Халқлар дўстлиги – юрт тинчлиги ва тараққиёти кафолати

0
437
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига”  йўллаган табрикномасини ўқиганимда журналистик фаолиятимда ўзим суҳбатлашган турфа соҳаларда ишлаб, Ватанимиз тараққиётига, тинчлигига муносиб ҳисса қўшиб келишаётган корейс миллатига мансуб фидойи кишилар кўз олдимдан ўтди. Жумладан, унда шундай дейилади: “Меҳнатсеварлиги, қатъий иродаси, аҳиллиги, интизоми, ерга меҳри билан, дунёқарашимиз ва маданиятларимиз ўхшашлиги туфайли корейслар Ўзбекистон тимсолида иккинчи Ватанини топди ва унинг муносиб фарзанди, кўп миллатли Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига айланди, ҳурмат-эътибор қозонди. Халқимиз шундай юртдошлари билан фахрланади… Мамлакатимизда катта обрў-эътибор қозонган 283 нафар корейс миллатига мансуб юртдошимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган”. 

Дарҳақиқат, Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилди. Айни кунда у қўмитага айлантирилди. Ушбу ташкилот  чорак асрдир-ки, халқлар дўстлигини улуғлаб,  юртимиз фуқароларининг бирдамлигига, аҳиллигига, Ватанимиз тинчлигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Айни кунларда мамлакатимизда 130дан ортиқ миллат вакиллари дўстона умригузоронлик қилмоқда. Мамлакатимизда ташкил этилган турли миллат вакилларининг миллий маданият марказлари ўз фаолияти билан ҳам бу ишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улардан бири Корейс миллий маданият марказидир.

Мамлакат президенти тилга олган Корейс миллий маданият маркази аъзоларидан бири Хивадаги Меҳрибонлик уйи директори, Ўзбекистон қаҳрамони Вера Пак. У узоқ йиллардан бери етакчилик қилаётган Хива Меҳрибонлик уйи мамлакатимиздаги энг қадимий масканлардан бири  ҳисобланади. Икки –уч йил аввал ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбияловчи ушбу муассаса замонавий коттеж типидаги янги масканга кўчиб ўтди. Ўз қадриятлари ва анъаналарига эга бу даргоҳ  “Энг яхши Меҳрибонлик уйи”, “Энг яхши Меҳрибонлик уйи тарбиячиси” кўрик танловларининг  республика босқичи ғолиби бўлишга  эришган. “Энг меҳмондўст  Меҳрибонлик уйи”, “Энг яхши таълим-тарбия дастурини ишлаб чиққан Меҳрибонлик уйи” каби йўналишларда ҳам совринлар олишга муяссар бўлган. Уларнинг битирувчилар билан олиб бораётган ишлари, ўқувчиларнинг олий ўқув муассасаларига ўқишга кириши, янги жойга мослашиши, касб танлаши, умуман уларнинг ижтимоий интеграцияси масалалари халқаро форумларда ҳам  оммалаштирилган. Албатта бу ютуқларда мамлакатимизнинг ғамхўрлиги ва Ўзбекистон қаҳрамони Вера Пакнинг фидойилиги уйғунлашган.

Корейс миллатига мансуб мен суҳбатлашган яна бир аёл  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач Светлана Цой. У халқ билан мулоқотни афзал биладиган ва инсон манфаатларини олий қадрият деб ҳисоблайдиган заҳматкаш, фидойи кишилардан. Халқ билан мулоқатни хуш кўрувчи хусусияти уни элга танитди. Оддий врачликдан вилоят бошқармасининг бошлиғи даражасига кўтарди. “Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига етакчилик қилганимда халқимизнинг бағри кенглигини, дўстона самимиятни қадрлашини янада яқиндан ҳис этдим. Мен Ватанимиз билан, кўп миллатли аҳил яшаётган халқимиз  билан фахрланаман”,- дейди у.

Унинг  ўзбекча бемалол гапираётганини юртга меҳр, дўстлик тимсоли деб тушиндим. Бу айни ҳақиқат эди. Мамлакатимизда  бўлгани каби Хоразм вилоятида ҳам кўпгина миллатлар аҳил яшайди. Барининг – маҳаллий халқ билан тўйи бир, азаси бир. Рус мактабида таҳсил олган Светлана Цойни фақат  зоҳирий кўриниши ва фамилиясидангина бошқа миллатга мансублигини сезиш мумкин. Ундан ўзбек тилини қайда ўргандингиз дея сўраган эдим. “Албатта, маҳаллада” дея жавоб қайтариб шундай деди: “Маҳалла деганда ўзбек халқининг миллий қадриятлари, тўкин-сочин хонадонлар, эзгулик, меҳр-оқибат уйғунлиги кўз олдимизга келади. Бизнинг маҳаллаларимиз тажрибасини бутун жаҳон ўрганса арзийди. Ундаги инсонийликка, бир-бировнинг дардини, ташвишларини ҳис этиш фазилатларига эътибор беринг: Тўй эгаси маросимни бошлашдан олдин биринчи кимларни йўқлайди? Аввало қўша-қариган, фариштали қарияларнинг ҳузурига иккита иссиқ нон олиб кириб, оқ фотиҳа олади. Сўнгра, ётган касалларни йўқлайди. Маҳаллада азадор бўлса, кириб кўнгил сўраб, тўйга розилик олади. Унинг ҳаққи ҳурмати мусиқани баландлатмайди. Олийжаноблик оддий туйғулардан бошланади. Меҳр-муҳаббат, эътибор кимни қувонтирмайди?! Бу қадриятлар республикамизнинг ҳар бир маҳалла ва қишлоғида мавжуд. Мен ана шундай ўзбек маҳалласида улғайдим. Бундан хурсандман. Маҳалла кучли мулоқот воситаси, мулоқот бўлса, инсон бир-бирини тушиниб боради ва меҳр қўяди”.

Бир  неча йил аввал АҚШ Президенти Клинтоннинг рафиқаси Хиллари Клинтоннинг китоби ўзбек тилига ўгирилди. Уни қизиқиб, ўқиб чиқдим. Унинг мазмун-моҳиятида бир-бирини қадрлаб, бир-бирига меҳр оқибат кўрсатиб, гўзал қўшничилик асосида, худди бизнинг маҳаллалардагидек  яшаш тарзи орзулиги ёзилган эди. Китобда катталар ўртасида, қўни-қўшнилар орасида меҳр-оқибат  кучайтирилса, бола тарбияси ҳам яхши бўлиши таъкидланади.  Бу бизнинг маҳалла-ю, қишлоқларимизда қадриятга айлантирилган урф-одатдир. Дунёнинг энг ривожланган давлати ҳисобланган АҚШ турли миллат вакиллари маҳаллага уюшиб аҳил яшашни орзу қилаётган экан, бизда эса у аллақачон шаклланиб бўлган. Бу уюшма бизга, минг-минг йиллар қаъридан келаётган гўзал анъана, миллий қадриятдир.

Хоразм вилоятининг узоқ Гурлан туманида Гулистон қишлоғи бор. Бу ерлик ўзбек аёллари корейсча салат тайёрлашни жуда яхши билишади. Мактабини сўрасангиз, қишлоқимизда корейс оилалари кўп биз бир-биримиздан кўп нарсани ўрганамиз,  деб жавоб беришади.  Бу ерда туркман нусха гулли пайпоқлар тўқишни ҳам хуш кўришади. Ўзбек хонадонлари бешбармоқ пиширишни ҳам қойиллатишади. Чунки, бу қишлоқда ўзбек, туркман, қозоқ, корейс миллатига мансуб кишилар бир-бирининг миллий қадриятларини улуғлаб яшашади. Ўзбек муаллималари корейс болаларига дарсдан бўш вақтларида математикадан сабоқ беришса, корейс миллатига мансуб муаллималар корейс ва рус тилини ўргатишади. Урганч туманидаги Чандирқиёт қишлоғида  туркман мактаби бор. У ерда сабоқ олган болалар, йиллар ўтиб ўзбек мактабида дарс бераяпти. Ўзбек тилида сабоқ олиб, туркман тилида дарс бераётган муаллималар ҳам бор. Урганч туманининг Чолиш қишлоғида эса 2та қозоқ мактаби мавжуд. Бу ерда ҳам худди шу манзарани кузатиш мумкин. Чунки улар ёнма-ён яшаб бир-бирининг тилини ўрганиб олишган.

Светлана Цой нафақага чиқишлан олдин Тошкентдаги нуфузли шифохоналардан бири– Республика педиатрия ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида бош врач бўлиб ишлади. У пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутат бўлиб фаолият олиб борардим.  Сайловчиларимдан бири қизини ишга жойлаш масаласида илтимос билан мурожаат қилди.  Шу муносабат билан телефон қилиб, устозлик қилишни илтимос қилдим. “ Менинг ҳам тиббиёт соҳасидаги устозим ўзбек бўлган.  Ўзбек халқининг устоз- шогирдлик анъаналарини қадрлайман. Айтаётган қизингизни танийман. Суҳбатлашган эдим. Бизда бўш ўринлар йўқ, Бироқ, бошқа тиббий масканга жойлаштиришга ҳаракат қиламан, деб ваъда бергандим. Суриштирдим. Тошкент вилоятининг қишлоқ поликлиникасида  бўш ўрин бор экан. У ерни чекка жой деб маъқул кўрмаслиги мумкин. Бироқ уни шунга кўндириш керак. У ерда халқ ичига киради, турли хил дард билан оғриётган беморларни қабул қилиши тажрибасини орттиради ва масъулиятини кучайтиради. Ўзим ҳам дастлаб ана шундай жойда ишлаганман. Илмли- билимли қиз ҳар қандай жойдан ёриб чиқади”,-деди. Дарҳақиқат, олима қиз Светлана  Цойнинг маслаҳатини олиб, у ерга бориб, элга сингиб кетди, ҳар куни одамлар билан мулоқат қилиб, ҳам ҳаётий ҳам тиббий тажриба тўплаб, обрў-эътибор топди. Халқ билан мулоқот қилишнинг афзаллигини, бу усул бошқагагина эмас, ўзига ҳам ёрдам беришини шу  иккала тиббиёт ходими мисолида кўрдим.

Мазкур йилни мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев  “халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари” йили деб эълон қилди. Бу юртимиз одамларига маъқул келди.

Зеро, инсон халқ ичига кирмагунча, унинг дардига ҳамдард бўлмагунча дўстона муҳитни ҳам, ўзлигини ҳам топа олмаслигини  ана шу жафокаш инсонлар тақдирида ҳис қилдим.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.