Айни кунларда мамлакатимизда коронавируснинг енгил формасига чалинган беморларга уйда даволанишга рухсат берилди. Бунда, албатта, ҳар бир бемор пандемиянинг олдини олиш тартиб-қоидаларига сўзсиз риоя қилиши керак. Шу билан бирга таомномага, бадантарбияга, уйқуга ҳамда кайфиятни кўтаришга алоҳида диққатни қаратиш керак.
Таомнома. Озиқ-овқатлар қонни суюлтирувчи ва ўпка учун фойдали неъматлардан иборат бўлиши лозим. Масалан, нўхати кўп солинган товуқ шўрва (иложи борича хонаки товуқ), илитилган тухум, қари хўроз гўштидан шўрва тавсия этилади. Иситма бор вақтда таом ейилмайди, шарбат ва сув ичилади. Агар бемор гўдак бўлса, ҳарорат тушгунча эмизилмайди. Чунки эмиш ҳам бола учун меҳнат, ҳарорат кўтарилиши мумкин. Бундай вақтда болага фақат суюқлик бериш керак, катта беморларнинг қорни жуда очиб кетса қадимий халқона неъмат – қоқирим яъни бир пиёла қатиққа бир пиёла қайноқ сув, озгина туз қўшиб ичиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, мастава, мошхўрда каби таомларга қатиқ, мурч, янги узилган кашнич ва бошқа кўкатлар қўшиб ичиш фойдали бўлади.
Қонни суюлтириш ва дармондориларга бўлган эҳтиёжларни қондириш мақсадида наъматак дамламасини ширинликсиз ичиш лозим, айниқса, қулоқ ва томоқ оғриқларида кони фойда. Анжир қоқисини дамлаб ичиш ўпка ва жигар тиқилмаларини очиш, ўпкадаги балғамларни кўчириш учун тавсия этилади.
Олча қоқисининг қайнатмасини иссиқ-иссиқ ҳолатда иситма вақтида ичиш, ҳароратни тушириш ва заҳарларни тер ва пешоб орқали чиқиб кетиши учун синалган даво. Қора чойга новвот қўшиб истеъмол қилиш йўтални камайтиради.
Уйқуга ҳам эътибор бериш керак. Кунига 7-9 соатлик уйқу – организмни тез тиклаш ва иммун тизимини кўтаришнинг энг арзон ва оддий усулларидан ҳисобланади. Уйқунинг етарли бўлмаслиги табиий қувват (иммунитет)нинг тушишига олиб келади.
Ҳаракат ва сукун (тўхташ, тин олиш).
Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарининг 1-китобидаги “Бадантарбия” фаслида ёзилишича, ўпкани ҳимоя қилувчи нафас машқлари, арғимчоқ учиш ўпка фаолияти учун жуда фойдали ҳисобланади. Чуқур-чуқур нафас олинади ва имкон борича ушлаб туриб, чиқариб ташланади. Арғимчоқ учаётганда ҳам шу машқлар такрорланади.
Танани тозалаш (ихтибос ва истифроғ). Ўпка қон томирлари ва тўқималарига қуюқ хилтлар, қуюқ балғам ва бузуқ қон тиқилиши мумкин. Бундай ҳолатда нафас олиш қийинлиги, нафас қисиши кузатилади. “Тиб қонунлари” бўйича, ўша суюқлик (хилт)ларни ўпкадан бошқа томонга тортиш йўли билан бартараф этилади. Бунда қон олишнинг қуйидаги икки усули фойда беради. Иккала билак венасидан тахминан 100 мл миқдорда қон олдириб ташлаш ёки ҳижомаи бошарт – икки курак ораси (паравертебрал) соҳасининг 7-8 жойига, айниқса оғриқ бор жойларини тилиб қортиқ (банка) қўйиб, қон олиш керак бўлади. Бу тадбир Алихонтўра Соғунийнинг “Шифоул-илал” асарида ҳам таъкидланган.
Эслатма: қон олдиришдан аввал беморнинг қон босими ўлчанади. Бир бўлак нонни анор сувига ботириб еб олинади. Қон олдиргач, анор суви ёки озгина узум сиркаси истеъмол қилиш, ғалаёнга келган қонни тинчлантириб, тоза қон ҳосил бўлишига ёрдам беради. Албатта бу врач билан маслаҳатлашиб, мутахассис томонидан амалга оширилади.
Азизлар, энг асосийси руҳиятга ижобий таъсир қилувчи омилларга эътибор бериш керак. Ғам-қайғу, руҳан чўкишлик, тушкунлик, айниқса ваҳима каби ҳолатлар ички қувват (иммунитет)ни кескин тушиб кетишига сабаб бўлади. Ички қувватни кучайтиришни ҳар ким ўзи яхши билади. Кимдир бадантарбия машқлари билан, кимдир мусиқа билан, кимдир расм чизиш билан кимдир китоб ўқиш билан ички осойишталикни таъминлайди. Тиббий манбаларда ваҳимага тушган кишининг қон таркиби ўзгариб, организмни заҳарланишига олиб келиши таъкидланган. Шунинг учун, ҳар бир кунингизга, ҳар бир дамингизга, ушбу оламни кўзингиз кўриб турганига Оллоҳга шукрона билдиринг ва руҳиятни кўтаришга интилинг. Ўзини бошқара олишга ишониб, касалликни енгишга киришиш керак. Халқимиз бекорга “ихлос-халос” демаган.
Уйда қолинг, коронавирус дардининг олдини олувчи тартиб-қоидаларга эътибор беринг. Ўзингизни, оилангизни асраш орқали юртингиз одамларига эзгулик соғинган бўласиз.
Тиббиёт фанлари номзоди Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида уюштирилди.