AstraZeneca икки марта, ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси эса уч марта қабул қилинади

0
80
марта кўрилган.

Мамлакатимизда ўтказилаётган вакцинация, аҳолини оммавий эмлаш тадбирлари бўйича ССВ Матбуот хизмати саволларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Ботир ҚУРБОНОВ жавоб берди.

— Айни пайтда мамлакатимизда қанча вакцина бор ва тўлиқ эмланиш учун неча марта вакцина қабул қилиш керак?

— Бутун дунё, хусусан, мамлакатимизда бир йилдан ортиқ давом этаётган пандемия даври жамиятимизга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти.

Юқумли касалликлар бўйича энг самарали профилактика бу — вакцинация, аҳолини оммавий эмлаш ҳисобланади. Дунёнинг кўпгина мамлакатлари қаторида ўтган йил декабрь ойидан бошлаб юртимизда ҳам аҳолини оммавий эмлаш жараёнларига тайёргарлик бошлаб юборилган эди.

Хабарингиз бор, Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd компанияси томонидан юртимизда 3-босқич синовлари муваффақиятли ўтган, ўзбекистонлик мутахассислар ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 1 миллион дозаси Хитойдан олиб келинган эди.

Бундан олдинроқ эса, COVAX глобал ҳамкорлиги доирасида 660 минг доза “COVID-19”га қарши AstraZeneca вакцинаси ҳам олиб келинганлиги ҳақида хабар берган эдик.Шу кунларда қизғин давом этаётган вакцинация жараёнлари учун жами 1 миллион 660 минг доза миқдоридаги вакцинадан фойдаланилмоқда.

Фуқаролар AstraZeneca вакцинасини икки марта, ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини эса уч марта қабул қилгач, тўлиқ эмланган ҳисобланади. Фуқаролар қайси вакцина билан эмланишни ўзлари танлаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойининг бошидан бери 35 минг нафардан ортиқ киши коронавирусга қарши эмланди. Энг муҳими, шу кунга қадар эмланганлар орасида бирор марта ножўя таъсирлар кузатилмади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.