларни кўришдан хурсанд бўламиз” – деди сўзининг якунида UWW мутахассиси.  
 
Ўз ўрнида Жасур Матчанов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкилот билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини айтиб ўтди. «Белбоғли курашга муносабатимиз ижобий. Яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бу борадаги таклифларни албатта изчил ўрганиб чиқамиз», — деди МОҚ Бош котиби.
 
Учрашув якунида анъанага мувофиқ меҳмонга Миллий олимпия қўмитасининг махсус совғаси топширилди. Гентаутас Вилейта ҳам қабул учун миннатдорчилик билдирган ҳолда Жасур Матчановга белбоғли курашга атаб нашр қилинган энциклопедияни тақдим этди.
 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.