Таътил тугашига ҳам саноқли кунлар қолди. Болалар жамоат жойларига кирганида албатта, иммунитети юқори даражада бўлиши керак. Чунки, касалликка чалинмаслик ёки уни енгил ўтказишда иммунитет катта аҳамиятга эга.
Мактаб ўқувчиларидаги иммунитет заифлигига кўпинча витаминлар танқислиги, мириқиб ухламаслик, мунтазам руҳий бузилишлар сабаб бўлади. Витаминлар танқислигини тўғри овқатланиш орқали ҳам олдини олиш мумкин. Тўғри овқатланишни ташкил қилишдаги биринчи қадам овқатланиш маданиятига риоя қилишдир. Бола кунига камида 4 марта овқатланиш керак. Нонушта, тушлик, кечки овқат мунтазам бўлиши ва жадвалга мувофиқ бўлиши керак.
Мактаб ўқувчилари орасида пала-партиш овқатланувчи болаларнинг сони йилдан йилга ортиб боряпти. Ярим тайёр фасфуд таомлар кўпинча болаларга зарур бўлган витамин ва минералларни овқатдан олишига тўсқинлик қилади.
7 ёшдан 12 ёшгача бўлган даврда боланинг танасида бир вақтнинг ўзида ҳам ўсиш ва ҳам билим олиш масъулияти турганини унутмаслик керак. Бу эса оила аъзоларидан алоҳида эътибор талаб этади.
Агар болада озғинлик ёки ортиқча вазн бўлса, шифокор маслаҳати зарур. Спорт билан шуғулланадиган ўқувчининг овқатланиши жисмоний машқлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда тузилиши талаб этилади.
Йодланган тузни доимий истемол қилиш, сув ичиш режимига амал қилиш ва овқатланиш рационида витанимларга бой бўлиши керак.
А витамини билан бойитилган сабзи ва ширин картошкани, цитрус мевалари ва брокколи С витамини ҳамда грипп ва нафас йўлларининг юқумли касалликларига қарши курашишда ёрдам берадиган Е витаминига бой ёнғоқлар, албатта, болалар рационида бўлиши мақсадга мувофиқ.
Мактаб ёшидаги болаларининг организми маълум тартиб-кўникмаларга мослашади. Шунинг учун ухлаш, овқатланиш, ўйнаш, юриш-югириш ва машқ қилиш учун вақт топиш жуда муҳимдир. Иммунитетни яхшилаш учун болани ёшлигиданоқ режимга кўниктириш яхшироқдир. Турли ёшларда эрталаб туриш, тушлик қилиш, уй вазифасини бажариш ва ётишга тавсия этилган вақт мавжуд.
Кичик мактаб ёшидаги бола кечқурун соат 21:00да ётиши ва эрталаб соат 7:00да туриши керак, каттароқ ўқувчилар кейинроқ, соат 22:00да ётишлари мумкин. Тўлиқ кунлик дам олиш иммунитетга ижобий таъсир кўрсатади. Уйқу пайтида бола организмидаги метаболизм тезроқ бўлади, шунинг учун болалар бу соатларда яхши ўсади.
Уйдаги ижобий -руҳий вазият болалар саломатлигининг муҳим шартидир. Мактаб ўқувчисининг психологик ҳолатини барқарорлаштиришнинг энг яхши усуллари бу дўстлар билан яхши мулоқатда бўлиш, севимли машғулотлари билан шуғулланиш, ота-оналар билан биргаликда кўнгилли томоша кўриш, ўйин ўйнаш ва саёҳат қилиш кабилардир.
Хулоса қилиб айтганда, мактаб ўқувчиларини иммунитети ошириш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш катта аҳамиятга эга. Яъни тўғри овқатланиш, вақтида ухлаш, кун тартибини тўғри ташкил этиш(ақлий меҳрат билан жисмоний меҳнатни мунтазам алмаштириб туриш) ва энг асосийси: оилавий осойишталик, ўзаро дўстона муносабатлар катта аҳамиятга эга.
Олий тоифали врач, тиббиёт фанлари номзоди Шоира Бекчанова тайёрлади.