ХАЛҚ СЎЗИ-ҲАҚ СЎЗИ

0
513
марта кўрилган.

Халқимизда ана шундай гўзал ибора бор. Шунингдек, яна “тўғри сўзнинг тўқмоғи” деган матал ҳам бор.  Тўғри сўзни айтишга ҳамманинг ҳам журъати етавермайди.  Чунки, тўғри сўзни айтиб калтак еганлар қанча!   Шунинг учун Фуқаролар қабулхонаси ташкил этилгани айни муддао бўлди. Халқ дардини айтиб кирадиган  эшик давлатимиз раҳбари номидан тинглайдиган мутахассисларнинг борлиги мамлакатимиздаги ҳар бир кишини бағоят хурсанд қилмоқда. Халқ қабулхонаси ташкил этилиши билан бирга  қабулхоналар етакчилигида ишчи гуруҳлари тузилиб, уларнинг  ҳар бир хонадонга кириб фуқароларнинг дардларини тинглашаётгани, масалаларнинг, муаммоларнинг ечимини биргаликда топишга ҳаракат қилинаётгани янада аҳолини хурсанд  қилиб, дардлари енгиллаштирмоқда.

 Мен ҳам ана шундай гуруҳга қўшилишим лозимлигини таъкидлаб, пойтахтдан Фарғона вилояти Ўзбекистон туманига йўллашди.

Ўзбекистон туманига ҳеч бормаганман. Қўйлуқдаги вилоятга йўл оладиган машиналар тўхташ жойига келиб, йўналишни айтганимда, “Президент қабулхонасиданмисиз, Яйпангами, ундай бўлса арзимаган бўлса ҳам скидка қиламиз, халқ дарди билан кетаётган экансизку”,-дейишди шофёрлар.  Мамлакатдаги янгиликлардан аввало йўлда юрувчи шофёрлар хабардор бўлишади.  Фуқаролар қабулхоналари амалга ошираётган эзгу ишларни халқ тан олаётганининг мисоли бўлгани учун  ушбу суҳбатни киритдим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва холисона ҳал этишга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон туманининг   Тангоб қишлоғидаги Файзиобод ва Фаровон маҳаллаларидаги тадбирларда қатнашдим. Менга маъқул келгани Тошкентдан борган вакиллар  туман  мутахассислари билан бирга юриб муаммоларни маслаҳатлашиб,   ўз ўрнида, ўз вақтида ечилаётгани  ва назорат дафтарларига қайд қилиб қўяётгани эди.

Хонадонма хонадон кириб юрганимизда рўпарамиздан бир амаки чиқиб, “бу йигит Тошкентданми?” деб сўради. Маҳалла оқсоқоли бошини чайқаб тасдиқлади. Менда ҳам ечимини топа олмаётган муаммо бор. Мени уйимга навбат келганида айтаман дея, гуруҳимизга қўшилиб олди. Ниҳоят у фуқаронинг эшиги олдига, саранжом-саришта ҳовлига етиб келдик. У ердан  қишлоқларга хос бўлган таниш ифор, янги узилган нон ҳиди уфуриб турарди. “Бу мени уйим қани меҳмонлар супага чиқинглар” – дея юмшоқ кўрпачалар, оппоқ дастурхон ёйилган мўъжазгина супага фарғонача мулозамат билан чорлади. Аёли ва келинларига қараб, иссиқ нон билан қаймоқ келтиришни буюрди. ”Аввал бир пиёла чой ичсангизлар хурсанд бўлардим, кейин  дардимни айтаман”, -дея туриб олди. “Қаймоқ-у қатиқлар ўзимизнинг мини фирмамиздан. Президентимизнинг қишлоқ тадбиркорларига, фуқароларнинг ўз томорқаларидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор бераётгани аҳолининг фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.” деди у миннатдорчилик оҳанггида. Суҳбат орасида унинг бир умр ишчи пайвандчи мутахассис бўлиб ишлаганлиги, томорқасидан унумли фойдаланиб, рўзғорига керак барча нарсани етиштиришини билиб олдик.  Файзиободлик Мамасоли Кимсановнинг дарди халқнинг дарди экан.

У  шундай деди: Қишлоқ йўллари ўнқир-чўнқир на машина юра олади, на пиёда. Айниқса, ёғингарчилик кунлари янада аҳоли қийналади. Бу ҳақида беш йилдан бери турли ташкилотларга ёзаман, пойтахтга ҳам хат жўнатганман. Бироқ натижа йўқ.  Шу масалани ечиб беришингизни сўрайман”. Мурожаатингизни олиш учун пойтахтдан келиб,  ҳузурингизла турибмиз-да, дедик биз.  Бу масала шу ернинг ўзида мутахассислар билан бирга ўрганиб чиқилди. Шикоят эьтиборга олинди ва назорат дафтарига қайд қилинди.  Бир кун ўтиб телефоним жиринглаб қолди. “Сизларга раҳмат, масала ҳал бўлди. Маҳалламизнинг ички йўлларини текислаш ва асвальт қилиш ишлари 2019 йил   режасига киритилганини маълум қилиб, аҳолининг розилигини сўраб келишди. Орзуим эътиборга олингани учун рахмат. – Деди файзиободлик  Мамасоли Кимсанов.

“Ушбу миннатдорлик фуқаролар қабулхонаси ташаббусининг соҳиби мамлакатимиз Президентига тегишли. Уларни дуо қилаверинг”.- Дея жавоб қилдим.

Ушбу қишлоқдан Мансуржон Ҳамдамов  қишлоққа ўтган электр линиясининг тирговичлари (тахта столбалар) чириганлиги ва улар экинзорлардан,  ҳовлилар ичидан ўтганлиги,  уларни йўл ёқасига кўчириб, тартибга солиш ва ёритгичлар қўйилишни илтимос қилди. Бу масала ҳам ўз ўрнида ҳал этилди. Айни кунда  бу муаммо бошқа қишлоқларда ҳам мавжудлиги, шунинг учун Тошкентдан Фарғонага кўплаб ёритгичли столбалар жўнатилганлиги, унинг бир қисми Файзиобод маҳалласига ҳам тегишли эканлиги таъкидланди.

 Тангоб қишлоғидаги Файзиобод ва Фаровон маҳаллаларидаги муаммолардан яна бири бу ичимлик сувининг шўрлигидан аҳоли шикоят қилди. Улар сувни тиндириб исътемол қилишар экан. Биз билан бирга юрган туман мутахассислари ўттиз километр узоқликда ичимлик суви борлиги  уни бу маҳаллага ҳам тортиб келиш лойиҳаси устида ишланаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, кимларнингдир уйида сувни тозалаб берадиган асбоб- ускуналар мавжудлиги,  сув қувури тортиб келишдан кўра, сув тозалагич ускуналари  қуриш арзон бўлса, балки бу йўлдан фойдаланиш маъқулдир, деган таклифни ҳам билдирдик.  Бу масала ҳам назоратга олинди.

 Бу қишлоқдан бир пайтлар табиий газ қувури ўтган экан. Бироқ, ҳозир у ишламаяпти.  Ушбу табиий газ қувури ишламаётганлигини билган ҳолда баъзибир хонадонларга қарздорлик ёзилган бўлиб, уларга баллонли газ берилмаётганидан шикоят қилишди. Фуқаронинг айби ўз вақтида ариза ёзмаганлиги экан. Бу масалалар ҳам ўз ўрнида туман газ идораси вакиллари иштирокида ҳал этилди.

Вафохўжа  Йўлдошев  афғон уруши қатнашчиси. У қишлоқ бўйича биргина байналминал жангчи бўлиб, эътибор йўқлинидан шикоят қилди.  Бу масала ҳам “Соғлом авлод учун” фондининг туман бўлимига ва Ёшлар Иттифоқининг туман бўлими зиммасига юклатилди. Ахир ёшлар унинг ҳикоясини тингласа уруш нималигини англаб, тинчликнинг қадри баландлигини ҳис қилишмайдими! Зеро, мамлакатимиз Президенти “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” сўзини бекор ишлатмаганлар.

 Шунингдек, Тангоб қишлоғидаги Файзиобод ва Фаровон маҳаллаларида яшовчилар маош олиб ишлайдиган  корхона йўқлиги борасида ҳам шикоят қилишди. Улар орасида тикувчилик касбининг эгаси эканлигини, бироқ, тикув машинаси йўқлигидан шикоят қилиб, уни сўровчилар ҳам кўп бўлди.

 Бизнинг таклифимиз: тадбиркорлар шу ерда тикувчилик фабрикаларининг бўлимларини ёки касаначилик йўналишини очишса мақсадга маъқул бўларди.  Буни ташкил этиш, албатта, туман раҳбарларига ва тадбиркорларни жалб эта олишларига  боғликдир.

 Энг асосийси пойтахтдан келган вакиллари-у туман мутахассислари билан ҳамкорликда кўпгина муаммоларга аниқлик киритилди, у назоратга олинди. Албатта, уларнинг орасида бир кунда ҳал бўладигани ҳам  ҳал бўлмайдигани ҳам бор. Энг асосийси туман ва вилоят раҳбарларининг назоратига тушди. Умид қиламизки, президентимиз айтганидек раҳбарлар ўзини қийнаб ишлашларига тўғри келади.

Бу муаммолар ҳал этилса, обод қишлоқлар сафига яна бир маскан қўшилиши юртимиз янада чирой очиб, халқимиз юртдан, эл раҳбарларидан рози бўлиши тайин!  Зеро, мамлакатимиз раҳбари ҳам жойлардаги раҳбарларга қарата аввало, одамларни рози қилинглар деган сўзларни бежиз айтмаганлар. Дарҳақиқат, халқ қабулхоналари  давлат билан аҳоли ўртасида кўприк  бўлмоқда.

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.