Хоразм вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулсара Қурбанбаева: Аёл рози бўлса, оила бахтли, жамият  тинч бўлади

1
2276
марта кўрилган.

Гулсара Аҳмедовна, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишларда хотин-қизлар фаолияти катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларга кўнгилдагидек  яшаш ва меҳнат шароитларини яратиб беришга алоҳида эътибор берилмоқда.

 –  Жуда тўғри айтингиз. Муҳтарам Президентимиз ҳар доим ўз нутқларида, шунингдек,  Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳам хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларини янада кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлайдилар.  Қўлга киритилган ютуқларга қарамасдан республикамизда ҳалигача оғир турмуш шароитларини бошдан кечираётган  аёллар бор.  Уларни  иш билан таъминлаш, уларнинг турмуш  шароитларини яхшилаш энг муҳим вазифалардан бири. Зеро, аёл рози бўлса, оила бахтли, жамият  тинч бўлади.

Бу йилги қабул қилинган давлат дастури ҳам ўтган йилнинг мантиқий давоми сифатида юртимизнинг янада тараққий топиши, тадбиркорликни янада ривожлантириш,  инвестициявий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини яратиш,  тинч-осойишталикни асраш, обод ҳаёт, тўкинлик, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, шунингдек, аёлнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш масалаларида ўз ифодасини топган.  Дастур асосида амалга ошираётган ишлар самарали бўлаётганлиги биз каби элимизнинг ҳар бир кишисини қувонтиради.

Дарҳақиқат, ўтган йили 29 декабрда ҳукуматнинг  “Хоразм вилоятида аёллар турмуш шароитини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, оғир турмуш шароитларидаги оилалар, улардаги хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик  ва моддий ёрдам  кўрсатиш,  оилалардаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича компекс чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.  Ушбу дастур ижросини таъминлаш мақсадида Марказий банк вилоят бўлими, савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси,  Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, “Тадбиркор аёл”, Ҳунарманд” уюшмалари, “Оила” маркази, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа ташкилотлар билан  ҳамкорликда аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида сўровномалар,  суҳбатлар ва  учрашувлар, скрининг текширувлари,  ва тиббий кўрик ўтказилди.

Бугунги кунда вилоятимиз хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги, тадбиркорлик йўналишидаги фаоллиги тобора  ўсаётганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Ўтган йил давлат ишларидаги раҳбар аёлларнинг ўрни  18 фоиздан 24 фоизга, депутатлар 21 фоиздан 29 фоизга, тадбиркор аёллар 17 фоиздан 35 фоизга, турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари совриндорлари 37 фоиздан 46 фоизга ўсди.

  – Бугун хотин-қизларнинг тадбиркорлик йўналишидаги фаолиятига назар ташласак, бу борада улар қўлга киритаётган муваффақиятлар оилаларнинг тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга хизмат қиляпти, десак муболаға эмас. Муҳтарам Президентимиз кўп маротаба таъкидлаётганларидек, битта ишчи ўрни очилса, бунинг эвазига унинг оиласидаги 4-5 нафар  аъзоси баҳраманд  бўлади. Оиланинг иқтисодий аҳволи янада яхшиланади, жамият ривожланади.

– Фикрингизга қўшиламан. Ўтган йили Ўзбекистон хотин-қизлар жамоат фонди томонидан аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини яхшилаш, иш билан таъминлаш мақсадида  123 нафар аёлга 1 млрд. 962 минг сўмлик кредит маблағлари ажратилдди.  2019 йилнинг январь ойи ҳолатига эса 90 нафар тадбиркор аёлга  1 млд 500 млн. сўм кредит берилди. 62 та цех, 656 та иш ўрни яратилди. “Устоз-шогирд” анаъаналарига кўра  206 нафари ҳунармандчилик, 145 нафари  касаначилик асосида иш фаолиятини бошлади.

 Яратилаётган иш ўринларига биринчи навбатда кам таъминланган оилаларнинг аёллари, ногиронлар ҳамда таълим муассасаларининг битирувчилари иш билан таъминланди.

  Масалан, ўтган йили вилоятимизда  касб-ҳунар коллежларини тугатган 13174  нафар қизларнинг 424 нафари  олий ўқув юртларига ўқишга кирган бўлса, уларнинг 8514 нафари ишга жойлаштирилди. Битирувчиларнинг 6194 нафари  мутахассислиги бўйича  иш билан таъминланди.

   Ўтган йили бўш иш ўринлари учун ўтказилган 122 та ярмаркада 7475 нафар аёлнинг 2829 нафари ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари 4646 нафар иш қидирувчи аёлларга меҳнат қонунчилиги, бўш иш ўринлари юзасидан маслаҳатлар берилди.

  – Кундалик турмушимизда оилавий жанжаллар, оилаларнинг бузилиб кетиши изимиздан қадамба-қадам вояга етиб келаётган ўғил-қизларимиз келажагига салбий таъсир кўрсатади. Шундай эмасми?

  – Жуда тўғри эътироф.Оилада тинчлик ва оғзибирчилик, фаровон турмуш таъминланган бўлса маънан етук  ва баркамол фарзандлар вояга етади. Бугун аҳолининг ана шу эҳтиёжларини қондириш, бунинг учун оилаларни яқиндан қўллаб-қувватлаш, улар манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ислоҳотлар ҳаётга кенг  тадбиқ этилмоқда. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар-келажагимиз” давлат дастурлари доирасида  кам таъминлаган, эҳтиёжманд оилаларга арзон уй-жойлар, молиявий ёрдамлар, имтиёзли кредитлар ажратилди. Мазкур дастурларнинг мазмун-моҳияти, руҳи ва фалсафаси, таъсири ва ижобий натижалари  билан эл-юртимизда янада гўзал ва обод, файзли ва тароватли турмушга замин яратиляпти. Бугун ҳар бир инсон  буюк ва катта юксалишлар гувоҳи бўлмоқда. Энг аввало юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг беназир неъматига минг бора шукроналар айтмоқ  керак. Уларнинг самараси рақамларда ҳам акс этмоқда.

         Ўтган 2018 йилда 2017 йилга нисбатан оилавий ажралишлар сони 1325 дан 1025 тага камайганлигини кузатиш мумкин. 1543 та ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг 1394 таси яраштириб қўйилди. Никоҳдан ажралганлик ҳолатлари ўрганиб, таҳлил қилинганида, ажралишлар  Урганч шаҳри, Урганч,  Шовот ва Қўшкўпир туманларида юқори кўрсаткичлигича қолганлиги кузатилди. Сабабларини  ҳам таҳлил қилинди. Оилавий келишмовчиликлар билан 578  та,  фарзандсизликдан 154 та,  узоқ муддат бирга оила бўлиб яшамасликдан 52 та, ичкилик ва гиёҳвандликдан 38 та,  хиёнат оқибатида 32 та оилалар бузилиб кетганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. 1073 та  нотинч оилаларнинг  манзиллари шакллантирилиб, улар билан профилактик ишлар олиб борилди. Натижада 951 оилада тинч ва фаровон ҳаёт таъминланди.

Афсуски,   фарзандларини қариндош-уруғлари, боболари  тарбиясига  ишониб ташлаб кетаётган оилалар жуда кўп. Бундай ҳолатлар энг аввало болаларимизнинг таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Зеро,  ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчлари бор. Ўзгалар тарбиясига ташлаб қўйилган болалар албатта ота-онаси бағрида ўсиб улғаётганлардан фарқ қилади.  Руҳан тушкун, маънан ва жисмонан носоғлом,  иродасиз ва ожиз инсонга айланади.

 – Биз аёлларимизга нисбатан – она, раҳбар, ишчи, фидокор, меҳрибон, дея гўзал таърифларни берамиз. Қадами етган жойга фаришталар энади, у бор жойда саранжом-саришталик, тартиб-интизом бўлади, деймиз.

– Шаҳар, туман хотин- қизлар кўмиталари, “Оила” марказлари билан  ўзаро ҳамкорликда хонадонларда  соғлом турмуш тарзини яхшилаш, оилада фарзандлар тарбияси, қизларни турмушга тайёрлаш, эрта турмуш қуришнинг оқибатлари ҳамда яқин қариндошларнинг турмуш қуриши оқибатларининг олдини олиш масалаларида кўпгина хайрли ишлар амалга оширилмоқда.       Барча ўқув муассасаларида “Ёш оила мактаби” ташкил этилиб, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва ижрога қаратилган. Ёшларни мактаб ёшидан  оилавий ҳаётга тайёрлаш, улар онгига репродуктив саломатлик ва соғлом оилани шакллантириш  ғояларини сингдириш мақсадида шифокорлар, руҳшунос ва педагоглардан иборат гуруҳ тузилган. Улар иштирокида жойларда кенг тушунтириш ишлари олиб бориляпти.

 Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада  кучайтириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида жойларда олиб борилаётган ишлар ижобий самара беряпти. Ўтган   йилнинг шу даврига нисбатан болалар ўлими 16 тага камайган бўлса, 15-16 ёшлилар ўртасида 2 тадан биттага озайганлиги кузатилган. 17 ёшли туғруқлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 тага камайган. Камайгани яхши. Бироқ биз бизнинг вазифамиз салбий ҳолатлар умуман бўлмаслигини истаймиз.  Бироқ ҳаёт эканда…

 Бўлажак оналар, чақалоқлар мунтазам равишда скрининг текширувларидан ўтказилмоқда. Скрининг текширувчи натижаларига кўра туғма ногиронлик мавжудлиги аниқланган беморлар назоратга олинган. Эрта никоҳ, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш мавзуларида тизимли равишда кенг тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Ҳомиладор аёллар скрининг текширувидан ўтказилиб, туғма  ривожланиш   нуқсони аниқланганда ҳомиладорликлар тўхтатилмоқда.

Ўтган йили вилоятдаги 461594 нафар туғиш ёшидаги аёллар, 0-14 ёшгача бўлган жами 483921 нафар болаларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилди.  23885 нафар ҳомиладор  аёл скрининг текширувчидан ўтган. Уларнинг  212 нафарида  туғма ривожланган нуқсонлар, 347 нафарида эса 347  акушерлик паталогияси аниқланиб, олди олди.

  – Жиноят кўчасига кириб қолган ёҳуд жиноятчиликка мойиллиги бўлган хотин-қизлар ҳамда  жазони ўтаб қайтганлар билан қандай профилактик ишлар олиб борилмоқда?

– Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ-5325-сонли фармони асосида маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар билан ҳамкорликда аёллар томонидан содир қилинадиган жиноятларнинг салбий ҳолатлари олдини олиш бўйича тизимли равишда  маънавий-маърифий тадбирлар олиб борилмоқда.

Ўтган йили  вилоятда 216 нафар  аёллар томонидан 261 та жиноят содир қилинган.  554 нафар хотин-қизнинг  жиноятчиликка мойиллиги аниқланиб, уларнинг  рўйхати шакллантирилди.  Жазони ўташ муассасаларидан  41 нафар аёл  ўз оилаларига қайтиб келишди.  Айнан ана шу гуруҳ аёллари билан кенг кўламдаги ишларни амалга ошириш юзасидан режалар белгиланиб, ижрога қаратилди.  Жазони ўтаб қайтган аёлларга маҳаллардаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларни маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари мураббий қилиб биркитилди. Жиноятга қўл урган ва жиноятчиликка мойиллиги бўлганлари билан  алоҳида суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг бандлиги таъминланмоқда. Бугунги кунда ҳар бир туманда  ташкил қилинган “Умид” ижтимоий мослашув марказларида уларнинг муаммолари атрофлича ўрганилиб, тегишли тартибда зарур ёрдамлар, йўл-йўриқ ва  маслаҳатлар берилмоқда.  Уларга ҳалол меҳнат қилиб, ўз ҳаётини изга солиш,  оила қадриятларини улуғлаш, қариндош-уруғлари, дўсту биродарлари билан меҳр-муҳаббат алоқаларини янада мустаҳкамлаш нақадар улуғ бир саодат эканлиги кўпни кўрган онахонлар, пиру-бадавлат оила аъзолари, мутахассислар ёрдамида атрофлича тушунтирилмоқда.      

Аёлларга бугун нималар дегингиз бор?

– Ҳар бир аёл бахтли, гўзал ва фаровон ҳаёт кечиришни хоҳлайди ва бунга ҳақли. Аёл энг аввало ўз оиласида  фарзандларини меҳр-оқибат, беназир қадриятлар, одоб-аҳлоқ руҳида тарбиялашга жиддий аҳамият бериши лозим. Ота-она эътибори ва назоратидан четда қолган бола келажакда биз орзу қилгандек, инсон бўлиб вояга етиши жуда мушкул. Оилаларнинг тинчлиги, кўчалар ва маҳаллаларнинг ободлиги, дил ва кўнгилларнинг, жисму-жонимизнинг поклигига  эришайлик. Аёлларимизда фаровон турмуш, тинч, осуда ҳаётни  таъминлашга куч ва ғайрат, ақл ва заковат етарли. Улуғ мақсадлар йўлида толмасликни тилайман.

Гулсара Аҳмедовна, мароқли суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз!      

  Дилбар БЕКЧАНОВА   суҳбатлашди                                                                                             

 

Ёйиш

1 мулоҳаза

  1. Assalomu alevkum tòģri fikr bildirdinggiz har bir sohada ayyollarning òrni bor lekin mana men ishsizman bitta qizim bor uysiz ota onamning uyida yashayman necha marta tumandagi hotin qizlar qòmitasiga murojat qildim menga qiriditga bòlsa ham uy joy ajratilishini sòrayman ismim yangiboyeva zuhra urganch tuman bekabod qishloq buyuk yurt kòchasi 13 honadon bu uy joy masalasi uchun qayerga murojat qilay

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.