Ватан  мустаққиллиги шодиёналари арафасида: Мансур Юнусов Қозоғистоннинг “Абай” медали билан тақдирланди

0
216
марта кўрилган.

Мансур Юнусовни талабалигидан танийман. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Тошкент шаҳар кенгашини жамоатчилик асосида бошқарганимда меҳнат фаолиятини шу ерда бошлаганди. Ўшанда шаҳар кенгашида  ишловчи партия ходимларининг аксарияти ёшлар эди.

Улар орасида Мансуржон ўзининг тиришқоқлиги, меҳнаткашлиги, изланувчанлиги билан ажралиб турарди. Мана шундан буён ўн олти йил ўтди. Ўтган давр ичида “устоз”  дея йўқлаб, маслаҳатлашиб туришни канда қилмади. Мен уни ютуқларини кўриб, кузатиб ҳамиша ишончимизни оқлаганидан хурсанд бўлардим.

Ўтган даврда Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва журналист, филология фанлари бўйича фалсафа доктори сифатида эл-юртга танилди.

Ёш ижодкор «Тонг саболари», «Тафаккур маржонлари», «Мангу лаҳзалар», «Кўнгил наволари» номли шеърий китоблар, монография ва услубий қўлланмалар муаллифлиги унинг тиришқоқлиги, кенг мушоҳада соҳиби эканлигидан дарак беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Мансур Юнусов яқинда  Қозоғистоннинг “Абай” медали билан тақдирланди. У ҳар сафар қувончларини улашади, янгиликларини тўлиб-тошиб гапиради. Узоқ суҳбатлашамиз. Бу сафар телеграмм орқали қувончини билдирди.

Мансур Юнусов 1982 йил Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. 2005 йил Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Ана шунда у партиямизга ишга келган эди. Партиямизнинг Собир Рахимов номидаги туман кенгашини ҳам бошқарди. (Бугунги Олмазор тумани).

2011-2017 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Маънавият ва маърифат” маркази бўлим бошлиғи, 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Давлат маслаҳатчи хизмати етакчи консултанти, 2018-2019 йилларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Ижро аппарати Маънавий-маърифий масалалар бўлими мудири, 2019 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси “Маънавият ва маърифат” кафедраси катта ўқитувчиси (PhD) сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Мансуржонни Ватан мустақиллигининг  30 йиллиги арафасидаги шодиёнаси — “Абай” медалига сазовор  бўлгани билан табриклаймиз.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.