Хоразмга ёр-ёр билан кириб келган Диёра

0
244
марта кўрилган.

Куни кеча Ўзбекистонни қувончдан яйратган Диёра 2022 йилда хоразмлик спортчи Азамат Матёқубов билан турмуш қуриб, Урганч шаҳар «Бинокор» маҳалласидаги Матёқубов Умрбек ва Ботирова Умидахонлар хонадонига келин бўлган.
Хоразмнинг келинлари мана шундай бўлади!

Хоразмга ёр-ёр билан кириб келган Диёра,
Бошларига ҳарир рўмол солиб келган Диёра,
Самарқанднинг ифорини олиб келган Диёра,
Юрагингда Куброларнинг матонати бор, қизим!

Қайноталар виқор билан елкаларин кердилар,
Қайноналар ял-ял ёнар либосларин кийдилар,
Шер йигитлар кўкрагига битта уриб қўйдилар,
Билагингда момоларнинг жасорати бор, қизим!

Келинларнинг юраклари қанот қоқар ҳавасда,
Қизчаларнинг нигоҳлари кўкка боқар ҳавасда,
Самарқанду Хоразмни севдинг битта нафасда,
Кўзларингда икки элнинг муҳаббати бор, қизим!

Азаматнинг юрагида Мангуберди кўз очар,
Хоразмнинг мард йигити жасоратдан сўз очар,
Ҳали қанча саҳналарда ғалабалар юз очар,
Юзларингда Ватанимнинг хуш сурати бор, қизим!

Нозиккина елкаларда миллат шаъни туради,
Юраклари номус учун, шараф учун уради,
Хоразмнинг келинлари Диёрадай бўлади,
Дуолари билан сенга Ўзбекистон ёр, қизим!

Сайёра Самандар

(Суратда Диёра қайнонаси билан)

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.