Болалардаги ясси оёқликнинг олдини олиш

0
11562
марта кўрилган.

Болаларда ясси оёқлик жиддий муаммо ҳисобланади. Улғайганда узоқ юра олмайдиган, тез толиқадиган бўлиб қолади.

Болаларда   кўп учрайдиган нуқсон ясси оёқликнинг туғма кўринишини беш ёшгача аниқлаш қийинчилик туғдирганлиги сабабли шифокорлар профилактика мақсадида болаларнинг оёқ кийимига ортопедик мосламаларни солишни тавсия этадилар. Бундай мосламалар ясси оёқликнинг вужудга келишининг олдини олади. Уни даволаш қийин эмас. Дори воситалари ҳам шарт эмас. Ҳафсала, болага эътибор  керак халос.

 Бу хасталикни даволаш бўйича профилактик муолажалар қанчалик тез бошланса, шунчалик гўдак оёқлари тўғри ривожланиб ўсади.

Фарзандингизда ясси оёқлик мавжудлигини қандай аниқлаш мумкин? Болани ялангоёқ юргизинг. У турли йўналишларда юриб кўрсин. Сиз эса оёқчаларининг ички қисмини кузатинг. Улар ерга деярли тегмаслиги керак. Камдан кам ҳолатларда ясси оёқлик туғма бўлади. Одатда бола юра бошласа нуқсон кўзга ташланади.

Ясси оёқликни компьютер подометрия (оёқ излари сурати) ёрдамида аниқлаш мумкин. Одатда соғлом оёқ ост қисмининг ички томони, умумий ост қисмнинг 3/2 қисмини ташкил этиши керак. Ясси оёқликда эса ушбу ички томон йўқ бўлади, ёки жуда кам қисмни ташкил қилади.

Болаларда ясси оёқликнинг олдини олишни бола туғилган илк кунларидан бошлаш лозим. Бунда бола оёқларининг мушакларини мустаҳкамлаш зарур. Бунинг учун уқалаш, даволовчи гимнастика, махсус муолажалардан фойдаланилади. Болдир ва товон мушакларини уқалашни ота-оналарнинг ўзлари бажариши мумкин. Болдир мушакларини бармоқларингиз билан уқалаш етарлидир. Боланинг товон мушакларини уқалаш учун бош бармоқ билан боланинг товонидан то оёқ бармоқлари учигача юргизиб чиқинг. Бундай уқалашларни кунига 2 маротаба (эрталаб ва кечқурун), 10 дақиқадан бажариш зарур.

Бир ёшдан сўнг бола юришни бошлаганида даволовчи гимнастикани кўпайтириш лозим. Болага оёқларининг учида юришни ва шу ҳолатда сакрашни, оёқнинг ташқи қисмида юришни, товонда юришни, товонлар ёрдамида қалам, таёқча айлантиришни ўргатиш керак.

Бола товонининг шакли боланинг гавдаси билан боғлиқдир. Ясси оёқлик мавжуд барча болаларда қоматнинг нотўғри шаклланиши кузатилади. Умуман олиб қараганда оёқ ва қоматнинг бир бирига боғлиқлик тарафини кўрмайсиз. Лекин айни пайтда ясси оёқлик мавжуд 60-70 фоиз болаларда умуртқанинг қийшайиши ва гавданинг жиддий муаммолари кузатилмоқда. Товоннинг оз бўлсада тўғри шаклланмаслиги мавжуд бўлса, у кичкинтойнинг жисмоний ривожланишига жиддий таъсирини ўтказиши мумкин. Ясси оёқли болалар кўп тик тура олмайдилар. Улар тез толиқадилар, оёқ ва сонлардаги оғриқлар ҳақида шикоят қиладилар.

Болаларда ясси оёқликни қуйидаги машқлар ёрдамида даволаш мумкин. Машқларни бажаришда дастлаб сизга шифокор ёрдам беради.

Ўтирган ҳолатда товонларни бирма бир букиш; товонларни айлантириш;   арғимчоқ машқи: бола оёқларида тик туриб, аввал  оёқларининг учларига, сўнг товонларига таянади; оёқлар учида юриш; ерга гимнастик таёқчани қўйиб, унда юриш жуда фойдалидир; оёқ бармоқларида туриб, ярим ўтиришни бажариш; гимнастик таёқчада ўтириб-туриш; оёқ бармоқларида чанғи учгандек ҳаракатланиш; кичкина коптокчани 1-3 дақиқа давомида оёқ бармоқлари билан ҳаракатлантириш; оёқ бармоқларида туриб сакраш; турли буюмларни оёқ бармоқлари билан кўтариш.

Шундай фойдали машқлардан яна бири ёз кунларида, бола имкон қадар ерда оёқ яланг юриши зарур. Айниқса, қумда юриш фойдали бўлиб уқалаш вазифасини ҳам бажаради. Иссиқ кунларда бу машқларни ҳовузчада бажариш боланинг ором олишини ҳам таъминлайди.

Машқларни бирдан барчасини бажариш шарт эмас. Боланинг ўзига  қулайидан бошлаб аста-секин кўпайтириб бориш мақмадга мувофиқ. Ҳамма машқларни бирдан бажарганда 3-4 дақиқадан сўнг бола бир оз дақиқаа дам олгани маъқул. Машқларнинг умумий вақти 15-20 дақиқани ташкил этиши керак. Кунига икки-уч  маротаба машқларни бажариш исталган натижани беради. Бир – бир ярим ойлардан сўнг болакай ўзини яхши ҳис эта бошлайди.

Азиз ота-оналар! Фарзандингиз соғлиғига барвақт эътибор берсангиз унинг соғлом вояга етишига имкон яратасиз, буни унутманг!

Солийжон БЕКЧАНОВ, тиббиёт фанлари номзоди

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.