Аҳил оила мактаби

0
1324
марта кўрилган.

  Биз аёллар наздида оила бошлиғи топарман-тутарман, маошини хотинидан бекитмайдиган, уйим-жойим деб тинмайдиган эр рисоладагидек эркак ҳисобланади. Аёл деганда эса пазанда, эпчил, ширин сўз, уй-рўзғор юмушларини бекаму кўст адо этадиган рафиқа жонланади. Албатта, бу нисбатлар ҳам ўз ўрнида тўғри. Аммо, осойишта оилани таъминлайдиган ўзаро муносабатларни мустаҳкамлайдиган бошқа асослар ҳам мавжуд. Буларга руҳий яқинлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, муносабатларда ҳалимлик ҳам  киради.

Пул топиб рўзғорни таъминлаш ва мазали таомлар қилишнинг ўзи билан оилавий ҳаёт гўзал ва аҳил бўлади дейиш қийин. Демак, оилани мустаҳкам бўлишида эр-хотиннинг кўнгил яқинлиги, дунёқарашининг уйғунлиги, асосийси бир-бирини тушуниб  яшашга интилиши муҳимдир. Кўнгил яқинлиги, ўзаро ҳурмат, муҳаббат бор жойда моддий етишмовчилик ва бошқа қийинчиликлар осон енгиб ўтилади.  Аҳил оила бўлмоқнинг тўққизта сирини  тавсия қиламиз. Синаб кўринг.

Ширин сўз – жон озиғи

Ҳар қандай вазиятда ҳам сўзингиз мулойим тилингиз ширин бўлсин. Камчиликларингиз ҳақида гапирганда тўғриликча қабул қилишга одатланинг. Керагидан ортиқ сўз гапирманг. Хато ва камчиликларингизни тузатишга киришинг. Кейинги сафар хатога йўл қўмасликка ўзингизни мажбурланг. Ҳар доим кўнгли очиқ аёл бўлинг. Бу эса сизнинг ютуғингиз.

Сариштали аёл – париштали бека

    Оиланинг энг нозик тамони ҳам тозаликдир. Уйга меҳмон бўлиб келган киши остонадан уйнинг бекаси қанақалигини бир қарашда билади. Шунинг учун уйқудан вақтли уйғонинг ишни тозаликдан бошланг. Ошхонани ўзингиз учун ишхонага айлантиринг. Шинам, тоза ошхона соғлик гарови. Унутмангки, ҳаммаёқ сарамжон бўлса, кўнгил ҳам хотиржам бўлади.

Меҳнат қадрни оширади, пазандалик оилани жамлаштиради

    Кун бўйи ишлаб келдим деб уйга келиб ётиб олманг. Фарзандларингиз, оилангиз учун сизни чарчашга ҳаққингиз йўқ. Сиз чарчасангиз, оилангиз ҳам чарчайди. Ишдан келган заҳоти бир пас дам олиб, ширин овқатлар қилишга киришинг. Нима овқат тайёрлашни олдиндан режалаштириб, баъзи маҳсулотларни тайёрлаб қўйинг. Фарзандларингиз учун ҳам қўли ширин пазанда бўлишингиз керак. Осон ва мазали пишириқлар пишириб уларни кўнгилини олинг. Кечки мазали овқатни оила даврасида жамулжам бўлиб, ейишга нима етсин.

Фарзанд тарбияси – ҳаёт ва мамот

    Фарзандлар келажагимиз меваси. Дарахт гуркираб ўсиши учун ҳар куни сув ва қуёш керак. Бола ҳам офтобдек меҳр ва соғлом турмуш тарзи қучоғида бўлиши лозим. Бола тарбиялашда жуда ҳам эътиборли бўлинг. Уларга меҳр бериш билан бирга эркалашларни ҳам меъёрида бажаринг. Ёшлигидан меҳнат қилишга ўргатинг. Кундалик юмушларини белгилаб, маслаҳатлашиб қўйинг. Сизга уй юмушларида ёрдамлашса рағбатлантиринг. Бу рағбат болангизни яна ҳам меҳнат қилишга ундайди. Жаҳлингиз чиққанида уларни уришманг акс ҳолда жиззаки бўлиб қолади. Хатоларини осойишталик ва сабр-тоқат билан туширтиришга ҳаракат қилинг. Болаларнинг  бўш вақти бўлишига ҳеч имкон берманг.

Оила ҳисобини бошқариш

Сиз оиланинг бош ҳисобчисиз шуни унутманг! Рўзғорнинг етар етмаслиги сизнинг зиммангизда. Маошни тақсимлаётганда ҳеч ҳам адашманг, ҳатто, орттиришга, бироз жамғаришга ҳаракат қилинг. Бу ҳам сизнинг ютуғингиз. Эрингиз  топганининг баракаси кўринади. Жуфти ҳалолингиз сизни  ҳақиқий  севимли бека  деб тан олади.

Мароқли дам олинг

Кечки овқатдан сўнг кечки оилавий кечки сайр уюштиринг. Ўзингиз ҳам уй юмушларидан фориғ бўласиз. Миянгиз дам олади. Пиёда юриш инсон соғлигига жуда фойдали ҳисобланади. Ўзингиздаги ҳолсизлик йўқ бўлганини ҳис этасиз. Эртанги кунни яхши кайфиятда қарши оласиз.

Вафодор бўлинг!

Оила аъзоларингизни  эъзозланг. Ҳурмат қилсангиз иззат топасиз. Улардан ширин сўзингизни аяманг. Жуфти ҳалолингизни кайфияти йўқлигида, жаҳли чиққанида сиз жим туринг. Бу ўтиб кетадиган ҳолат. Ишдан кеч қолганида сўроққа тутишга шошилманг. Кейинроқ ўзларига келганида сабабини сизга айтиб беради. Ҳар доим кийимлари тоза турсин. Сизни ишингиздан ҳеч қачон камчилик топмасин. Борингизга шукр қилсин. Фарзандларингизга ҳам шу тартибни ўргатинг. Қўш уясида кўрганини қилади.

Баҳслашманг

Ҳеч қачон бир-бирингиз билан баҳслашиб қолманг. Айниқса, фарзандлар олдида. Кам гапириб  кўпроқ тинглашни ўрганинг. Турмуш ўртоғингизнинг  гапини ҳеч қачон нотўғри деманг, сиз ҳақсиз тўғри дейишга ҳаракат қилинг. Узр сўрашни унутманг. Бировларни олдида нафсониятига тегманг, камчилик ахтарманг. Шу камчилик сизда ҳам талайгина бўлиш эҳтимоли йўқ эмас, зеро, ҳеч ким айбсиз бўлмайди.

ХУЛОСА

Инсон ёлғизликда бахт ва ҳаловат тополмайди. Бу математика тили билан айтганда аксиома – ҳаётнинг исбот талаб қилмайдиган ҳақиқати. Шундай экан, оила мустаҳкамлигига ҳали оила қурмасдан аввал ҳаракатни бошланг. Оилани мустаҳкамлаш сирларини аввалдан ўрганиб олинг. Турмуш қурганингиздан кейин доим бир мақсад бўлсин: турмуш ўртоғингиз сиз билан фахрланишини астойдил истанг. Ишонинг, бу истак турмушда учрайдиган барча қийинчиликларни енгиб ўтади ва оилангиз  аҳил ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлайди.

 Дилфуза Азимова тайёрлади.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.