Халқ IPOси аслида нима?

0
72
марта кўрилган.

Кейинги пайтда IT (инфармацион технологиялар) кучайиб, барча соҳага кириб келмоқда.  IPO яъни Initial Public Offering  ушбу жараённинг бир кўриниши бўлиб, бирламчи оммавий таклиф деган маънони англатади. Компаниялар ўз акцияларини биринчи марта кенг жамоатчилик учун сотувга чиқаришини билдиради.

Халқ IPOси  деганда эса компания акциялари чет эллик инвесторларга эмас, биринчи навбатда маҳаллий аҳоли учун савдога қўйилиши назарда тутилади. Аҳолимиз сони, унинг молиявий саводхонлиги ошиб бораётганини ҳисобга олсак, ҳиссадорлар келишган ҳолда компанияларнинг бир қисмини миллионлаб улушларга бўлиб, чакана (ретаил) инвесторларга пуллаши – юз минглаб доллар “арзон пул”ни  олиб келади.

Ўзбекистонда Халқ IPOси  борми ўзи? Ўзбекистон тарихида биринчи марта “Кварс” АЖ 2017 йил декабрида “Тошкент” фонд биржасида IPO ўтказган. Шундан кейин “Жиззах пластмасса” АЖ ҳам акцияларини очиқ равишда фонд биржасига жойлаган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида давлат иштирокини қисқартириш, давлат активларини хусусийлаштириш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтириш, самарасиз ишлаётган ва истиқболсиз корхоналарни тугатиш юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2023-йил 24-мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сон қарори имзоланди. Қарорга мувофиқ: акция пакетлари “битта акция — битта лот” тамойили асосида халқ IPOсини ўтказиш тартибида оммавий савдолар орқали сотиладиган 40 та йирик корхоналар акциялари савдога чиқарилиши белгиланди.

Албатта, бу маҳаллий қимматли қоғозлар бозорининг илдамлашига туртки бўлади. Ўзбекистондаги капитал танқислиги кўпчилик ишбилармонлар ҳам, топ менеджерлар ҳам чуқур англайдиган ҳақиқат.

Ҳозирда “E-auksion” савдо платформасидан 1,5 млн.нафар фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Акцияларни сотиб олишда ““E-auksion” ” электрон савдо платформасида халқнинг барча қатламлари учун соддалаштирилган ва  тенг шароитлар яратилган. Маҳаллий инвесторларга ““E-auksion” ” электрон савдо платформаси, шу жумладан мобил иловаси орқали реал вақт режимида уларни идентификатция қилиш, инвестиция воситачилари билан шартнома тузиш ва депо ҳисоб рақамини очиш имконияти яратилади.

Акцияларни сотиб олиш учун электрон аризалар маҳаллий инвесторнинг ўзи томонидан ёки инвесторлар номидан ҳаракат қилувчи инвестиция воситачиси орқали берилиши мумкин бўлади.

Онлайн аукционлар якунларига кўра олди-сотди шартномалари қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиларининг савдо майдончаларидан ташқарида рўйхатдан ўтказилади ва унинг натижаси тўғрисидаги маълумот инвесторнинг шахсий кабинетига юборилади.

IPOлар сармоя қилувчи одамлар учун нима беради? IPOлар ортидан йирик, даромадли ва барқарор компанияларни танлаб, уларнинг акцияларини сотиб олиш одамларга пул йиғиш имкониятини беради. Ўзбекистонда пул одатда чорва моллари, АҚШ доллари ёки тилла буюмлар кўринишида йиғилади. Ёки банкка депозит қилиб қўйилади. Банк депозитлари йилига қайта молиялаш ставкасини ҳисобга олган ҳолда омонатларни фоизи билан тўлайди. Бироқ акцияларга узоқ муддатга пул тикишда мураккаб даромад деган имконият бўлиб, бизнес ривожланиши, улушларга бўлган талаб ошиши туфайли инвестициялар экспоненциал (шиддатли, тўхтовсиз) ўсиб бориши мумкин.

М.Ишчанов, “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ Хоразм вилоятининг ҳудудий вакили     

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.