Урганчда “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII халқаро конференцияси ўзининг биринчи иш кунини якунлади.
Бугун, 24 апрель куни Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида XIII халқаро конференциясида 10 дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган халқаро экспертлар, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар, нашриётлар, архивлар, музейлар раҳбарлари ва мутахассислари, олимлар, таълим муассасалари ўқитувчилари, АКТ мутахассислари, жамоат арбоблари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Халқаро конференцияни Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов кириш сўзи билан очди ва анжуман иштирокчиларини табриклади. Ҳоким ўз сўзида Хоразм вилоят ахборот-кутубхона маркази жаҳон стандартларига монанд қайта таъмирланаётгани, унга 4,1 миллиард маблағ ажратилгани, куни кеча Гурлан туманининг Гулистон қишлоғида «Наврўз» маҳалла кутубхонаси очилганини, умуман ушбу соҳадаулуғвор ислоҳотлар амалга оширилаётганини мисоллар ёрдамида таъкидлади.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Аваз Хожиметов сўзга чиқди ҳамда халқаро экспертларга Ўзбекистонда соҳага қаратилаётган эътибор, шу жумладан, Агентлик томонидан китобхонликни оммалаштириш, китоб тарғиботи, кутубхоналар ва ахборот ресурс марказларини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
«Мазкур халқаро конференция ахборот-кутубхона ресурслари соҳасида янги босқични бошлаб беради, – деди Аваз Хожиметов. – Бу ерда дунёнинг ривожланган мамлакатларидан профессионал мутахассислар иштирок этаётгани маҳаллий мутахассисларга жуда асқотади».
Тадбирда Ўзбекистонда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга оид Президент қарори қабул қилингани ҳамда ушбу қарор ижроси бўйича таълим муассасалари кутубхоналарини адабиётлар билан таъминлаш, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг аудио вариантларини яратиш, “Библиобус”лар фаолиятини йўлга қўйиш, QR-кодлар ёрдамида электрон китоблардан фойдаланиш, маданий мероснинг рақамли келажагини яратиш каби муҳим ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
«Давлатимиз раҳбари илгари сурган бешта ташаббус асосида китобхонликни янада оммалаштириш, кутубхоналар фондини бойитиш юзасидан мисли кўрилмаган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, – деди Аваз Хожиметов. – Ишонаманки, ушбу халқаро конференция ўзаро фикр ва тажриба алмашиш майдони, кутубхона тизимини замонавий асосларда ривожлантириш, китобхонликни тарғиб қилиш ва ташкил этишга хизмат қилади».
Халқаро конференцияда, шунингдек, АҚШнинг Калифорния штатига қарашли Орегон кутубхонасининг иқтисодий фонди ижрочи директори Меррис Сумралл, Беларус Миллий кутубхонаси директори Роман Мотульский, Покистондаги Гордон ҳукумат кутубхонаси вакили, профессор Ариф Наушахи, Россия Фанлар академияси Давлат оммавий илмий техник кутубхонаси Сибир бўлими илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Наталья Редькина ва бошқа халқаро экспертлар халқаро конференциянинг аҳамияти, унда муҳокама этилаётган мавзуларнинг долзарблиги ҳақида сўз юритди.
Анжуманнинг биринчи кунида “Библиотека 4.0” – хизмат кўрсатиш кутубхонасининг келажак модели”, “Контентлар тизимини бошқариш имкониятлари: Ахборот саводхонлигини ошириш ечимлари ва кутубхона дастурлари”, “Илмий янгиликлар агрегатори таҳлилий тадқиқотлар учун ахборот ресурси ва база сифатида”, “Рақамлаштирилган коллекциялар электрон тўпламларни ташкил қилиш шакли сифатида: Президент кутубхонаси тажрибаси”, “Ўзбекистон Республикасида кутубхона ва ахборот соҳасининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Бугун ялпи мажлисда конференция иштирокчилари маърузалар тинглаб, саволларига жавоблар олишган бўлса, эртага шўъбаларга бўлиниб, маҳорат дарсларида тажриба алмашишади.