Айни кунларда БААнинг Дубай шаҳрида қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган саблячилар тантанали кутиб олинди.
Мустақил Ўзбекистон тарихида қиличбозлик бўйича биринчи жаҳон чемпиони Зуҳриддин Қодировнинг натижаси Президентимиз томонидан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Қаҳрамонимиз тантанали кутиб олиш маросими ва давлат мукофотини қабул қилиб олганидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:
“Бундан 7 йил олдин Тошкентда қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтганида ушбу спорт турига меҳрим уйғонган. Дунёнинг энг кучли қиличбозлари қандай беллашаётганини кўриш катта завқ берган. Шундан сўнг қиличбозлик залига бориб, ушбу спорт тури билан шуғуллана бошладим. Қисқа вақт ичида қиличбозлик ўзидаги шижоат ва жозиба билан мени ўзига тортди. Айниқса, сабля қуролига меҳрим кўпроқ тушди ва шу йўналишда шуғуллана бошладим.
Йиллар ўтиб ёш болалар, сўнг ўсмирлар ўртасидаги мамлакат чемпионатида шоҳсупага кўтарилдим. Президентимизнинг бизга дунёнинг энг кучли мураббийларини олиб келгани биз ёшларга янада катта мотивация берди. Владимир Назлимов каби 3 карра Олимпиада ва 10 карра жаҳон чемпиони терма жамоада мураббийлик қилар экан, келажакда мен ҳам устозимиз каби юксак марраларни забт этишимга ишонаман.
БААда ўтган жаҳон чемпионатида эришган ғалабам менинг бу ниятим шунчаки хаёлдаги орзу эмас, уддалаш мумкин бўлган вазифа эканини кўрсатди. Мусобақада қиличбозлик спорти тараққий этган Канада, Миср, Венгрия, АҚШ ва Германиядан бўлган рақибларимни мағлубиятга учратишга эришдим. Бу ғалабам давлатимизнинг биз ёшларга спорт билан шуғулланишимиз учун яратиб бераётган шароитларининг самараси. Шу ўринда тенгдошларимга ўзлари истаган спорт тури билан шуғулланишларини тавсия қиламан. Зеро, бунинг учун мамлакатимизда барча шароитлар бор.
Мусобақадан сўнг Она ватанимизга қайтиб келганимизда бизни дастлаб Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида, сўнг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси биносида катта тантана билан кутиб олишди. Айниқса, ғалабам эвазига Президентимизнинг “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармони Спортни ривожлантириш вазири томонидан ўқиб эшиттирилаётган лаҳзалар ҳаётимнинг энг қувончли онлари бўлди.
Фармон ўқилаётганда олдимда ўтирган онамга қарар эканман, кўзларидан оқаётган қувонч ёшларини кўриб, бу чемпионлик йўлидаги барча машаққатлар бутунлай унутилди. Ахир бир фарзанд учун бундан ортиқ яна қандай бахт бўлиши мумкин?! Бу ғалабамда устозларим қатори оиламнинг ҳам беқиёс ўрни бор. Уларнинг қўллаб-қувватлаши менга ҳар доим куч берган. Келгусида Олимпия ўйинларида ҳам ғалаба қозониб, ота-онамни кечагидек дунёнинг энг бахтли инсонлари қилиш ниятидаман ва бунинг учун қўлимдан келган барча ишни қилишга ваъда бераман».
Манбаа: Olympic.uz