“Хива тонги” газетаси 90 ёшда: ДАВР ТАЛАБИГА МОС ВА ХОC

0
292
марта кўрилган.

Ҳаёт билан ҳамиша ҳамқадам фаолият кўрсатиб келаётган журналистларимиз  мамлакатимизда  ижтимоий иқтисодий, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва спорт соҳасида беқиёс ўзгаришларни ўз вақтида оммавий ахборот воситаларида изчил ёритиб келмоқдалар. Айнан журналистни қалам  тебратишга  даъват қиладиган нарса бу- унинг ҳаётда ва теварак-атрофда кўрган- кечирганлари, кузатганлари бўлади.

“Хива тонги” газатасининг ташкил қилинганига  тўқсон йил тўлибди. Босиб ўтилган долғали ва оловли йилларга назар ташлайдиган бўлсак, албатта журналистлар учун “бу майдон ичра туриш” осон бўлмаганлигини, ҳар бир даврнинг ўзига хос  талаблари ва машаққатлари, қувончу ташвишлари турганлигини кўришимиз мумкин.  

Айниқса, мустақилликдан сўнг газета саҳифаларида инсон эрки ва фаровонлиги, тараққиёт  йўлидаги янги қадамлар, қадриятларимизнинг қайта бўй чўзиши, янги ташаббус ва  сўз эркинлиги ўз аксини топди.  Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти, юрт тинчлиги, фаровонлиги йўлидаги бунёдкорлик ишларини  ёритишга бўлган  рағбат энг аввало ижодкорлар  юрагида Ватан туйғусини баланд қўйди.  Шу жиҳатдан   “Хива тонги” газетаси жамоаси ҳам  ижтимоий, иқтисодий  ҳаётни акс эттирувчи асосий восита сифатида жамият тараққиётида муҳим вазифани бажариб келмоқда.

“Хива тонги” газетаси таҳририятида вилоят журналистикасининг ўзига хос мактаби шаклланган. Жамоада юксак малакали, тажрибали ижодкорлар ишлаётгани, устоз-шогирд анъаналари давом қилаётганини алоҳида таъкидламоқ керак. Таҳририятда узоқ йиллар Полвонназар ака  Машарипов, Шукуржон опа Тоҳирова, Олимжон ака Бекчанов,  Абдулла Сафаев,  Бардибой Жуманиёзов,  Роҳатой Аминова ва бошқалар фаолият  юритишган.  Меҳнат фахрийлари Ҳайитбой Салаев,  Шержон Машарипов, Отабек Исмаилов,  Бипошша Жуманиёзова, ота-ўғил  Комилжон ака ва Шавкат Собировлар, Манзура Бекчанова,  Хиромон Юсуповалар  айни пайтда ҳам  таҳририят билан  ҳамкор, ҳамфикрлар.  Ҳозир эса Шоҳруза Матёқубова,  Дилмурод Машарипов,  Жуманазар Йўлдошев,  Насиба Абдуллаева,  Сабоҳат Қурбановалар  самарали меҳнат қилмоқдалар.

Кундалик ҳаётимиз, унинг барча қувончли, шу билан бирга, машаққатли, оғир томонлари матбуот ва оммавий ахборот воситаларида ўзининг қанчалик холисона акс этар экан, албатта  жамиятимизда шунчалик адллик,  тўғрисўзлик, ҳалоллик тамойиллари қарор топади. Бугун матбуотимизда айнан ана шундай ёндошувларнинг гувоҳи бўляпмиз.

Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки,  оммавий ахборот воситалари майдонида рақобат кучайган ва ҳар бир таҳририят янгича ишлаш, буткул янгича услубият йўналишда кўпроқ аудиторияни жалб этиш мақсади билан ижодий ёндашмоқда. Газеталарни саҳифалаш ва рукнларни жойлаштиришдан тортиб, саҳифа материалларининг ранг-баранг кўринишиларини яратиш масаласида ҳам бугун янгича ёндошувлар керак. “Хива тонги” ана шу майдонда собитқадамлик билан бормоқда. Ўз ўқувчиларини топишга ҳамиша, ҳамма даврларда ҳам ҳаракатлар бўлган. Аммо бугун замон талаби бошқача. Интернет глобаллашуви жараёнларида сўзининг харидорини топиш осон эмас. Аммо таҳририят жамоасининг оғзибирчилиги, ижодий ёндошувлари  барча қийинчиликларни енгишда асосий омил бўлмоқда.

XXI аср — ахборотлашув асри сифатида оммавий ахборот воситалари фаолиятига ўзига хос мазмун ва шакл берди. Айниқса, бозор иқтисодиётининг асосий қонунларидан бири рақобат  бошланганда аудиторияни ўзига жалб қилиш, маълумотларни тез ва ишончли тарзда етказиб бераолиш ҳар бир оммавий ахборот воситасининг асосий мақсадига айланди. “Хива тонги”  давр талабига мос ва хос равишда ижод қилиб, ўзининг қадрли ўқувчилари меҳр-муҳаббатини қозонмоқда. Зеро, халқ ўзи хоҳлаган оммавий ахборот воситаларидан ўзи учун керакли бўлган ахборотларни танлаб олиш имкониятларига эга бўлаётган бир замонда “Хива тонги” ўз сўзига, ўз мавқеига эгалиги билан ҳам алоҳида таҳсинларга лойиқ. .

Тўқсон йилдан бери мунаввар тонгларни қаршилаётган жонажон  “Хива тонги” газетамиз хонадонларимизга ҳамиша хурсандчилик ила кириб келаверсин. Ижодий жамоага саломатлик, тинчлик-тотувлик, улкан омадлар ёр бўлсин.

 Дилбар БЕКЧАНОВА,   Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот  ва оммавий коммуникациялар Агентлиги  Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.