Халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоровга Президентимиз совғаси топширилди

0
230
марта кўрилган.

Шахмат бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиби, халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоровга Президентимиз совғаси топширилди. 

Шу муносабат билан Шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов ва бошқалар мамлакатимизда спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, жаҳон майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир истеъдодли спортчиларни тайёрлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 июндаги «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 10 августдаги “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорлари соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Бугун юртимиз спортчилари нуфузли спорт анжуманларида – жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида юқори натижаларга эришиб, Ватанимиз довруғини бутун дунёга тараннум этмоқда. 

Буни ёш шахматчимиз Жавоҳир Синдоров мисолида ҳам кўриш мумкин. Тўрт ярим ёшидан шахмат билан мунтазам шуғулланиб келаётган Жавоҳирнинг эришган ютуқларига жаҳоннинг етакчи шахматчилари ҳам ҳавас қилади. У 2012 йил Ҳиндистонда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлди. 2013 йил Эронда шахмат бўйича 18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. 

2014 йил Грецияда мактаб ўқувчилари ўртасида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Жавоҳир Синдоров бирйўла иккита олтин медални қўлга киритди. Бразилияда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ҳам олтин медалга сазовор бўлди. 2015 йил Таиланднинг Паттайя шаҳрида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида яна шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 2016 йил Россияда ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медаль билан тақдирланди. 

2017 йилги спорт мавсуми ҳам шахматчимиз учун муваффақиятли бўлмоқда. Жавоҳир апрель ойида пойтахтимизда шахмат бўйича 8-18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида иккита олтин медални қўлга киритди. 

– Жавоҳир жуда тиришқоқ ва меҳнаткаш шахматчи, – дейди унинг мураббийи, халқаро гроссмейстер Марат Жумаев. – У билан деярли ҳар куни беш-олти соатдан машғулот ўтказамиз. Жавоҳирнинг бугунги кунда эришаётган натижалари келажакда янада катта ютуқларни қўлга киритишига ишонч бағишлайди. 

Яқинда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтган Халқаро шахмат федерацияси – ФИДЕнинг 88-Конгрессида ёш шахматчимиз Жавоҳир Синдоровга халқаро шахмат устаси унвони берилгани эълон қилинди. 

Жаҳон ва Осиё чемпионати ғолиби, халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоров Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий ноутбук (Macbook) билан тақдирланди. 

– Президентимизнинг биз ёшларга кўрсатаётган улкан эътибор ва ғамхўрлигидан миннатдормиз, – дейди Жавоҳир Синдоров. – Халқаро майдонда эришаётган ғалабаларимиз мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор туфайлидир. Президентимизнинг совғаси мени янада юксак марралар сари руҳлантиради, келажакда халқаро гроссмейстер талабини бажаришимда яқин кўмакдошим бўлади. 

 

 

Байрам Айтмуродов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.