Заҳро Ҳасанова: КИТОБ – СЕН ОСМОНИМСАН!

0
20
марта кўрилган.
Заҳро Ҳасановани ёш китобхонлар яхши билишади. Чунки унинг шеърлари  танловларда ғолибликка эришиб, болаларнинг ёзги оромгоҳларида гимн сифатида янграган.
Шоиранинг  “Зукко алифбо”, “Кутилмаган совға”, “Топишмоқ ва тез айтишлар”, “Кўзмунчоғим” каби китобларидаги айрим ҳикоя ва шеърлари мактаб дарсликлари  ҳамда мактабгача таълим дастурларидан жой олган.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида ижодкорнинг “Китоб – сен осмонимсан” деб номланган яна бир шеърлар тўплами “Azmir nashr print” нашриётида чоп этилди. Мамлакатимиз раҳбари болалар адабиёти ҳақида қайғураётган бир паллада беғубор олам, уларнинг руҳияти, кайфияти акс этган шеърлар жамланмаси шунга жавоб бўлади, деб ўйлаймиз.
Муаллифнинг ушбу китобидаги шеърий сатрлардан жажжи қалбларнинг ширин орзуларини, тиниқ фикрлари ҳамда беғубор туйғулари ифодасини ва болалик суруурини ҳис этасиз. Шоиранинг шеърларини ўқигач, болалар оламига кириб, кўнглингиз ёришади, сўзнинг сеҳрли олами болалигингизга  қайтаради.
Болаларнинг севимли шоираси  ушбу китобини пойтахтнинг Юнус Ражабий номидаги маҳаллада фаолият бошлаган очиқ осмон остидаги миникутубхонамизга ҳам армуғон қилди. Тадбирда эса шоира  етакчилик қилаётган “Гулхан” журнали китобхонлар ўртасида талаш бўлиб кетди. Китобга чанқоқ ёшу каттани кузатар эканман, халқимизнинг шеъриятга ошуфталигидан, китобу журналларга чанқоқлигидан фахрландим. Кичкинтой китобхонларнинг қўлида  очиқ осмон остидаги миникутубхонанинг китобларини ўқиётганини кўрганимда жуда-жуда хурсанд бўламан. Улар орасида Заҳро Ҳасанованинг “Китоб – сен осмонимсан” шеърлар тўплами ҳам кичкинтойларга нур улашмоқда.
Раъно ЗАРИПОВА, GUJUM.UZ cайти раҳбари
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.