Хаёл дарёсининг кенгликлари

0
325
марта кўрилган.

Очеркимнинг қаҳрамони – мўътабар аёл, филология фанлари доктори, профессор Гуландом Боқиева билан  қизи Шаҳло Боқиева туфайли танишдик. Ушбу танишувга ўн саккиз йил тўлди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиясининг 2001 йилги ғолиблари ҳақида “Соғлом авлод” газетасига мақола тайёрлаш мақсадида улардан бирини таҳририятга таклиф қилдим. Фахрли стипендия соҳибаси Тошкент Давлат тиббиёт институтининг “Қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари кафедраси аспиранти Шахло Боқиева билан ана шунда  биринчи бор учрашдик.

У билан суҳбатимиз натижасида ”Ёш олима ва ёш она” сарлавҳали мақола  2001 йил саккизинчи март байрамига бағишланган 10-сониимизда чоп этилди.

Шаҳло Боқиева билан суҳбатлашиб ўтириб юртимизда ўз қарашлари, ўз ғоялари билан шаклланиб келаётган салоҳият ва иқтидор соҳибасиини кўрдим. Ёш олима давлатимизнинг юксак мукофотига “Синиутларда микроамоциркуляциянинг ўзгаришлари ва уларнинг ёшга боғликлиги ва даволаш усулларини такомиллаштириш” мавзуидаги илмий изланишлари билан сазовор бўлганди. Ўшанда  аспирант қизнинг салоҳияти, сийрати ва суҳбатларидан ҳайратланган эдим. У илмий иши юзасидан Тернопулда бўлиб  ўтган Ёш олимлар конгресида маъруза қилган ва у иштирокчиларда ёрқин таассурот қолдирган бўлиб, маъруза юқори баҳоланган эди. Мавзу матни халқаро илмий ишлар тўпламидан ўрин олгач, ёш олимага Санк-Петербургдан ҳам  таклифнома келган эди. Бўлажак олима ўша пайтда Санк-Петербургда бўлиб ўтадиган ”Потофизиологиянинг актуал муаммолари” мавзуидаги халқаро  конференцияга  тайёргарлик кўраётганди.

Илм ва оила аравасини бирдек тортиш ёшгина олимага осон дейсизми?! Ушбу саволни берганимизда, “устозларим, қолаверса оилам, турмуш ўртоғим Анваржон, фарзандларим – Ҳилолахон ва Сарваржонлар менга куч-қувват бағишлайди. Яхши биласиз, аёл киши  болалари  оиласи билан тўкис” деган эди у.

Ўшанда ёш олиманинг сиймосида Мустақил Ўзбекистоннинг келажакдаги илмий салоҳиятини, улкан дарёларга туташган ирмоқлардек оқиб келаётган илм соҳибасини кўрдим. Ўшанда сийрати сувратидек гўзал ва мунис бўлажак олиманинг ота — онаси билан қизиқдим.  “Отам тадбиркор, онам  Ўзбекистон  Давлат Жаҳон тиллари университетида ўқитувчи” дея жавоб қилди. Онасига телефон қилиб эзгу — тилакларимни билдириб қўйиш кўнглимдан ўтди.

 Ахир она учун фарзандининг камолини, ютуқларини кўришдан ортиқ бахт борми?! Бироқ,  бош муҳаррирлик, ижодий ишлар билан кўмилиб кетиб, телефон қилишни унитиб қўйдим.

 Ўша йили 11-12 май кунлари  мамлакатимиз пойтахти Тошкентда Иккинчи Чақириқ  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бешинчи сессияси бўлиб ўтди. У пайтларда сессия орасида мамлакатимиз президенти матбуот анжуманини ҳам ўтказиб олардилар. Кўпгина бош муҳаррирлар қатори бизнинг газетамизни ҳам таклиф қилишди.

 Газетанинг 2001 йилги  20-сонида  “Парламент иродаси-халқ иродаси” бош мақоласини бердик. Парламентга  борганимда депутат Ойнисо Мусулмонова мени депутат ва  Ўзбекистон давлат  жаҳон тиллари университети  халқаро алоқалар бўйича проректор, филология фанлари доктори  Гуландом Боқиева билан таништирди.

– Шахло Боқиеванинг онаси эмасмисиз?– сўрадим. Тасдиқ олгач, дедим: –Тасодифми ёки бу тақдирми, билмайман, бироқ телефон қилиш ниятида юргандим. Жуда бахтли она экансиз. Шунча мартаба ва илмий унвонларингиз бир ён  салоҳиятли фарзандингиз борлиги бир ён. Қизингиз билан фахрлансангиз арзийди. Ҳаракатчан, тиришқоқ, илмли қизингиз юртимизнинг фахри экан.

 Дарҳақиқат, маънавий ва ахлоқий гўзаллик, диёнат, меҳр- оқибат, билимдонлик  каби инсоний фазилатлар  ўз-ўзидан келмайди. Ҳаммасининг заминида тарбия ётади. Балоғат имконлар фасли! Дадил ва очиқ фикрлашга ростгўй ва журъатли бўлишга  ундовчи гўзал бир палла! Ана шу даврда онадан  кўп куч талаб этилади.

Оналар учун, айниқса илм йўлини танлаган оналар учун  ўз йўлини  ёритиш билан бирга ўз қароғини Ватан келажагининг кузгуси сифатида тарбиялаш эса осон вазифа  эмас. Ёш олима билан танишганда, шунча куч-қувватни қайдан олган экан, деб ўйлагандим. Унинг онаси Гуландом Боқиева билан танишиб, суҳбатлашганимдан кейин туғилиб ўсган маскани оиласидан, онасидан, меҳнаткаш отасидан  олганлигини англадим. Оилавий меҳр ардоғида ўсиб улғайган қиз ана шундай ютуқларга эришади, деган хулосага келдим. Ахир қуш уясида кўрганини қилади дейдику халқимиз.

Шахло Боқиевага умидли ёшлардан бири дея оқ йўл тилаганимиздан буён ўн саккиз йил ўтди.  Шахло Боқиева айни кунда тиббиёт фанлари доктори,  профессор, Тошкент тиббиёт академиясида факультет декани бўлиб фаолият юритаяпти.

Биз нега Гуландом Ҳисомовна ҳақидаги мақоламизни айнан қизидан бошладик.  Чунки, ҳар қандай аёл аввало она, рафиқа. Унинг оналик ҳиссиётлари, оналик куйинчаклиги  натижаси фарзандлари камолатида акс этади.  Бу эса юзлаб дарсликлар, қўлланмалар монографиялар муаллифи бўлган Гуландом  Ҳисомовнанинг яна бир гўзал фазилатидир. Чунки, омад осмондан тушмайди. Унинг тагида меҳнат, тинимсиз изланиш, игна билан қудуқ қазигандек машаққатли, захматли фаолият  ётади.

Гуландом Боқиева Республика рус тили ва адабиёти педагогика институти аспирантурасини тугатиб, номзодлик илмий ишини ёқлаганида худди қизидек ёш эди. Тадқиқотларини давом эттириб, Низомий номидаги педогогика институтининг докторантурасида ўқиб докторлик унвони соҳибаси бўлганида ҳали эндигина қирқни қоралаганди. Шундан буён 25 йилдан ортиқ давр ўтди. Ўзи устоз мақомига етди. Ўнлаб ёш олимларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилди. Ўз фаолиятини институтда лаборантликдан, оддий ўқитувчиликдан бошлаган олима  меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги, ўз салоҳиятини мунтазам юксалтириб боришга интилгани  туфайли эл назарига тушди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси иккинчи чақириқ депутати сифатида элга муносиб ҳизмат қилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик  палатасига депутат бўлганимда олима билан  партияда бирга ҳамкорлик қилиб, жамоат ишларини бажариб,  янада яхшироқ танишиб олдик. Олима Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси кенгашининг аъзоси эди. Партия тадбирларида фаол қатнашар, ўз ташаббуслари билан барчанинг  эътиборига сазовор бўларди.  Алишер Навоийнинг таваллуди айёми билан университетда партиямиз томонидан талабалар билан учрашув ташкил этилди. Олима у пайтда университетда илмий ишлар бўйича проректор эди. Тадбирга Суйюма опа Ғаниева билан бордик. Тадбирни университет ректори очиб берди.  Мен ҳам аллома асарларида соғлом авлод тарбияси мавзуида маъруза қилдим. Гапираётиб залга қарасам талабалар орасида ўтириб маърузаларга диққат билан қулоқ тутиб ўтирган эканлар. Ўшанда у кишининг яна бир хусусиятини – камтарлигини,  ёшлар орасида бўлиб уларнинг кўнглини топишга интилишини англадим. 

Олима ҳалқаро ишлар бўйича проректор бўлиб ишлаганида университетда  талабалар учун инглиз тили, немис тили, француз тили корейс тили марказларини ташкил қилди.  Элчихоналар орқали у марказларни асбоб — ускуналар билан жиҳозлаб, таржимачилик бўйича талабаларнинг маҳорат мактабини ташкил қилди. Мамлакат ўртасидаги ҳамкорликларга муносиб ҳисса қўшди.  Бу марказлар ёшларнинг ижодий ҳамкорлиги ва  талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказадиган масканга айланган эди. У пайтларда комьпютерлар кам бўлиб, ушбу марказларда ўндан ортиқ комьтерлар интернет билан уланган эди.  Ҳозир ҳамманинг уйида компьютер, қўлида телефон барчаси интернетга уланган. Бемалол жаҳон аҳли билан мулоқот қилса бўлади. Бироқ, мустақилликнинг илк йиллари компьютер ва интернет деган нарсалар бизнинг халқимиз учун, айниқса вилоятдан келган талабалар учун янгилик эди. Айни кунда мамлакатимиз президенти ўзбек адибларининг асарларини хорижий тилларга таржима қилишни кучайтиришга алоҳида эътибор беряптилар. Ушбу марказлар ўша пайтда-ёқ таржимонлик  фаолиятларини бошлашган эди.

Ушбу марказлар талабаларнинг билимини, илмини, маънавиятини юксалтиришга, айниқса тилни, замонавий информатикани янада чуқур эгаллашига асосий эътиборни қаратди. Элчихоналар орқали марказлар хорижий мамлакатларнинг китоб -у дарсликлари билан таъминлади.

Педагог-олима сифатида Гуландом Ҳисомовна олий ўқув юрти ўқитувчи ва талабалари учун 100дан ортик дарслик, қўлланма, монографиялар ёзди. Шогирдлари билан уч тилли  изоҳли луғатлар тузди.  Кейинги беш йилда чоп этилган китобларининг рўйҳатини кўздан кечирар эканман, кўнглим алланечук фахрга тўлди. Бу китоблар орқали тассуротларим янада бойиди. Бу китоблар инсоннинг машаққатли меҳнати, тақдиридир, эртанги кун болалари учун эса чарақлаган зиёдир, нурдир.

Масалан, А.Абдуазизов, Н.Қамбаров билан ҳамкорликдаги “Actual Problems of Comparative Typology A Manual for Master’s Department” ўқув қўлланмаси, М.Ирисқулов билан ҳамкорликдаги “Structural Linguistics”дарслиги, М.Дадахаджаева ҳаммуаллифлигидаги “Deutsch-integriert-1” дарслиги, С.Новикова, С.Зияева ҳаммуаллифлигидаги “Deutsch-integriert-2” ва “Deutsch-integriert-3”, С.Абдуллаева, Л.Холияров ҳаммуаллифлигидаги “Deutsch-integriert-4” дарсликлари  зарурат мавжудлиги учун зудлик билан 2014 йилда яратилди.

Шунингдек, шу йили М.Нишонов, З.Абдушукурова, М.Убайдуллаев, В.Назаров ҳаммуаллифлигидаги олий ўқув юртлари учун  француз тилидан тўрт томлик дарсликлар яратилди. Худди шундай дарсликлар ҳаммуаллифликда  испан тилида ҳам яратилди. 2015 йилда ана шундай дарсликлардан 8 таси талабалар қўлига етиб борди. 2017 йили эса талабалар учун 17та ҳаммуаллифликда дарсликлар яратилди.

Жумладан,  юридик фанлари доктори Фарруҳа Фахриддинова ҳаммуаллифлигида “Қонун тилининг ўзбекча-русча-инглизча луғати” қонунчилик соҳасида ишлаган йилларининг самарали натижаси бўлди.

Шуниндек, “Осонлаштирилган арабча-ўзбекча-инглизча луғат” каби кўплаб китобларнинг яратилишида нафақат ташаббускор, ҳаммуаллиф балки уларни тизимлаштиришда жонбозлик кўрсатди.

Кейинги беш йилда чоп этилан дарсликлар қўлланмалар, луғатлар 56 тани ташкил қилади. Ўзининг тинимсиз изланишлари, илмий китоблари, луғатлари билан касбдошлари, талабаларнинг беминнат дастёрига айланган, уларнинг қалбига зиё нурини таратган, меҳр билан шогирдлари қалбига шуъла сочган Гуландом Боқиеванинг фаолиятини қанча алқаса, ардоқласа арзийди.

Мақсуд Шайхзоданинг гўзал тўртлиги гўё олимага нисбат бериб ёзилгандек.

Шеърият диёрин шоирларимиз

Ҳар уй, ҳар кўнгилга байтлар бўлсин ёр.

Элга дастёр бўлса шеърларимиз,

 Демакки, умримиз ўтмабди бекор.

Ҳа. Бугунги кунда бу луғатлар, қўлланмалар нафақат илм олами, балки тил ўрганишни истовчи ҳар бир зиёлининг дастёрига  айланган. Бу китоблар минглаб-минглаб  илму урфон олами одамларининг қалбини нурлантириб, эзгуликлар улашиб турибди. Мен бу китобларни хаёл дарёсининг ўзанлари, хаёл дарёсининг кенгликлари дегим келади. Сувсиз яшай оладими инсон?! Нур улашувчи китобларсиз ҳам яшаши амри маҳол.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида “Аҳил оила мактаби”  лойиҳаси асосида тайёрланди.

 

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.