Хитой Халқ Республикаси делегацияси учрашувлари

0
171
марта кўрилган.

Умумхитой дўстликка кўмаклашиш ассоциацияси раиси Чэнь Чжимин бошчилигидаги Хитой Халқ Республикаси делегацияси мамлакатимизга келди, дея хабар берилади gov.uz. сайтида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида 17 декабрь куни делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. 
 
Қўмита раиси Р.Қурбонов меҳмонларга мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган сиёсат тўғрисида маълумот берди. 
 
Чэнь Чжимин Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқалар ва яқин шериклик барча йўналишлар бўйича муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашаётганини таъкидлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларга юксак баҳо берди. 
 
Учрашувда 2019 йилга мўлжалланган ҳамкорлик, унинг доирасида киберхавфсизлик соҳасида экспертлар алмашиш, халқ дипломатияси ва жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлаш бўйича малака оширишни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. 
 
Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов билан учрашувда «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасида ҳамкорликда яратилаётган янги имкониятлар юзасидан фикр алмашилди. 
 
Чэнь Чжимин Тошкент вилояти Буюк ипак йўли шаҳарлари уюшмасига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинганини таъкидлади. Ушбу уюшма Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган 43 хорижий шаҳар ва вилоят ҳамда Хитойнинг 6 шаҳридан иборат. Вилоят раҳбариятига тегишли сертификат топширилди. 
 
Тошкент шаҳри ҳокимлигида бўлиб ўтган мулоқотда биродар шаҳарлар – Тошкент ва Шанхай ўртасида 25 йилдан буён давом этаётган муваффақиятли ҳамкорлик хусусида сўз юритилди. Ушбу санани нишонлаш доирасида қатор маданий тадбирлар уюштириш режалаштирилган. Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳам Буюк ипак йўли шаҳарлари уюшмасининг сертификати топширилди. Икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва истиқболлари муҳокама қилинди. 
 
Делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Давлат бошқаруви академияси ректори Р.Қосимов билан учрашди. Дўстона мулоқотда Ўзбекистон билан Хитой муносабатларининг тарихий илдизлари, бугунги ҳолати ва истиқболи юзасидан фикр алмашилди. 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.