XIII Халқаро анжуман иштирокчиларининг дил сўзлари

0
197
марта кўрилган.

Аввал хабар берганимиздек, Урганч шаҳрида “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро анжумани бўлиб ўтмоқда.

Бугун анжуманнинг иккинчи иш куни. Мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона муассасаларининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ва халқаро тажрибалар ўрганилмоқда, ўзаро фикр алмашилмоқда. Бир сўз билан айтсак анжуман маҳорат мактабига айланди. Анжуман иштирокчиларининг дил сўзлари ҳам буни тасдиқлаб турибди.

Шоҳида Хаджаева –Ўзбекистон Давлат концерваторияси ахборот ресурс маркази раҳбари : Бизнинг фондимизда 280 минг бир юздан ортиқ дарсликлар, ўқув қўлланма, нота асарлари, бадиий адабиётлар сақланади. Бундан ташқари ноёб адабиётлар ҳам мавжуд. Ресурс марказимиздаги китоблар талабаларнинг чуқур билим эгаллашига катта ёрдам бермоқда.

Халқаро анжуман моҳияти Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббуснинг тўртинчисига, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ғоясини ўзида ифодалайди.

Ўзбекистонда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш мақсадида таълим муассасалари кутубхоналарини адабиётлар билан бойитиш, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг аудио вариантларини яратиш, электрон китоблардан фойдаланиш, кутубхоначилик соҳасида миллий ва халқаро тадбирларни ташкил этиш сингари муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббус асосида китобхонликни янада оммалаштириш, кутубхоналар фондини бойитиш юзасидан кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ана шулар ҳақида маърузалар тинглаяпмиз, тажриба алмашаяпмиз, бир биримиздан ўрганамиз.

Бизга ана шундай шароит яратиб бераётган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу ерда кўрганларимиз, эшитганларимиз келгусида албатта, ўз самарасини беради. Шунга ҳаракат қиламиз.

Моҳидил Назарова – Тошкент тиббиёт академияси ахборот ресурс маркази раҳбари: Бу йилги конференция бизда жуда катта таассурот қолдирмоқда. Кутубхона соҳасида 30 йиллик тажрибага эга бўлсамда, халқаро конференцияда иштирок этишни ҳар йили интиқлик билан кутаман.

Конференциянинг ҳар йили турли вилоятларда ўтказилади. Ундан мақсад ўша ҳудуд ахборот-кутубхона соҳасининг  янада ривожланишига туртки беришдир.  Анжуман соҳа мутахассисларининг  ўз устида мунтазам ишлаш лозимлигига ўргатади, китобхонлар олдида масъулиятли бўлишга ундайди.

Биз учун маҳорат мактаби бўладиган бу анжуманда фаолиятимиз  учун керакли бўлган маълумотларга эга бўлиш билан бирга китобхонликни тарғиб қилиш ва китобхонларга хизмат кўрсатишнинг янги усул ва услубларини  ўрганиб оламиз. Чет эллик мутахассислар билан биргаликда тажрибалар алмашилди. Ўрганганларимизни ўз ишхонамизда жорий қиламиз.

Мазкур халқаро конференция ахборот-кутубхона ресурсларини такомиллаштириш соҳасида янги босқични бошлаб беради.

Дилрабо Сатторова – Сурхондарё ахборот кутубхона маркази  библография бўлими мудири: Халқаро конференцияда китоб ва китобхонлик, Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси UzNEL дастурининг ишлаш жараёни, МДҲ ва хорижий давлатлар йирик кутубхоналари билан ҳамкорлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу менга иш фаолиятимда жуда қўл келади.

Масалан, UzNEL дастури асосида ишлашни ўргатишгани маъқул келди. Биз ҳам шу пайтгача ўз кутубхонамизда 60 та китобни  электрон вариантини яратган эдик.  Бизга ўргатилган UzNEL дастури асосида китобларнинг электрон дастури яратилганда ишларимиз янада мукаммал бўлар экан.  Бу эса китобхонларга китобларимиз заҳирасидан фойдаланишда қулайлик яратар экан ва уларга осон топиб олиш имкониятини беради.Ахборот-кутубхона ресурсларидан масофадан туриб фойдаланишни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.

Хуллас бу ерда ҳар бир ходим ўз вазифасига оид ишларни ўрганаяпти. Мен учун улуғвор маҳорат мактаби, тажриба алмашиш учун катта майдон бўлди.  

Яна гўзал ва қадимий Хоразмга бўлган саёҳат мени янада рухлантирди.  Маданий-маърифий тадбирлар ҳам катта тассурот қолдирди.  Ишлаш билан бирга кўнгилли дам ҳам оляпмиз. Бу эса бизнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади. Янада самарали ишлашга масъулият юклайди.

Раъно ЗАРИПОВА, анжуман иштирокчиси

Мафтуна РЎЗИМАТОВА, анжуман иштирокчиси

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.