Халқаро меҳнат ташкилотининг COVID-19 ва меҳнат соҳаси масалалари бўйича Глобал саммити иштирокчиларига табрик

0
87
марта кўрилган.
 
 Муҳтарам давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

Ҳурматли Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори!

Глобал саммит иштирокчилари!

Ўзбекистон Республикаси номидан Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори жаноб Гай Райдерга саммитни ташкил этгани учун чуқур миннатдорчилик билдираман.

Йил бошидан буён COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият жаҳон миқёсида кун тартибидаги энг муҳим масалага айланди. Дунёда коронавирус инфекцияси тарқалишининг салбий оқибатларини бевосита ёки билвосита ўз бошидан ўтказмаган бирорта мамлакат ёки минтақа қолмади.

Ҳеч шубҳасиз, бу ва бошқа глобал таҳдидларни самарали енгиб ўтиш учун аввало ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатлар зарур. Мазкур Глобал саммит – ана шундай маслаҳатлашув учун қулай майдон бўлиб хизмат қилади.

Пандемия шароитида иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш билан бирга аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳаётий муҳим аҳамиятга эгадир. Бу Халқаро меҳнат ташкилотининг Юзйиллик декларациясида мустаҳкамлаб қўйилган ижтимоий адолатни таъминлаш борасидаги вазифаларга тўла жавоб беради.

Ташкилот конвенцияларини миллий қонунчилик ва амалиётга имплементация қилиш, жумладан, Халқаро меҳнат нормаларини қўллашда кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистонда уч томонлама ижтимоий мулоқотни ривожлантиришга кучли туртки берди.

“Трипартизм плюс” тамойилига мувофиқ, пандемия даврида инқирозга қарши чора-тадбирларни ишлаб чиқиш жараёнида бизнес, касаба уюшмалари, нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик фаол иштирок этмоқда. Бу – инқирозга қарши дастурларнинг муваффақиятли равишда амалга оширилиши, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишнинг кафолатидир.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Пандемия барқарор халқаро муносабатларни ривожлантиришда бир қатор муаммолар борлигини ва бундай фавқулодда вазиятлар бўйича глобал стратегик режа мавжуд эмаслигини кўрсатди.

Шу муносабат билан биз БМТ шафелигида Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари ҳақидаги халқаро кодексни қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз.

Бизнинг фикримизча, ушбу кодексда давлатларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида ўз фуқаролари ва халқаро шериклари олдидаги минимал шартлари ва мажбуриятлари акс этиши лозим.

Биринчидан, биз чеклов чоралари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши сўзсиз кафолатланган ҳолда, фақат вақтинчалик характерга эга бўлишига ишонамиз.

Бундай чоралар хавф-хатарлар даражасига мос бўлиши, халқаро, айниқса, тиббий маҳсулотлар савдосига, шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирларга тўсиқ бўлмаслиги керак.

Иккинчидан, пандемиянинг тез тарқалиши тизимли, барвақт ва самарали профилактика чораларини кўриш зарурлигини кўрсатди. Жумладан, касаллик юзага келган ҳолларда соғлиқни сақлаш хизматлари зиммасига ҳаддан ортиқ юк тушишига йўл қўйиб бўлмайди.

Бу биринчи галда эпидемияни прогноз қилиш, касаллик тарқалишининг эрта босқичида уни жиловлаш, оқибатларини кескин камайтириш бўйича чораларни қамраб олади.

Учинчидан, пандемия меҳнат хавфсизлигини таъминлаш муҳим эканини яна бир бор тасдиқлади. Бу масала касаллик билан курашнинг энг олдинги сафларида чинакам қаҳрамонлик кўрсатаётган соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг фаолияти билан бевосита боғлиқдир.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги муносабатлар жадал ва изчил тарзда ривожланиб бормоқда.

Халқаро Меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдернинг 2018 йил Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича қабул қилинган “Йўл харитаси” муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Икки йил муқаддам Ташкилот жамоасининг қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистонда муносиб иш ўринларини яратишга кўмаклашиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида Иш берувчилар конфедерацияси тузилган эди.

Ўзбекистоннинг Ташкилот конвенциялари ва тасвияларига қўшилиши ва уларни имплементация қилиши республикамизнинг халқаро меҳнат меъёрларига амал қилиш тарафдори эканини яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистоннинг қатъий сиёсий иродаси туфайли ва Халқаро меҳнат ташкилотининг фаол қўллаб-қувватлаши билан мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича салмоқли ютуқларга эришилди. Ташкилот шафелигида учинчи томонлар ўтказаётган мониторингни юксак баҳолаймиз.

Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги муносабатлар бугун ривожланишнинг сифат жиҳатдан янги босқичига кўтарилди. Биз конструктив мулоқот ва амалий шерикликни янада кенгайтириш тарафдоримиз.

Умид қиламанки, бугунги Глобал саммит ҳам ушбу эзгу мақсадга хизмат қилади.

Барча иштирокчилар фаолиятига муваффақиятлар тилайман.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.