Хивада байрам давом этмоқда

0
160
марта кўрилган.
Аввал хабар берганимиздек, Урганч – Хива темир йўл йўналиши ва “Хива” темир йўл вокзалининг тантанали очилиш маросими кўтаринки кайфиятда давом этмоқда.
 
Шу муносабат билан тадбир иштирокчиларининг фикрлари билан қизиқдик.
 
– Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши, энг аввало, йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш сифатини оширади, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти вагон кузатувчиси Бахтиёржон Зокиржонов. – Авваллари йўловчиларимиз бир ярим кун деганда пойтахтдан Хивага етиб келган бўлса, эндиликда 14-16 соатда манзилига эсон-омон етиб келмоқда. Муҳими, поезд вагонларида кўрсатилаётган хизматлардан барча мамнун.
 
– Тошкентдан Хоразмгача бўлган саёҳатимиз жуда мароқли бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Алишер Турдиев. – Бутун йўл давомида поезд ишчи-хизматчилари бизга жуда сифатли сервис хизматларини кўрсатишди. Айниқса, тантанали очилиш маросимида жасорат ва мардлик сиймоси Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги театрлаштирилган саҳнани томоша қилиб, барчамиз шундай буюк юрт фарзандлари эканлигимиздан яна бир бор ифтихор ҳиссини туйдик.
 
– Ўтган йили Хивага 60 минг сайёҳ келган бўлса, жорий йилда уларнинг сони икки баробарга ошди, – дейди вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Тимур Давлетов. – Жорий йилнинг шу даврига қадар 110 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди. Айниқса, темир йўлнинг Хива шаҳригача етиб келганлиги тарихий шаҳарни Бухоро, Самарқанд ва Тошкент каби йирик сайёҳлик марказлари билан бевосита боғлаб туради. Бу сайёҳлар учун ҳам кўплаб қулайликлар яратади.
 
А.Мусаев, А.Шокиров, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.