Янги йил арафасида халқимиз яна бир хушхабарнинг гувоҳи бўлди

0
113
марта кўрилган.

 Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди.

Пойтахтимизнинг гўзал маскани Тошкент ситидаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ушбу тадбир 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Унда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга белгиланган, режалаштирилган мақсад ва вазифалар  эълон қилинади. Шу боис халқимиз бу тадбирни катта қизиқиш ва интиқлик билан кутади.   Чунки, унда режалаштирилган мақсадлар халқимизнинг ҳар бирига, уларнинг тақдирига, порлоқ келажагига дахлдордир.

Мурожаатнома 15 та телеканал орқали жонли эфирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида онлайн ёритиб борилди.

Мамлакатимиз раҳбари бу галги Мурожаатнома ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб даврга тўғри келганини, 2020 йилда коронавирус пандемияси бутун инсониятни, жумладан халқимизни ҳам  жиддий синовдан ўтказганини таъкидлади. Мурожаатномада бундай кўламдаги офат жаҳонда сўнгги юз йилда рўй бермагани, қанчалаб инсонлар қурбон бўлиб, миллионлаб иш ўринлари йўқотилгани, мамлакатлар иқтисодиёти катта қийинчиликларга дуч келгани қайд этилди.

Афсуски, бу фалокат билан бир вақтда Бухоро ва Сардобада юз берган табиий ва техноген офатлар ҳам эл-юртимизнинг букилмас иродасини яна бир бор синовдан ўтказди.

Давлатимиз раҳбари пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бутун бошқарув тизими фавқулодда иш режимига ўтказилгани, қисқа муддатда пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилганини таъкидлади. 

Жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ўз вақтида кўрилган тезкор ва тизимли чора-тадбирлар натижасида ушбу касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади. Юртимизда осойишта ҳаёт таъминланиб, барқарор иқтисодий ривожланиш давом этаётгани қайд этилди.

Президентимиз карантин талабларига риоя қилиб яшаган ва меҳнат қилган олижаноб халқимизга, ўта хавфли вирус билан кечаю кундуз мардона курашган жонкуяр шифокорларга, қийин дамда ёрдамга муҳтож аҳолига кўмак берган тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бу йилги синовларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қатори халқ хўжалигининг турли соҳаларида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолганлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. 

Жорий йилда мамлакатимизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар, инфратузилма объектлари барпо этилди. Биргина энергетика соҳасида хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклик асосида умумий қуввати 2 минг 700 мегаватт бўлган 6 та янги электр станциясини барпо этиш бошланди. Тошкент шаҳрида 2 та янги метро станцияси, 18 километрлик ер усти метроси фойдаланишга топширилди.

Қишлоқ хўжалигида чуқур ислоҳотлар амалга оширилди. Саноат билан уйғунлашган кластер тизими вужудга келди. Бунинг натижасида, пандемия даврида 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди. Тадбиркорлик фаолияти кенг қўллаб-қувватланди.

2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида ҳам туб бурилиш йили бўлди. Камбағалликни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар бошланди. Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги ишлар узлуксиз олиб борилди. Ўзбекистон 2020 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиб сайлангани, яқинда АҚШ давлат департаменти томонидан диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг натижасидир.

Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. “Иқтисодий эркинлик” рейтингида ҳам мамлакатимизнинг 26 поғона кўтарилгани ислоҳотларимизнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлди. Халқаро майдондаги қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли дунё ҳамжамиятида юртимизнинг обрў-эътибори ва нуфузи тобора юксалмоқда. 

Мурожаатномада янги йилга ном берилиши анъанага айланди. Давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини билимли ва бунёдкор ёшлар билан биргаликда барпо этиш, ана шу муҳим йўналишларда бошлаган ишларни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида, кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб ном беришни таклиф этди. Президентимизнинг ушбу таклифи тадбир иштирокчилари томонидан қизғин қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

2021 йилда Ватанимиз мустақиллигига 30 йил тўлади. Бу тарихий санани “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида нишонлаш бўйича кенг кўламли тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Бугун келгуси йил учун режа ва дастурларимизни аниқ белгилаб олар эканмиз, мустақиллик йилларида эришган ютуқларимизни янада мустаҳкамлаб, энг муҳим ва устувор соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз, деди давлатимиз раҳбари.

Мурожаатномада 2021 йил учун яна бир муҳим йўналиш сифатида белгиланган тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифалардан бири бўлиши таъкидланиб, ушбу ишлар учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилиши ва ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилиши айтилди.

 Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади.

Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор, дея такидлади мамлакатимиз раҳбари. Шу мақсадда, кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади.

Глобал инқироз шароитида иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш, жойлардаги мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш, кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, ёшларимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш – Президентдан бошлаб барча даражадаги раҳбарларнинг бош вазифаси бўлмоғи даркор, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ана шу ўта муҳим вазифаларни амалга оширишда асосий талаб давлат ва жамият институтлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш, бу жараёнда натижадорлик ва сифатни оширишдан иборатлигига ҳам алоҳида урғу берди.

Ҳукумат бир ой муддатда ана шу устувор йўналишлар ва вазифалар бўйича кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар, фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, 2021 йил Давлат дастурини ҳамда Ўзбекистоннинг пандемиядан кейинги тараққиёт дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин, дея таъкидлади.

Мурожаатнома якунида эл-юртимиз ҳозирги оғир шароитда барча синов ва қийинчиликлардан янада кучли ва иродали бўлиб чиқаётгани таъкидланди. Ҳеч шубҳасиз, ўз кучи ва имкониятларига бўлган ишонч халқимизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштирди. Бу интилишлар халқимизни улкан амалий ишларга, янги йилда янада баланд марраларни қўлга киритишга руҳлантиради.

GUJUM. UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.