Болаларда кўз ғилайлиги хасталиги

0
9305
марта кўрилган.

Ушбу касаллик бошидан лат ейиш, бош мия хасталиклари, оғир кечган ҳомиладорликдан кейинги ҳолат, сочнинг кўзга тушиб туриши, нотўғри тақилган кўзойнак сабаб бўлиши мумкин. Ҳомиладорликнинг биринчи ойларида кўз мушакларининг нотўғри ривожланиши, психологик касалликлар ёки бош жароҳатланиши болаларда ғилайлик касаллигини келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, нимадандир қаттиқ қўрқиш сабабли ушбу касалликнинг келиб чиқиш ҳолатлари ҳаётда кўплаб учрайди. Кўз қири билан қия қараш, қизамиқ, қизилча, грипп, дифтерия (бўғма) каби инфекцион касалликлар яхши даволанмаса ҳам ғилайликка сабаб бўлиши мумкин. Узоқни ёки яқинни кўролмаслик, астигматизм, анизометропия каби туғма кўз касалликлари сабабли ҳам ғилайлик келиб чиқиши эҳтимоли бор.

КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ. Чақалоқларнинг беланчаги ёнига ёрқин рангдаги ўйинчоқларни осадиган бўлсангиз, албатта унинг эътиборини тортади ва у ўйинчоққа узоқ вақт тикилиб қарайди. Шунинг учун ўйинчоқни каравотдан 50 см. узоқликка илиш тўғри бўлади. Агар фарзандингизда ғилайлик хасталиги аниқланса, ўйинчоқларни каравотнинг икки томонига осиб қўйинг. Шунда у ҳа деб тўғрига қарайвермайди. Майда ўйинчоқларга ҳам яқиндан тикилиш шу касалликка сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун каттароқ ҳажмдаги ўйинчоқ сотиб олинг ва уни фарзандингизга яқинлаштирмасдан узоқроқдан қаратинг.

Икки ёшдан тўрт ёшгача бўлган болалар расм дафтарига ёки китобга жуда яқин масофадан тикилиб чизаётган, китоб ўқиётган ёки телевизор томоша қилаётган бўлса, узоқ масофада ўтиришларини уқтириш, ҳаттоки, бир муддат телевизор томоша қилишни таъқиқлаб қўйиш керак бўлади. Бу ёшдаги болаларнинг кўриш қобилияти тўғри ривожланиши учун нақш ишлаш санъати (мозаика), калейдоскоп, стол устида футбол, хоккей ва бадминтон ўйинлари фойдали ҳисобланади.

ОВҚАТЛАНТИРИШ. Болалар А, Е, С витаминларига бой таомларни кўпроқ истеъмол қилишларига эътибор бериш керак. Сабзи шарбатига лавлаги ва бодринг шарбатини қўшиб ичиш тавсия этилади.

КЎЗ ГИМНАСТИКАСИ ғилайлик касаллигида қўшимча даво ҳисобланади. Қуйидаги машқларни бажариб юриш беморлар учун фойдадан ҳоли бўлмайди.

1-машқ. Офтобга тескари турган ҳолатда, бир томонга кўзни оғгдириб ва уни очиқ қолдириб, тўғрига қараган кўзни қўл билан беркитилади. Бош кўз оғган томонга офтоб нурини туширмасдан бурилади. Ушбу ҳаракатларни камида 10 марта такрорлаш тавсия этилади.

2-машқ. Бошингизни орқага ташлаган ҳолатда бурнингиз учига бир оз вақт қараб туринг. Агар бу машқни ёш бола бажараётган бўлса, “тасаввур қил бурнингни учида чивин турибди”, деб болангизни қизиқтиринг.

3-машқ. Қўлларингизни олдинга узатинг, кейин кўрсатгич бармоғингизни галма-галдан бурнингиз учига текказинг. Нигоҳингизни қўлларингизга қаратинг. Мазкур машқни тез-тез ва узоқ вақт такрорланг, токи кўзингиз чарчаб кўз ёши чиққунча.

4-машқ. Қўлингизга кўрсатгич таёқчага ўхшаган буюмни олиб уни олдингизга жойлаштиринг. Шу буюм ёрдамида ҳар томонга бетартиб ҳаракатлар қилиб, кўзингизни буюм учига қаратинг.

5-машқ. Кафтингиз билан кўзларингизни маҳкам ёпинг. Ёруғлик тушмаганлигини текшириб кўринг. Қоронғиликда кўзингизни очиб турли буюм ва нарсалар шаклини тасаввурингизда чизинг. Масалан: апельсин, гул, илон, квадрат ва бошқалар.

Юқорида қайд этилган муолажаларни 1,5-2 йил муддатда таъсири сезилмаса, унда жарроҳлик йўли билан даволаш амалга оширилади. Аммо, жарроҳлик операциясидан кейин ҳам ушбу гимнастикани қўллаш лозим. Машғулотлар кўз фаолиятини меъёрига келтиради.

Ғилайликни операциясиз махсус кўзойнак тақиш билан ҳам тузатиш мумкин. Фақат шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиш лозим.

Тиббиёт фанлари номзоди Шоира Бекчанова  тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.