“Янги Ўзбекистон-янги сайловлар” шиори остида сайланган депутатлар

0
278
марта кўрилган.

 Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгаши ва Сергели тумани Халқ депутатлари кенгаши депутатлари “Маданият”, “Халқобод”, “Учувчилар” ва “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан учрашувлар ўтказдилар.

Учрашувда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ижтимоий соҳага оид белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти хамда 4 февраль куни Тошкент шаҳар ва Сергели тумани Халқ депутатлари Кенгашларининг навбатдаги сессияларида кўтарилган масалалар бўйича қисқача маълумот берилди.

Мазкур учрашувлар давомида “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини  фаоллари томонидан ҳудудда боғча қўриш масаласи, “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини  фаоллари томонидан эса нотариус  хизматини ташкил этиш,  “Элга хизмат” шахобчасини очиш ва унинг нархларини назоратга олиш муаммолари кўтарилди.

“Учувчилар” маҳалласи  ҳудудида ечимини кутаётган  муаммолар янада кўплиги аниқлаштирилди. Жумладан, худудда  аввалги  59- ва 169- маршрутлар ҳаракатларини қайта тиклаш, чиқиндилар шахобчаларини қуриш, мавжуд темир гаражларни тартиблаштириш, маҳаллага кириш худудидаги заводга тегишли юк машиналарининг жойлашув  ҳолатларини тартибга солиш, кексаларга тиббий кўрикни ташкил этиш, 88 уй орқасидаги магистрал йўлнинг ариқларини таъмирлаш каби  муаммоларни ҳал этиш таклифлари берилди.

“Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳам жим қараб туришмади. Ҳудуддаги тегишли кўчаларнинг асфальтлаштириш масаласини кўтаришди. Шунингдек, Мирза Ҳайдар кўчасининг совуқ сув қувурларини таъмирлаш ва айрим жойларига канализация ўтказиш, 237 мактабнинг капитал таъмирлаш ишлари талаб даражасида амалга оширилмаётганлиги каби масалаларга эътиборни қаратишди.

“Янги Ўзбекистон-янги сайловлар” шиори остида сайланган депутатларнинг мазкур  учрашувлари дастлабкиси бўлгани учун ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ва фуқаролар билан учрашув кунлари ҳам  белгилаб олинди.

Фаоллар билдирган муаммолар депутатлар томонидан муҳокама этилиб, уларнинг ечими юзасидан мутасадди ташкилотларга мурожаат этилиши бўйича келишиб олинди.

– Мен сайланган ҳудудда муаммолар етарли.  Жамият бор экан, тараққиёт бор экан, муаммолар ҳамиша бўлади.  Биз тегишли ташкилотлар билан ушбу камчиликларни бартараф этишга, аҳолининг оғирини енгил қилишга ҳаракат қиламиз. Биздан сайловчилар ҳам ана шу  дахлдорликни кутишяпти. – дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Ҳ. Қўчкарова.

– Халқ ишончига сазовор бўлган биз депутатларга беш йиллик фаолиятимиз жараёнларида катта масъулият юклатилди. Ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.   Элнинг эзгу ниятлари  эзгу амалларга айланишида уларнинг ишончларига садоқатимиз ва ғайрат-шижоатимизни сафарбар этиш билан жавоб берамиз. – дейди Сергели тумани Халқ депутатлари кенгаши депутати А.Мирҳидоятов

Шунингдек, депутатлар учрашувдан сўнг “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини биносида  аҳолига  хизмат кўрсатаётган тикув ательеси фаолияти билан хам яқиндан танишдилар, Сергели туман депутати, тадбиркор С.Неъматова тикувчи қизларга яратилган шароитларни  кўриб, тегишли тавсиялар берди.

 Муаммоларни бир-бир санаб ўтганимиз ҳам бежиз эмас.  Беш йиллик якунида уларга яна бир бора қайтамиз, деган умиддамиз. Эл-юрт хизматида ҳорманг депутатлар деймиз! Эл осойишталиги, юрт ободлиги йўлидаги фаолиятингизда  эзгуликлар тилаб қоламиз.

Р. Сапоева

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.