Юртимизда спорт йўналишидаги олий таълим муассасаларига қабул қандай ташкил этилган?

0
122
марта кўрилган.

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт университетининг бу йилги қабул жараёнига бағишланган катта йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Жисмоний тарбия ва спорт университети ўқув ишлари бўйича проректори Комилжон Ярашев, университет профессор-ўқитувчилари, спорт федерациялари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Маълумки, бу йилдан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишларга, шу жумладан спорт йўналишидаги олий таълим муассасаларига ҳам талабалар тест синовларисиз қабул қилинадилар. Унга кўра, бу йил Жисмоний тарбия ва спорт университетига ҳужжат топширган абитуриентлар мазкур таълим муассасасида мавжуд 27 тур спорт йўналишига тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар асосида талабалик бахтига муяссар бўлишлари мумкин.

Жисмоний тарбия ва спорт университети ректорининг маълум қилишича, бу йил қабул учун 5665 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Уларнинг 75 нафари имтиёзли қабул асосида, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тавсиясига биноан университетда таҳсил олади.

Шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар бир спорт тури бўйича ижодий имтиҳонларда спорт федерациялар вакиллари иштирок этадилар. Ноҳуш ҳолатлар, турли қинғирликларга йўл қўйилган тақдирда Миллий олимпия қўмитасида 24 соат давомида фаолият олиб бораётган қайноқ линия 205-5-205 телефон рақамлари ишлаб тургани қайд этилди.

Имтиҳонлар қатъий текширув асосида, олимпия захиралари коллежлари, катта кўргазма залларида ташкил этилади. Бунинг учун Давлат тест маркази, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тайёргарлик кўриб қўйилган. Имтиҳон жараёнларида ҳар бир масъул ўз ишига сидқидилдан ёндошиши лозимлиги, қабулни ҳалол ва шаффоф тарзда ташкил этиш кераклиги яна бир маротаба эслатиб ўтилди, таъбир жоиз бўлса талаб қилинди.

25 июль – 5 август кунлари ўтказиладиган қабул имтиҳонларига оммавий ахборот воситалари ҳам таклиф қилинди. Ушбу учрашувда журналистлар ўзларини қизиқтирган бир қанча саволларга жавоб олишди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.