Астма касаллигида лимон шарбати ва қирғичдан ўтказилган хрен аралашмаси самарали даво ҳисобланади.
Малҳам тайёрлаш ва истеъмол қилиш тартиби. Бунинг учун 3 дона лимон шарбатига 2 ош қошиқ майдаланган хрен қўшиб аралаштирилади ва музлатгичга қўйилади. Бундай аралашмани 0,5 чой қошиғидан кунига 2 маҳал (эрталаб ва кечқурун) истеъмол қилиш тавсия этилади. Мазкур малҳамни истеъмол қилгандан сўнг, 30 дақиқа давомида ҳеч нарса ейиш ва ичиш мумкин эмас. Даволаниш жараёнида эса таомномадан барча сут ва сутли маҳсулотларни батамом чиқариб ташлаш лозим.
Иккинчи малҳам. 2 бош саримсоқпиёз ва 5 дона лимон мевасини қирғичдан ўтказиб, устига хона ҳароратидаги 1 литр сув қуйилади ва бу аралашма 5 кун тиндирилиб қўйилади. Сўнгра докадан ўтказилиб, 1 ош қошиқдан кунига 5 маҳал овқатланишдан 20 дақиқа олдин ичилади.
Учинчи малҳамда бир ҳил нисбатда олинган қизил лавлаги, турп, пиёз, лимон шарбатлари ва алоэ барги шарбати тоза асал, шакар ва 96% ли спирт билан аралаштирилиб, малҳам тайёрланади. Бу малҳам музлатгичда сақланади ва ҳар куни овқатдан ярим соат олдин икки ош қошиқдан кунига 3 маҳал истеъмол қилинади. Ушбу малҳамни қабул қилиш касаллик кучайишининг олдини олади ва нафас аъзолари фаолиятини яхшилайди.
Тўртинчи малҳамда 5 дона соғлом товуқлардан олинган экологик тоза уй тухуми яхшилаб ювилиб, пахтага ҳўлланган спирт билан икки марта артилади ва 1 литрли шиша банкага солинади. Устидан лимон шарбати қуйилади. Банканинг усти дока билан яхшилаб ёпилиб, музлатгичга қўйилади. 7-9 кундан сўнг тухум пўчоқлари эриб кетади. Шу вақтда тухумлар банкадан ёғоч қошиқ билан олиниб, устидаги юпқа пўсти олиб ташланади. Кейин тухум оқи ва сариғи билан яна банкага қайта солинади. Банкадаги аралашмага 300 грамм тоза асал ва 250 грамм сифатли конъяк қўшилиб (қалбаки асал ва қалбаки коньякни ишлатиш фойда бермайди), яна 3-5 кун сақланади. Ушбу малҳамни истеъмол қилишдан аввал уни яхшилаб чайқатиб юборилади. Малҳам биринчи куни 1 чой қошиқдан ичилади ва кетидан 1 чой қошиқ табиий балиқ ёғи ҳам ичилади.
Фазилат Саъдуллаева, фармацевт