ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЁШ ФЕРМЕРИ

0
247
марта кўрилган.

Кеча “Истиқлол” санъат саройида “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти” совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда қатор вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги, фан-таълим,   санъат, маданият, журналистика ижтимоий ва спорт соҳаларидаги фидойи ёшлар ҳамда ОАВ иштирок этди.
Ушбу мукофот Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 18-июлдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури”нинг 52-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг октябрь ойида ташкил этилган эди.

Мукофот ёшларга  33 та номинация бўйича берилиб, унинг миқдор ҳар бир совриндор учун энг кам иш ҳақининг 30 бараварини ташкил этди.
Мукофотга вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда Қорақалпоқистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳудудий ҳокимликлар томонидан 33 та номинация бўйича 700 нафардан ортиқ номзодлар тавсия этилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошида тузилган экспертлар комиссияси томонидан номзодларнинг ҳужжатлари ўрганилиб, 24 та номинация бўйича 70 нафар ёшлар саралаб олинди.

Номзодларни саралашда ёшларнинг йил давомидаги иш самарадорлиги, ўз соҳасини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси, ўз соҳасига киритган инновацияси, фаолияти орқали давлат ва жамият ҳаётига келтирган амалий фойдаси, жамоат ишларидаги фаоллиги, давлат ва халқаро миқёсда эришган ютуқлари, шунингдек, меҳнатсеварлиги, фидойилиги, интизоми ва иқтидорига эътибор қаратилди.

Ҳар бир номинация бўйича сараланган 3 нафардан номзодлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг www.mukofot.yi.uz сайтида жойлаштирилиб, уларга кенг жамоатчилик ва ёшлар томонидан очиқ овозга қўйилди. Энг кўп овоз тўплаган номзодлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти совриндори бўлишди. Жумладан, “Йилнинг энг яхши ёш фермери“ номинациясида Навоий вилояти Кармана туманидаги “Обод турмуш келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Наргизахон Маманова мукофотга муносиб топилди.

У ушбу йўналишда Сурхондарё вилоятидаги “Соқчи дон” фермер хўжалиги раҳбари Алпомиш Норалиев ва Тошкент вилоятидаги “Темур” фермер хўжалиги раҳбари Зафар Тоировлардан кўпроқ овоз йиғишга эришди.
Наргизахон Маманова ўз меҳнат фаолиятини 2012-йилда Кармана туманидаги “Севолтепа равнақи” фермер хўжалигида ҳуқуқшуносликдан бошлаган.

2013-йилда “Обод турмуш келажаги” фермер хўжалигини ташкил этган. Айни пайтда фермер хўжалиги ихтиёрида 110 гектар ер майдони бўлиб, шундан 44 гектарида пахта, 22 гектарида ғалла етиштирилади. Қолган ер майдони яйловлардан иборат.
2017-йилда ҳар бир гектар пахта майдонидан 40 центнердан ҳосил етиштириб, 80 тонна пахта, 70 центнердан ғалла ҳосили олиб, давлатга 154 тонна сотган. Фермер хўжалигида ўн беш нафар одам доимий иш билан таъминланган. Хўжалик ўз техникасига эга.

Йилнинг энг яхши ёш фермери ўз  хўжалигини янада ривожлантириш, жумладан интенсив боғ яратиш, наслли чорвачиликни йўлга қўйиш, мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш учун замонавий музлаткичли омборхона қуриш борасидаги лойиҳаларни илгари сурмоқда.

Илёс Сафаров,
Ўзбекистон Ёш фермерлари Кенгаши матбуот котиби

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.