16-20 февраль кунлари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида эркаклар, аёллар ва ёшлар ўртасида велоспорт бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди.
Ушбу қитъа биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари ҳам иштирок этдилар. Мусобақада велоспорт-трек йўналиши бўйича баҳсларда қатнашган ҳамюртимиз Муроджон Холмуродов бронза медали соҳибига айланди. Ҳамюртимиз баҳсларда жаҳон кубоги ғолиби Никита Панассенко (Қозоғистон) ва Осиё чемпиони Шунсуке Имамура (Япония) ларни ортда қолдиргани эътиборга молик.
Мусобақада биринчи ўринни Бирлашган Араб Амирликлари вакили Мирза ал Ҳаммади қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин гонконглик Чонг Кинг Лукка насиб қилди.
Ёшлар ўртасида Омниум баҳслари финалида бошқа бир спортчимиз Данил Евдокимов маррага иккинчи бўлиб етиб келди ва кумуш медаль соҳибига айланди.
Мусобақанинг олтин ва бронза медалларини Жанубий Корея ва Хитой Тайпейидан ташриф буюрган спортчилар қўлга киритишди.
Шунингдек, 18-19 февраль кунлари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Осиё Велоспорт Конфедерацияси(АСС)нинг Конгресси ўтказилди.
Конгресс давомида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Козим Ўринбойхўжаев Осиё Велоспорт Конфедерациясининг вице-президенти лавозимига сайланди.
Конгрессда Ўзбекистон 2019 йилги Осиё чемпионати мезбонлиги ҳуқуқини қўлга киритди. Ундан ташқари Осиё Велоспорт Конфедерациясининг навбатдаги Конгресси ҳам пойтахтимизда ўтказиладиган бўлди.
Маълумот учун: Велоспорт бўйича Осиё Чемпионати континентал мусобақа ҳисобланиб, илк бора 1963 йилда ташкил қилинган. У ўз ичига шоссе ва трек йўналишларини қамраб олади. Мазкур мусобақада қитъамизнинг 500 нафардан ортиқ велоспортчилари қатнашадилар.
Жавлон САЪДУЛЛАЕВ тайёрлади.