Tабиий маҳсулотларни киритган ҳолда неъматланиш

0
354
марта кўрилган.

Соғлом турмуш тарзи деганимизда тўғри  овқатланиш, кун тартибига табиий маҳсулотларни киритган ҳолда неъматланиш, жисмоний машқларни мунтазам бажариш,  ўз вақтида ва 8 соат ухлашга риоя қилиш тушинилади.

Чунки, организмнинг иммун тизими саломатлигимиз қалқони саналади. Иммунитет мустаҳкам бўлса, кишига  касаллик юқмайди, руҳан ва жисмонан тетик юради.

Табиий неъматлар фойдаси. Иммунитетни мустахкамлашда ёзда  барра ва қишда куритилган мева-сабзавотларнинг аҳамияти беқиёс. Консервантлардан таркиб топган егуликлар эса организм ҳимоя тизимини ҳимоя қилишга қодир эмас. Шу билан бирга доим бир хил таркибдаги таомларни ейиш ҳам иммунитетни заифлашриради.

Бодринг барчага бирдек фойдали. Унинг таркибида холестеринни камайтирувчи моддалар мавжуд. Шу билан бирга танга қувват ҳам бўлади. Умуман, яшил рангли сабзавотлар, кўкатлар қонни кислородга тўйинтириш хусусиятига эга. Бундан ташқари, организмда азот алмашинувини кучайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Инсон организмида суюқлик миқдори етарли бўлса, унинг ҳимоя тизими янада фаол ишлайди. Агар ошқозон -ичак тизимида мунтазам муаммолар кузатилса, тез-тез шамоллаш юзага келса, терига  тошмалар тошса, демак, организмга  керакли миқдорда суюқлик ичмаётганингизни билдиради. Шу боис ҳам маъданли ёки қайнатиб тиндирилган сув, ҳўл ва қуритилган мевалардан шарбат тайёрлаб ичиш мақсадга мувофиқдир. Одам организмидаги суюқлик танқислигини тери қуруқшаб қолиши, лаб ёрилишидан ҳам билиш мумкин.

Энг кучли ҳимоячилар. Саримсоқ ва лавлаги иммунитетни кўтарувчи энг кучли неъматлардир. Улар ҳатто ривожланиб келаётган саратон хўжайраларини йўқ қилиш ва силнинг олдини олишга ҳам қодир. Антиоксидантлар  турли касалликларни бартараф этишга хизмат қилади. Бу гуруҳга мансуб маҳсулотларнинг энг фойдалиси  маймунжон, қулупнай, қорағат, занжабилдир. Улар юрак қон-томир касалликларига қарши иммунитет ҳосил қилишда муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, карамнинг турли турлари, сабзи, селдерей,  каби сабзавотлар ҳам организмнинг ҳимоя тизимини рағбатлантириши фанда исботланган.

Оқсилнинг каромати. Балиқ, гўшт, тухум, дуккакли маҳсулотлар оқсилга бой бўлгани боис таомномага киритилиши керак. Турли хил гўшт ва турфа балиқдан тайёрланган таомларни алмаштириб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ловияли салат, димлама, мошкичири, мошхўрда, ясмиқли  ва  жўхорили шўрвалар  каби  таомлар оқсил заҳирасини янада бойитиши аниқ.

Қиш мавсумидаги нонушта – кундузги қалқон. Кексаларимиз наҳорга бир сиқим ёнғоқни майиз билан ейиш минг дардга даво, дея бежиз айтишмайди. Мутахассислар эса худди шу егуликларга табиий  сариёғни ҳам қўшишни тавсия қилишади. Чунки, нонга сариёғ суртиб, устига  ёнғоқ-майиз қўйиб ейилса, ушбу маҳсулотларнинг  фойдаси янада кучаяди. Нонуштага бир кичкина қошиқда асал истеъмол қилиш ҳам кони фойда.  Асал сарёғнинг устидан нонга суртиб  ейилса бу ҳам иммунитетни кўтаради. 

Шунингдек, қиш ва куз фаслларида шолғом ва турпни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Бу сабзавотлар организмда моддалар алмашинувини яхшилайди, томирларда тромб ва шамоллашлар  ҳосил бўлишининг олдини олади. Шунингдек, атеросклероз ва семиришдан ҳимоялайди.

Соғлом турмуш тарзи. Иммунитетни мустаҳкамлаш учун соғлом турмуш тарзи қоидаларига қатъий амал қилиш, яъни зарарли одатлардан воз кечиш керак. Шунингдек, ҳар куни бадантарбия машқларини бажариш, уйқунинг етарли бўлиши ҳам иммунитетни кучайтиради.

Ўз вақтида овқатланилса организмда кечадиган жараёнларнинг бари тартибга тушади. Кечкурун уйқу олдидан бир пиёла ёғсиз қатиқ ичиб ётиш эса ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди,  иммунитет  янада кучайтиради. Турли рангли ичимликларни болалар яхши кўради,  уларни ҳам чеклаш керак.  Яхшиси  қайнатиб совутилган табиий сув ҳамда кўк чой ичишдир.

Иммунитетни кучайтиради дейиладиган дармондориларни мутахассис маслаҳати билан истеъмол қилиш керак.

Тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.