Янгилик: туяқуш фермер  хўжалиги

0
1787
марта кўрилган.

 “Тадбиркор – элга мададкор”, “Тадбиркор – тараққиёт таянчи”, деган ибораларимиз бор. Халқ маталларида, мақолларида ҳикматлар кўп. Ҳикматларнинг тимсолларини ҳаётдан топса бўладими!?

Кўпчилик тадбиркор бўлишни орзу қилади. Хўш, тадбиркор бўлиш учун нима қилиш керак ўзи? Бу саволга қаровсиз ётган чўл-биёбонда  “Ибрат-Рўзмат” паррандачилик фермер хўжалигини ташкил этиб, Африка туяқуши парваришини йўлга қўйган ташаббускор, меҳнаткаш  оиланинг саъй-ҳаракатлари жавоб беради.

Замира Тожиева ва Иброҳим Жуманиёзовлар оиласи  янтоқ ва  дўранғидан бошқа  дарахт ўсмайдиган чўлу  биёбонда  ям-яшил арчалар ва анвойи гулларни  ўстириб, паррандачилик фермер хўжалигини ташкил этишди. Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида ушбу оила илк бора туяқуш парваришини йўлга қўйди. 

Улар бу соҳада нафақат  Хоразмда, балки Ўзбекистонда биринчилардан бўлишди, десак арзийди. Бу саъй ҳаракатлари учун Замира Тожиева 2015 йилда “Йилнинг энг фаол тадбиркори” деган сертификатни олишга муяссар бўлди.

Хоразм вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси жамоси билан ҳамкорликда ушбу чўлда бўстон яратаётган қўшкўпирлик қаҳрамонлар ҳузурида бўлиб иш тажрибасини ўргандик.

Етти хазинанинг бири  паррандачилик ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган оиланинг икки гектарлик  хўжалигида кезиб юрган туяқушлар, беданалар, турфа товуқ, ўрдак, тустовуқ ва ғозлар ҳайратингизни оширади.

Фермер хўжалигидаги Узун жундук ( Узунтумшук)  деб ном қўйилган туяқуш ўтган йили 104 та тухум туғибди.  Бу эса жаҳон бўйича деярли рекорд натижа экан. Дунёда туяқушлардан йилига 106 тухум олган фермер Геннислар китобига киритилган экан. Бу рақамларни оила бошлиғи Иброҳим Жуманиёзовдан эшитдик.

Оила бекаси Замира Тожиева бир умр мактабда биология ўқитувчиси бўлиб ишлаган бўлиб, у рўзғорини, Тошкентда, Урганч шаҳрида ўқиётган болаларини таъминлаш учун уйда бедана, товуқ ва ўрдак боқишни йўлга қўйди. Шундай қилиб эр-хотин оиласини қўшимча даромад билан таъминлашди. Замира нафақага чиққач паррандачилик хўжалиги тузиш, жумладан, туяқуш парваришлаш  ғоясини илгари сурди. Унинг ғояси нафақага чиқиш арафасида турган турмуш ўртоғи  Иброҳим Жуманиёзовга ҳам маъқул келди. У турли китобларни излаб, ўқиб, интернетларга кириб ушбу ғояни ривожлантиришни, туяқушни парваришлашни  ўрганди.

Ана шундай қилиб қишлоқнинг зиёли оиласи мутолаа туфайли  туяқуш етиштиришни йўлга қўйишди.  Ҳа, ўзбек халқининг ташаббускорлиги, изланувчанлиги туфайли Африка жонивори Хоразмда ҳам парваришлана бошланди.

Уни Хоразмга қаердан олиб келганлиги билан қизиқдик. Оила бошлиғи Иброҳим Жуманиёзовнинг ҳикоясидан: Бухородан 1913 йил 6 та туякуш тухумини келтирдик. Уйдаги қўлбола инкубаторда ундан 4 та жўжа чиқариб олишга эришдик. Жўжалар ноқулай пайт — 22 октябрда дунёга келган эди-да, тажрибасизлигимиз туфайли  баҳорга атиги биттасини олиб чиқдик. Унга ҳовлимиз  торлик қилгани ва шериклари йўқлиги учун тухум олган жойимизга — Бухоро вилоятига элтиб беришга қарор қилдик. Йўлга чиқишимиз арафасида, яъни 2014 йилнинг 18 майида вилоят ҳокими Пўлат Бобожонов барча туманлар ҳокимлари билан биргаликда ҳовлимизга  «Намунавий оила» дастури асосида ташриф буюрдилар. Биттагина туяқушнинг товуқларга мўлжалланган кичкинагина катакда турганини кўриб,  у билан қизиқиб қолдилар ва қишлоқ хўжалигидаги аҳамиятини суриштирдилар. Кичкина ҳовлида боқиш мушкуллиги  боис уни Бухорога элтиб бермоқчилигимизни билганларидан кейин Қўшкўпир туман ҳокими Комилжон Собировга «Эртагаёқ бу оилага истаган жойидан истаганча ер ажратинг, Хоразмда туякушчиликни ривожлантиришни йўлга қўйинглар» дея топшириқ бердилар. У пайтда оилавий тадбиркор бўлиб, ҳовлимизда ўрдак, товуқ, бедана боқиш билан яхшигина даромад олиб тургандик. Бироз иккиланиб турганимиздан кейин, туман ҳокимлигига бориб,  ишни бошлаб юбордик. Бизга туякуш боқишга қулай қумлоқ жойдан 2 гектар ер ажратиб беришди. 2014 йилнинг 6-июнида қум барханларига бульдозер солиб, бўлғуси туяқуш фермаси ўрнини текислаб қурилишни  бошлаб юбордик. Вилоят ва туман ҳокимияти вакиллари тез- тез ташриф буюриб, маънавий мадад бериб туришди”.

Улар инсон ўз фарзанди туғилишининг  ҳар бир дақиқасини санама сана айта олганидек, фермер хўжалигини бунёдга келишининг ҳар бир дақиқасигача эслашди.

Турмуш ўртоғининг гапини қўллаб қувватлаб, Замирахон қўшимча қилади: “Фермамиз битгач, битта мода туякушимиз ёнига Бухорадан 2 та нар туякуш ва Чирчикдан 2 та мода туякуш олиб келиб, боқа бошладик. Тезда туяқуш боқишни йўлга қўйган катта фермерга айландик. Эндиликда ушбу жониворларнинг  жўжаларини  бутун мамлакатимизга тарқатиб ўтирибмиз. Масалан, Тошкент, Ургут, Нурота, Ғузор ва Чироқчи, Қўнғирот ва Тўрткулга, шунингдек ўзимизнинг вилоятдан  Хива, Янгиариқ ва Боғотга палапонларни етказиб бердик ва парваришлашни ўргатдик.  Унинг сердаромад соҳа эканлигини халқимиз англаб етди”.

      Уларга туман ҳокимияти томонидан 2 гектар ер ажратилгач, аввало, қудуқ қазиб 12 метрлик чуқурликдан сув тортиб  чиқаришди. Бу борада Иброҳим Жуманиёзовнинг инженер-ирригатор эканлиги қўл қелди. Сўнгги йилларда халқимиз сувни тежаб ишлатишга, тоза–покиза асрашга, увол қилмай ундан оқилона  фойдаланишга интилмоқда. Бу ерда эса ичишга, экин-тикинга ярайдиган янги сув манбасини топиб, чўлда ундан оқилона фойдаланиш усулини яратишди. Ҳолбуки сув етишмаслигидан кўпгина фермерлар тайёр экин майдонларини, мўл ҳосилли экинзорларни талашиб тортишади. Тоза сув соғлом авлод демак. Сув ҳар бир давлатнинг, ҳар бир миллатнинг тамаддун даражасинга, келгуси буюк режаларини амалга оширишга кўмаклашувчи манбадир.  “Туяқушлар кўп сув ичишади ва тоза сув ичишади. Унга сув ташиб етказиб бўлмайди. Шунинг учун етти қат ер қаридан тоза исътемолга ярақли сув қазиб чиқардик”,– дейди нафақадаги ирригатор биз билан суҳбатда.

– Сув йилдан йилга қочади. Бундан уч йил бурун 12 метрдан сув қазиб чиқарган бўлсак, бу йил  йигирма метрлик чуқурликдан сув чиқариб оляпмиз. Яхшиям оиламиз устуни ирригатор экан.  Асрлар давомида сув йўқлигидан бу ерда чўлгиёҳларидан бошқа нарса ўсмаган. Эндиликда кўриб турибсиз”,– дейди фахр билан Замира эрининг сўзларини қўллаб қувватлаб.

Ушбу оилада катта кичик ўн нафар киши бор. Барчаси давлат ишида ишлайди, ўқийди. Шу билан бирга экиш, ҳосил йиғиш каби иш қизиган паллаларда ҳаммаси бир ёқадан бош чиқариб ишчи бўлишади.

     Дарҳақиқат, атрофни кузатиб бир пайтлар бу жойлар чўл бўлганига ишонишингиз келмайди. Бир томонда эндигина нишона бера бошлаган мевали боғлар, бир томонда паррандалар емиши бўлган бедазору сабзавотзорлар яшнаб турибди. Ҳовли атрофига экилган ям-яшил арчалар, чамандек очилиб ётган гуллар  янада ҳайратингизни оширади.

Албатта, ушбу бўстон, ушбу гўзаллик осонгина бунёд бўлмаган. Сув чиқариш билан ҳам иш битмаган. Улар фермер хўжалигининг экин майдонларига тоза тупроқ келтириб тўкишди. Қум юзига икки метрча тоза тупроқ ташланди.

– Фаолиятимизни 1974 йилда товуқ ва бедана боқишдан бошладик. Сўнгра қўёнчиликни, ўрдакчиликни  йўлга қўйдик. Товусларни 1986 йилдан буён асраймиз. Декоратив қуш бўлгани учун харидори унча кўп эмас. Асосан ишкивозларга тухумларини берамиз.

 Туяқуш боқиш эса кони фойда. Бу паранда бир йилда вояга етади ва 120-150килограммгача парҳез гўшт беради. Палапони 45 кунда тухумдан чиқади. Урғочи туяқуш икки йилда вояга етиб, тухумга киради. Худди товуқлардек  улар ҳам тухумларини ўз қанотлари остига олиб полппонини вужудга келтиришади. Бироқ, биз ҳозир инкубатор ташкил этганмиз. Тухумларни маълум ҳароратда ушлаб, жўжаларини чиқариб оляпмиз. Ҳозир унинг палапонларини Республикамизнинг барча туманларидан келиб олиб кетишяпти. Туяқушнинг, иқтисодий фойдасини, парҳез гўшт сифатидаги аҳамиятини кўпчилик тушиниб қолди. Палопонни сотгандан кўра, уни боқиб, гўштга топширганимиз бизга кўп фойда беради.  Бироқ, одамлар узоқ жойлардан  эзгу ниятлар билан жўжасини сўраб келаётгани учун йўқ дея олмаймиз, — дейди Замира.

Унинг гапини турмуш ўртоғи Иброҳим Жуманиёзов давом эттирди: “Ушбу парандани бошқа фойдали томонлари ҳам кўп. Дунёда энг қиммабаҳо тери – тимсоҳдан олинади. Туяқуш териси сифат жиҳатидан тимсоҳ терисидан кейин иккичи ўринда туради. Парлари ҳам юмшоқ, мулойим бўлгани учун  ёстиқ, паркўрпалар тайёрлашда ишлатилади.  Хуллас, ҳеч нарсаси чиқимга чиқмайди. Ҳатто, туяқушнинг тирноқларини кукунга айлантириб ундан қиммабаҳо тошларга жило беришда фойдаланса бўлади. Африкада тошларга ана шундай жило беришар экан”.

Ҳа, бу эр-хотин нафақага чиқиб иккинчи касбни парандачиликни йўлга қўйиб оиласига, эл-юртга муносиб хизмат қилиб келишяпти.  Қизлари Нодира ва Моҳира она изидан бориб педогоглик касбини танлашди. Айни кунда улар мактабда муаллим бўлиб ишлаш билан бирга рўзғори учун уйида ота-онасидан ўрганган иккинчи касблари парандачилик билан ҳам шуғулланишади. Моҳиранинг уйида 500та товуғи бўлса, Нодира беш юзта беданани парваришлаяпти. Катта ўғли Ҳикмат онколог врач-жарроҳ Тошкентда яшайди. Икки ўғли  Қудрат ва Ўктам  ота-она ёнида тадбиркорлик билан шуғулланишади. Қудратнинг рўзғори бедана, Ўктамнинг рўзғори ўрдак парваришлайди. Фермер хўжалигининг ҳисоб-китоб ишларини невараси олиб боради.

Қишлоқнинг зиёли бу оиласи фермер хўжалиги ёнида икки қаватли мўъжазгина уй қуришди. Чўлда қад ростлаб турган бу ҳовли барча шариоитларга эга яъни иссиқ сув, совуқ сув ва газ плитаси билан таъминланган. Аввал бу уйни ўғли билан яшаётган ёлғиз онага қуриб беришди. Уни ҳам уй билан, ҳам  иш билан таъминлашди. Яқинда эса ўзлари ҳам шу ерга қўшимча хоналар қуриб кўчиб келишди. Бегоналар кейинги йилларда бир оиладек бўлиб кетишди.

Оила нима ўзи?! Ўзаро меҳр-муҳаббат, қалб қўри ила бир-бировга қайишиб яшайдиган маскан, қадр-қиммат улуғланадиган даргоҳ. Бувижону боболар, эр-хотин, ўғил-қизлар ўртасидаги ўзаро муносабатларга асосланган беназир гўша. Уни ҳеч нарсага тенглаб бўлмайди ва унинг қадри жуда ҳам баланд. Бегоналарнинг битта оила бўлиб кетиши эса унданда гўзал! Биз бу ерда ана шу меҳр-оқибатни, бир-бировни тушиниб, қўллаб қувватлаб яшаётган инсонларни кўрдик. Бу оилани ўсиш, ривожланиш, янгиланиш, уйғунлик ва ҳосилдорлик тимсоли деса арзийди. Бунда бағрикенглик, меҳр-оқибат, аҳиллик, ҳамфикрлик билан  яшашнинг гўзал намунасини кузатдик.  Қўли гул инсонларнинг уйи ҳам юрти ҳам гул бўлишига гувоҳ бўлдик.

Чўлда инсон қўли, қалб қўри билан яратилган бир қўрғон, бир бўстон кўрдик. Унда бир-бирига қайишиб, бир-бирини камини  тўлдириб камтарона икки оила яшайди. Бу бироз ўтириб ором олсангиз беданалар ёқимли сайрайди, гулларга қўнган булбуллар хониш қилади, тустовуқлар қанотини ёйиб, дунёнинг турфа рангларини кўз олдингизда намоён этади. Атрофнинг осойишталигидан, ана шу тинчликка уйғун сайраётган қушларнинг хонишларидан кўнгил яйрайди. Беихтиёр фикрлайсиз, бу ерда экотуризмни ривожлантирса, яна туячилик фермерлигини ҳам ташкил этса бўлар экан. Биз бўстон деб номлаган бу ерга томошага келган саййёҳлар шифобахш туя сутидан ичиб ҳузурланишарди, деб ўйлаймиз ва бу фикримизни Замирахон билан ўртоқлашамиз. Замирахон ўзларининг ҳам бу борада режалари борлигини, ҳозир ҳам кўпгина болалар туяқушларни томошасига келишини таъкидлайди.

 Беихтиёр яккам-дуккам мевалари қолган жийдазор ва терилмаган жийилдакка  кўзим тушади.  “Нега ҳосилни тўлиқ йиғиб олмадингиз” сўраймиз уй бекасидан. ”Бу мевалар чўл қушларининг ризқи, улар учун қолдирдик. Жийилдакларни эса умуман йиғмаймиз, уларни қушлар учун экканмиз. Жийилдаклар ернинг шўрини олиш билан бирга ёввойи қушларнинг емиши. Бизнинг ота-боболаримиз азал-азалдан ана шундай яшаган,– жавоб қилади Замира.

Миллий қадриятларни улуғлаб, унга замонавий тус бериб яшаётган қишлоқнинг зиёли кишиларига янада меҳрингиз товланади. Зиё бор жойда нур бор дегани шуда!

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.