АСТМА КАСАЛЛИГИ БЕЛГИЛАРИ ВА УНИ ДАВОЛАШ

1
9264
марта кўрилган.

Aстма жиддий юқумли бўлмаган касалликлар сарасига киритилган бўлиб, нафас йўлларининг яллиғланиши ва торайиши билан тавсифланган сурункали ўпка хасталигидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таҳлилларига кўра, 2019 йилда бутун дунёда астма билан касалланганлар сони 262 миллион нафарни ташкил этди ва улардан 461 минг нафар кишида хасталик ўлим ҳолати билан якун топган.

 Мамлакатимизда эса аҳолининг 5 фоизга яқин қисми мазкур дард билан оғрийди. Хўш, астма қандай касаллик? Унинг ўзига хос белгилари, уни даволаш усуллари қандай?

 Ушбу саволларга  Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза ПАРПИЕВА жавоб беради.

 – Астма сўзи юнон тилидан таржима қилинганда “бўғилиш”, “оғриқ” деган маъноларни англатиб, касаллик доимий ва такрорланиб турадиган бўғилиш хуружлари билан тавсифланади.

 Бронхиал астма — бронхларнинг аллергик ёки инфекцион сабабларга кўра сурункали тарзда яллиғланиши ҳисобланиб, хасталик аллерген омилларга боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган турларга бўлинади.

 Тиббиётда аллергенлар асосан тўрт гуруҳга ажратилади: дарахт гулларининг чанги, уй чанглари, ҳайвон юнги ва бошқалар. Ноаллергик сабаблар сифатида жисмоний юкламаларнинг кўплиги, руҳий тушкунлик, совуқ ҳаво кабиларни киритиш мумкин. Тўғри, совуқ ҳаво, вирусли инфекциялар, ўткир ҳидлар, асабийлашиш аллерген ҳисобланмайди, бироқ мазкур омиллар астма хуружига туртки бўлиши мумкин.

 — Касалликнинг қандай ўзига хос белгилари бор?

 — Хасталик кечаю кундуз мунтазам йўтал, бўғилиш ва нафас чиқаришнинг қийинлиги, жисмоний машқлар пайтида бўладиган йўтал, кўкракнинг “ҳуштак” чалиши, аллергенлар билан мулоқотда бўлганда хуружларнинг қўзғалганлиги ҳамда кўкрак қафасидаги ноқулайлик каби белгилар билан кечади.

 Беморнинг нафаси қисилганда тананинг диафрагма соҳасида кучли оғриқ пайдо бўлади. Хуруж йўтал тутиши билан бирга келиб, бронхлар ички юзасидаги балғам чиқариб ташлангач, бемор аҳволи бирмунча яхшиланади. Касаллик хуружида ўпка альвеолаларида газлар алмашинуви кескин сусаяди. Бу эса организмнинг кучсизланиши, нутқ муаммолари ва тахикардия (юракнинг тез уриши)ни келтириб чиқаради.

 Шунингдек, баъзиларда касаллик хуружи жисмоний юкламалардан сўнг янада кучаяди. Айримлар эса совуқ ҳаводан нафас олганида ҳам ўзини ёмон ҳис қилади. Бу, албатта, тананинг индивидуал хусусиятига боғлиқ.

 Ушбу хасталикка жиддий эътибор қаратиш зарур, акс ҳолда турли кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқади. Агар ўз вақтида муолажа қилинмаса, астма, ҳатто, ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Шу боис унга эътиборсиз бўлиш асло ярамайди.

 —  Астма ирсий касалликми?

 — Бронхиал астма билан оғриган катталарнинг учдан бир қисми болалигида айнан ушбу хасталикка чалинган бўлади. Ўсмирлик пайтида ундан халос бўлган одамларнинг катта бўлганларида астма хавфига дучор бўлиш эҳтимоли юқори. Бу пайтда касалликнинг ривожланиш хавфи ирсий омиллар, шунингдек, атроф-муҳитнинг таъсири билан янада кучаяди.

 Тиббиётда бронхиал астманинг келиб чиқиш сабаблари орасида наслий мойиллик алоҳида тилга олинади. Айниқса, аллергик бронхиал астмада ирсий омиллар муҳим ўрин тутади. Агар ота-онанинг бирида касаллик мавжуд бўлса, туғилажак фарзандда хасталикнинг эҳтимолий даражаси 20-30 фоизни ташкил этади. Борди-ю, ота-онанинг иккиси ҳам астматик ҳисобланса, касалликнинг насл суриш эҳтимоли 75 фоизни ташкил қилади.

— Болаларда астма касаллиги қандай даволанади?

Астма касаллиги ёш танламаслиги, айниқса, болаларда кузатиладиган сурункали хасталиклар орасида етакчи ўринда туриши билан барчани жиддий ташвишга солади.

 Одатда болаларда астма икки босқичда даволанади. Биринчи галда касалликни келтириб чиқарувчи омиллар – аллерген, совуқ ҳаво, ташқи муҳитдаги бегона моддалар(тамаки, чанг)ни аниқлаб, уларни бартараф этиш зарур. Иккинчиси, касалликни дори билан даволаш усулидир. Бу усулни доимий ёки хасталик хуруж қилганда амалга ошириш мумкин.

Шифокорлар бундай пайтларда кўпинча гормонал препаратлар, глюкортикоидлар, ингаляцион бронхолитиклар ва антилейкотриен дори воситаларидан кенг фойдаланади. Парҳез тутиш буюради. Болаларда даволаш тўғри олиб борилса уларнинг 50 фоизи бутунлай тузалиб кетиши мумкин.

 — Катталарда касаллик қандай даволанади?

 — Астма қанча эрта аниқланса, муолажалар шунчалик яхши фойда беради. Аниқланган хасталик босқичига кўра, турли дори воситалари ва физиомуолажа (нафас йўллари гимнастикаси, машқлар, сузиш ва бошқа чиниқтирувчи усул) лар билан  даволанади.

 Шуни айтиш лозимки, бронхиал астма сурункали хасталик бўлиб, ундан бутунлай халос бўлиш қийин жараён ҳисобланади. Бироқ тўғри танланган муолажа усуллари ёрдамида беморнинг умумий ҳолатини узоқ ва барқарор ҳолатга олиб келиш ва бу орқали унинг саломатлигини яхшилаш мумкин. 

Бронхиал астмада ингаляцион бронхолитиклар ( қисқа ва узоқ таъсир қилувчи) ингаляцион глюкокортикоидлар, антилейкотриент дори воситалари катта самара беради. Беморлар доимий равишда ўзини назорат килиб юришлари керак, хар кандай аҳволдаги ўзгаришларини ўз вақтида шифокор билан маслахатлашиб давони давом эттиришлари керак.

Шифокорлар касалликдан ҳимояланиш учун энг биринчи галда аллергенлардан эҳтиёт бўлишни тавсия этади. Айниқса, бемор яшаётган уй озода бўлиши, хоналар тез-тез шамоллатиб турилиши, атрофда чанг зарралари, кимёвий воситалар, ҳайвонлар (мушук, ит) бўлмаслиги лозим. Аммо инсон ҳаёти давомида барибир аллергенлар билан “учрашади”. Шу боис бемор бронхларини ҳимоя қила олиши керак.

 Бунинг учун юқори самарали махсус дорилар ёрдамида доимий бронх деворлари яллиғланишини бир меъёрда ушлаш талаб этилади. Бундан ташқари, касалликни олдини олиш учун АҚИД (Аллергенга қарши иммуно даво) терапия усули қўлланилиш ҳам яхши самара беради. Фақат бу муолажа аллерголог назоратида олиниши зарур.

 Яна бир гап. Астма кўпинча уйқу пайтида кўпроқ намоён бўлади. Боиси бу вақтда нафас олиш йўллари сезгирлиги ортиб, ўпканинг қисқариши пасаяди. Шунингдек, тунда организм ўпка фаолиятини ўзгартирувчи махсус моддаларни ишлаб чиқаради ва тана ҳарорати пасаяди. Бу эса нафас йўлларининг совушига олиб келади.

— Астма касаллиги билан оғриётганларга тавсиянгиз.

 — Ушбу хасталик билан оғриган инсонларга шифокорлар йилда икки бор табиат қўйнида, айниқса, арча кўп экилган сиҳатгоҳларда ҳордиқ чиқаришни тавсия этади.

 Шунингдек, истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам аллергик таъсирлардан холи бўлиши талаб қилинади. Унутманг, агар ҳаёт тарзингизда тартибга риоя қилмас экансиз, бу хасталик билан курашиш анчайин қийин кечади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.

 

Ёйиш

1 мулоҳаза

  1. assalomu alekum meni onajonim asma kasali bilan qiynaladi nafas yo’lari bug’ilib qoladi nafas olishi qiyinlashadi shunga qanaqa tafsiyalar berasiz uning butunlay davolasa bo’ladimi tafsiyalaringiz yoki davolovchi shifokorlar yoki biron yo’li bo’lsa tafsiya qiling javob uchun rahmad

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.