Уй-жойларга хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди

0
133
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Бугунги кунда мамлакатимизда 37 минг 402 та кўп қаватли уй, уларда 1 миллион 300 мингдан ортиқ хонадон бор. Бу уйларнинг 68 фоизига ширкатлар, 24 фоизига бошқарув компаниялари хизмат кўрсатади, 8 фоиз уйлар эса мулкдорлар томонидан умуман бошқарилмайди.

Уй-жой мулкдорлари ширкатлари 4 минг 430 та бўлиб, шундан атиги 1 минг 350 таси ёки 30 фоизи яхши ишлайди, холос. Қолгани ўрта ва оғир шароитда. Ўрганишларда аниқланишича, тўловлар бўйича тарифларнинг норентабеллиги, ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг эскиргани муаммоларга сабаб бўлмоқда. Кўп ширкатлар ўз вазифасини бажармайди, бунинг учун уларда кадрлар етишмайди. Оқибатда хонадон эгаларининг ширкат ва бошқарув компанияларига ишончи йўқолган. Бадалларнинг тўлиқ йиғилмаслиги туфайли дебиторлик қарздорлиги ошиб кетган.

Давлатимиз раҳбари кўп қаватли уйларда яшовчи одамларни қийнаб келаётган бу масалага эътибор қаратиб, хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш бўйича мутасаддилар олдига вазифа қўйган эди.  

Шунга мувофиқ, чет эллик мутахассисларни жалб этган ҳолда жойларга чиқилиб, аҳоли ва ширкатлар вакиллари билан фикрлашилиб, муаммолар чуқур ўрганилди. Хориж тажрибаси асосида кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Хусусан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Кўп квартирали турар жой фондини таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш, уни 35 фоиз республика бюджети, 35 фоиз маҳаллий бюджет ва қолган 30 фоизини мулкдорлар тўловидан жамғариладиган маблағлар ҳисобидан шакллантириш режалаштирилган.

Ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида бошқарув ташкилотлари ва ширкатларнинг электрон реестрини юритиш, ҳар бир кўп қаватли уйга алоҳида шахсий ҳисобрақам очиш, уйнинг хизмат кўрсатиш ҳудудини аниқ белгилаш, мулкдорларга ҳисобот бериш тартибини такомиллаштириш, ҳисоб-китобларга биллинг тизимини жорий қилиш мўлжалланган.

Шунингдек, янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилганидан кейин икки йил мобайнида қурувчи ташкилот бошқарувида бўлишини белгилаш, турар жойларни сақлаш ва ундан техник фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳам талаб этилмоқда. Бошқарув компаниялари ва ширкатлар ходимларини ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳам назарда тутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев соҳани тубдан такомиллаштириб, хизмат кўрсатиш бўйича замонавий тизим яратиш юзасидан топшириқлар берди. Кўп қаватли уйларни қуришдан олдин хизмат кўрсатишни ўйлаш, турар жойлар фонди ва ҳудудини оқилона сақлаш кераклигини таъкидлади.

Таъмирланадиган уй-жойлар қамровини кенгайтириш, бошқарув компаниялари ва ширкатлар учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди. Молия вазирлигига белгиланган чора-тадбирлар учун маблағ ажратиш вазифаси қўйилди.   

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.