Захматкаш, жонкуяр опа-сингиллар – Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди

0
85
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикасида кейинги йилларда  хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенгликка эришиш борасида кўплаб ижобий натижаларга эришилди. Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини эшитганимизда яна бир карра ҳис қилдик.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг  бу йил яъни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширилишига оид давлат дастури қабул қилинди. Ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик томонидан билдирилган кўплаб таклифлар асосида ишлаб чиқилиб, халқона дастурга айланди.

 Дастурда белгиланган барча вазифалар инсон омилига қаратилган. Чунки, у жамиятимизнинг барча қатлами ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш, фаоллигини ошириш, иқтидорини юзага чиқариш, бандлигини таъминлашга оид бир қатор вазифалар белгиланган. Масалан, дастурда оилавий зўравонлик қурбонларига нисбатан жабрланувчининг талабига кўра, суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни соддалаштирилган тартибда кўриш ва ҳал қилув қарорини чиқариш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.

Мазкур ойнинг 11-22-март кунлари АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси бўлиб ўтиши бнлгиланган эди. Ушбу тадбирнинг асосий эътибори гендер тенгликка эришишни тезлаштириш ва камбағалликни бартараф этиш орқали хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилиши таъкидланганди.

Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш борасида 5 йил давомида кўплаб ижобий натижаларга эришганлигини инобатга олган ҳолда БМТнинг Аёллар ташкилоти Марказий Осиё ва Озарбайжон учун маслаҳатлашувларни айнан Ўзбекистонда ўтказиш бўйича таклифини билдирганди. Мазкур маслаҳатлашувлар жорий йилнинг 12-февраль куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати БМТ Аёллар ташкилоти билан ҳамкорликда “Гендер тенгликка эришишни тезлаштириш ва камбағалликни бартараф этиш, институтлар ва гендерга оид молиялаштиришни мустаҳкамлаш орқали барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” мавзусида ўтказилди.

 Ушбу тадбир  Ўзбекистонда ўтказилгани бежиз эмас. Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар натижасида зарур тажриба ва амалиёт тўпланди, хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётда тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштирок этиши учун қулай шароитлар яратилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафаридан 2 нафари аёл киши бўлиши зарурлиги  мустаҳкамлаб қўйилганида ушбу эътиборни яққол кўриш мумкин. Натижада  2021 йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди.  Ушбу кўрсаткич бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди.

Ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши эса 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга етгани айниқса эътиборлидир.

Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда.

–  Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи икки баробарга кўпайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 205 минг нафардан ошди. Биргина 2023 йилда 279 мингдан зиёд тадбиркорлик лойиҳаларига 13 триллион сўмдан ортиқ кредит, қарийб 57 минг нафар хотин-қизга салкам 300 миллиард сўм субсидия ажратилди. Шунингдек, 200 мингга яқин аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Энг асосийси – 400 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз иш билан таъминланди.деди мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев бу йилги Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида.

Дарҳақиқат, Ватанимиз ва халқимиз олдидаги муносиб хизматлари учун аёлларимиздан 17 нафари энг олий мукофот – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган. Хотин-қизларимиз орасида 5 нафар академик, олий таълим муассасаларининг ўзида 700 нафардан зиёд фан доктори, қарийб 3 минг нафар фан номзоди фаолият олиб боряпти. Шунингдек, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Халқ артисти”, “Халқ ўқитувчиси” ва бошқа фахрий унвонларга сазовор аёллар меҳнат қилмоқда.  Мамлакатимиз Президенти ўтган йилги 8- март муносабати билан Ўзбекистон  хотин – қизларига табригида  “Бундай жонкуяр опа-сингилларимизни Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади”,– дея эътироф этганлари барча аёллар учун фахрдир.

 Ўтган йили Адлия вазирлиги 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон қонунчилигида аёлларга қандай имтиёз ва енгилликлар кўрсатиб ўтилгани бўйича маълумот берди. Биз уни сайтимизда ҳам чоп этдик. Ушбу маълумотларни бу йил ҳам сайтимизга қўямиз, улар билан батафсил танишиш мумкин. Бугунги тилга олинаётган ютуқлар ана шу  қонунчиликдаги ҳуқуқ ва имтиёзларнинг самарасидир.

Ана шу имконият ва имтиёзлар  туфайли бундан 6 йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам қарийб 5 баробар  кўпайди, талабалар орасида қизларнинг улуши 50 фоизга етди.

Янги тартибга мувофиқ, магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ талаба қизлар учун 68 миллиард сўмдан зиёд контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилди. 65 мингдан кўпроқ талаба хотин-қизларга 727 миллиард сўмга яқин фоизсиз таълим кредити ажратилди.

Эҳтиёжманд оилаларда яшаётган қарийб 2 минг нафар қизлар, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар олийгоҳларга алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилинди.

Эндиликда журналистика соҳасидаги рақамларга эътибор берсак. Мустақиллигимиз арафасида республикада  атиги 2 та журналнинг бош муҳаррирлари аёллар эди. Ўзбек халқининг севимли шоираси Зулфия ва фидойи ижодкор Яйра  Саъдуллаева. Ҳозир қирқдан ортиқ газета ва журнал ҳамда интернет нашрларнинг бош муҳаррирлари  аёллардир. ”Гулхан”, “Ғунча”, “Тонг юлдузи”  каби болаларга аталган газета-журналларнинг раҳбарлари аёллардир. Шунингдек,  кўпгина вилоят ва туман оммавий ахборот воситаларига  ҳам аёллар раҳбарлик қилмоқдалар. Масалан, “Хоразм ҳақиқати” вилоят газетасининг раҳбари Солияжон Рахимберганова, Чиноз туман газетаси бош муҳаррири Сурайё Ахмедова, Сурхондарёдаги «Аёл ва замон» нашри раҳбари    Камола Юсупова, Кўшкўпир туман газетаси раҳбари Меҳрибон Тиллаева шулар жумласидандир. Жумладан, ўзим ҳам GUJUM.UZ интернет нашрнинг раҳбариман. Сайтимиз бу йил ёзда етти ёшга тўлади. Буларнинг бари мустақил Ватанимиз, янги Ўзбекистон сиёсати  шарофатидир.

Бу йилги 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисидаги Президент қарорида журналистика соҳасида  ишлаётган бир гуруҳ  ижодкор аёллар ҳам  тақдирланди. Улар сафида  «Қорақалпоқ адабиёти» газетаси бош муҳаррири Аннакличева Гулистан Ахмедовна «Меҳнат шуҳрати» ордени билан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи, журналист Ахмедова Махсума Тўхтамуродовна «Дўстлик» ордени билан, «Ғунча» журнали бош муҳаррири Шамаликова Дилфуза Шаюнусовна «Шуҳрат» медали билан мукофотланди. Шунингдек, илмга, қонунчиликни ривожлантиришга муносиб  ҳисса қўшиб келаётган, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Ходжаева Сайёра Атахановна «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Давлат мукофотига муносиб кўрилган, Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди бўлмиш барча аёлларни  сайтимиз таҳририяти номидан муборакбод этамиз.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.