Ёш спортчи Муроджон  Исҳоқов билан ҳаво лайнеридаги суҳбат

0
295
марта кўрилган.

Мамлакатимизда баркамол авлод тарбиялашга алоҳида эътибор берилаётганлиги туфайли жаҳон спорт майдонларида жавлон ураётган ёшларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Улар орасида спортнинг трамполин тури бўйича юқори натижа кўрсатаётган спортчилар ҳам кўпчиликни ташкил этиши қувонарлидир. Ана шундай иқтидорли ёшларимиздан бири  Муроджон  Исҳоқов билан ҳаво лайнерида танишдик.

Самолётда бемалол сухбатлашиш имконияти мавжуд. Дўстим, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова билан суҳбатлашиб ўтириб, ёнимизда қимтинибгина ўтирган, ва “бувижонлар чой ичасизми, сув ичасизми” дея бизга ғамхўрлик қилаётган ёш йигитга эътибор бердик.Шундай ёш йигит Сочида нима иш қилар экан, деган фикр ўтди, хаёлимиздан. Касбимиз тақозаси ила савол бердик. У ҳам шуни кутиб турган эканми, саволимизга  бажонидил жавоб қайтарди.

Муроджон ушбу йил ноябрь ойида Санкт Петербургда бўлиб  ўтадиган жаҳон чемпионатига трамполин бўйича тайёрлайдиган ўқув машғулотларида қатнашиб қайтаётган экан.  “Ўзбекистон гимнастика федерацияси  Николай Комлачев ва Руслан Зейнуладдин учаламизни сарф-харажатларимизни қоплаб, уч ой чемпионатга тайёрлади. Ҳукуматимизнинг, халқимизнинг умидини оқлашни жудда-жуда хоҳлайман”-дейди у очиқ кўнгиллик билан.

– Трамполин бу қанақа спорт тури?

– Гимнастиканинг бир тури ҳисобланади. Спортнинг ушбу тури ҳаракатни мувофиқлаштириш кўникмасини шакллантириб, эпчилликка ўргатади ва куч-қувватни ривожлантиради. Диққатни мақсадга йўналтириш сарига ундайди.

–ОАВларида ўқигндик, Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти лавозимига бу йил сайлов бўлиб ўтди. Ҳозир раҳбарларингиз ким? 

– Абдуллаева Заррина Аъзамовна Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти лавозимига кўпчилик овоз билан сайланди. 

– ОАВларида Ўзбекистон гимнастика федерацияси дунёда олтинчи ўриндалиги ҳақида хабар беришган эди. 

– Ҳа, халқаро гимнастика федерацияси (FIG) нинг Лозаннадаги штаб-квартирасида 2017 йил якунларига кўра энг яхши 10та федерация рўйхати эълон қилинди. Халқаро федерация таркибига кирувчи 148 та миллий ташкилотлар ичида Ўзбекистон гимнастика федерацияси олтинчи ўринда қайд этилди. 

– Ушбу ўрин қайси мезонлар асосида баҳоланди? 

– Ушбу бахолашда, устозларимизнинг таъкидлашича, биринчи навбатда мамлакатда гимнастика ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил қилиш, ҳакам ва мураббийларимизнинг Халқаро гимнастика федерацияси тадбирларидаги фаол иштироки, ўзбек гимнастикачиларининг мусобақалардаги ютуқлари ҳам эътиборга олинган бўлиши керак.

– Нима учун айнан сиз шу спорт турини танлагансиз?

– Акам Муҳаммаджон Исҳоқов тадбиркор ва фотограф. Кўп жойларда бўлади. Кўплар билан мулоқот қилади. Акам спортнинг шу турига қобилиятим борлигини айтиб қизиқтирди. Шуни аниқ таъкидлашим керак, мамлакатимизда истеъдодли ёшларни аниқлаш, жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларнинг янги авлодини тарбиялашга ёрдам берадиган турли мусобақаларни ўтказиш анъанага айланган. Ана шу ғамхўрликнинг натижасини ўз тақдиримда ҳис қиламан. Қува туманидаги 26-мактабда ўқиб юрган кезларимда-ёқ, болалар ва ўсмирлар ўртасида мамлакат чемпионатида ғолиб бўлдим. Бу мени янада руҳлантирди.  Мана, мамлакатимиз ғамхўрлиги туфайли тажрибали мураббийлардан сабоқ олиб қайтаяпмиз.

– Мамлакатимизда спортнинг бу турини ривожлантиришга имкониятлари ҳам  борми?

–  Ҳа, бор. Имконият бўлмаганида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзолари трамполин усталари Екатерина Хилько ҳамда Анна Каспарянлар халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиб, медалларни қўлга киритган бўлармиди?! Улар Олимпия ўйинлари иштирокчиси, жаҳон кубоги босқичлари ғолиби ва совриндорлари бўлиб шаклланармиди!?

Вилоятлардаги трамполин марказлари, мамлакатимиз пойтахтидаги Бадиий гимнастика бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Республика Олимпия захиралари коллежининг замонавий залларида барча шароитлар яратилган. Мен мактабдан кейин Республика Олимпия захиралари коллежида ўқидим ва спортнинг шу тури билан шуғулландим.

 2013 йил Қозоқистонда ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё  чемпионатида учинчи ўринни, 2016 йилги Осиё чемпионатида иккинчи ўринни олдим. Ўтган йили Озарбайжонда бўлиб ўтган чемпионатда  акробатика-трамполин йўналишида тўртинчи ўрин насиб қилди.Энди мен йигирма ёшдаман катталар даврасида иштирок эта бошладим.

– Ушбу спорт турининг мезонлари қанақа, қайси сифатларга қараб баҳоланади? 

– Ҳакамлик қоидалари бўйича спортчининг  баландликка кўтарилишига алоҳида эътибор берилади. Спортчининг мунтазам иштироки, сакраш мураккаблиги, уни бажариш техникаси ва парвоз вақти каби жиҳатлар инобатга олинган ҳолда спортчига  умумий баҳо берилади.

– Ўзбекистон гимнастикачилари қайси ҳалқаро беллашувларда қатнашишган? 

– Ўзбекистон спортчилари 2014 йилнинг июнида Японияда ўсмирлар ва катталар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида, тажрибали трамполин усталари Жанубий Кореяда ўтказилган Осиё ўйинлари, Швейцарияда ўтадиган жаҳон кубоги босқичлари, шунингдек, АҚШда бўлган жаҳон чемпионатларида иштирок этишган.Сафимизда олимпиада ўйинлари ғолиблари ҳам кўп. Биз каби ёшлар учун уларнинг ҳаёти, интилишлари, маҳорати тажриба мактабидир.

– Сизга ҳам Олимпиада ўйинларига йўлланма олиш насиб этсин. Бу йил ўзингиз айтган Санкт Петербургдаги бўладиган масъулиятли мусобақада омад ва зафарлар тилаб қоламиз. 

Қўқон педогогика институтининг 2-босқич талабаси Муроджон Исҳоқов билан суҳбатимиз жараёнида Ўзбекистон гимнастикачилари дунёсига, умуман спорт олами уммонига гўё шўнғиб чиққандек бўлдик. Мамлакатимизда ёшларга ўз имкониятлари, исътедодларини намоён этиш учун барча шарт-шароитлар яратилганлигининг  эътирофини ёшларнинг ўзидан эшитиш янада ёқимли эди. Бу шукроналикни намоён этувчи ва унга  ундовчи фазилат эди.!

Самолёт ерга қўнди. Барча йўловчилар қарсак чалиб, лайнер бошқарувчиларини олқишлашди. Эл-юртимиз учун тинчлик, омонликнинг қадри юксаклигини яна бир карра ҳис қилдик. Дам олиш, сайру саёҳат яхши, бироқ ўз юртингнинг ҳавоси барибир бошқача.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.