Ёшлар муаммоларини ҳал этишда ёш парламентарийларни фаол жалб этиш муҳим вазифа

0
181
марта кўрилган.

Олий Мажлис Сенати биносида Ёшлар парламентининг истиқболдаги режалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Сенат Раиси, сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятлари мудирлари  ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ёшлар парламенти раиси томонидан  парламентнинг истиқболдаги иш режалари ва янги лойиҳалари ҳамда ҳудудий аъзолар фаолиятини янада жонлантириш ва ёшлар муаммоларини ўрганиш ва чуқур таҳлил этиш ҳақида, ёшлар учун муҳим лойиҳа ва таклифлар тайёрлаш мақсадида ҳудудий комиссиялар ташкил этилгани тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Бундан ташқари, Ёшлар парламенти комиссиялари раисларининг жорий йилнинг иккинчи ярмига режалаштирилган лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Жумладан, республика миқёсида янги ташкил этилган оилавий болалар уйлари ҳолатларини ўрганиш ва фостер оилалар тизимини татбиқ этиш механизмини ишлаб чиқиш, ёшлар томонидан содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг сабабларини таҳлил қилиш, ёш тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар самарадорлигини ўрганиш каби масалалар юзасидан комиссия раислари ахбороти эшитилди.

Сенат Раиси томонидан Ёшлар парламенти фаолиятига доир устувор вазифалар алоҳида санаб ўтилди. Хусусан, ёшларга оид масалалар ва муаммолар юзасидан тегишли таклифларни давлат органларига, қонунчилик ташаббуси субъектларига  киритиб бориш, шунингдек, давлат органларига ёшлар томонидан йўлланган мурожаатларнинг ҳал этилиши юзасидан таҳлилий ахборот ва маълумотлар тайёрлаб бориш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Ёшлар парламенти аъзолари ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган муаммоли масалаларга асослантирилган муносабат билдириб, фаол фуқаролик позициясини намоён этиб бориши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

–. Ёшлар – келажагимиз, шу боис тегишли идоралар билан ҳамкорликда ёшлар муаммоларини ҳал этишда ёш парламентарийларни фаол жалб этишни муҳим деб биламан, – деди Сенат раиси Танзила Норбоева. 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.