Дунё статистикасига кўра, диарея билан кечадиган касалликлардан ҳар йили 5 миллион бола вафот этади. Бу касаллик, айниқса, гўдаклар ва 3 ёшгача бўлган болалар учун жуда хавфлидир.
Иссиқ кунларда болалар ўртасида диарея, яъни ичкетар (бу касаллик ичбуруғ ҳам дейилади) касаллиги кўп учрайди. Диареянинг бактерияли ва вирусли турлари бор. Унинг бактерияли тури сольмонеллёз, дизентерия, ичак таёқчаси, шартли патоген микроорганизмларнинг организмдаги мувозанати бузилиши туфайли юзага келади. Вирусли тури эса озиқ-овқат ва ҳаво орқали юқади. Бу касалликларнинг юқишига, асосан, тозалик, шахсий гигиенага етарли риоя этмаслик, сувни қайнатмай ичиш, сифати талабга жавоб бермайдиган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш, мева-сабзавотларни тозалаб ювмай, ейиш сабаб бўлади.
Диареянинг болалардаги белгилари. Боланинг ҳарорати кўтарилади, иштаҳаси йўқолади, ҳолсизланади, ичи кетади. Сир эмас, баъзи ота-оналар боладаги бу хасталикни ўз-ўзидан ўтиб кетадиган ҳолатдек қабул қилишади. Лекин баъзида касаллик шунчаки вақтинчалик «бекинади» ва қулай фурсатни пойлайди. Гоҳида эса касаллик шунчалик кучли намоён бўладики, зудлик билан даво чораларини кўрмаса бўлмайди.
Бола организми жуда тез сувсизланиб қолади, кўп миқдорда суюқлик йўқотиш оқибатида модда алмашинув жараёни ва бошқа аъзолар фаолияти ҳам бузилади. Биринчи галда асаб тизими ва ошқозон-ичак тракти иши зарар кўради. Диарея хавфини назар-писанд қилмасликнинг оқибати яхши эмас.
Диареянинг хавфлилик даражасини аниқлаш. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу борада тўртта энг оддий усулни тарғиб этади. Яъни, боланинг ҳолсизланиб қолиши, кўз атрофи ва қовоқларнинг осилиши ва кўкариши, қорин соҳасида тери чимчиланса, тезда асл ҳолига қайтмаслиги, сув ичишни кескин рад этиши. Ана шундай ҳолатлар диареянинг оғир даражасидан далолат беради. Бундай вазиятда зудлик билан «Тез ёрдам» чақириб болани юқумли касалликлар шифохонасига етказиш лозим.
Баъзи ҳолатларда боланинг ичи кетса ҳам тана ҳарорати кўтарилмайди. Бу иммун тизимининг кучсизлиги, организмнинг ёт инфекция ва вирусларга қарши курашиш қобилиятининг пастлиги ифодасидир. Бундай вазиятларда ҳам зудлик билан болани тегишли шифокор кўригига йўллаб, соғломлаштириш чорасини кўриш керак.
Ичкетар бўлган боланинг ахлатига қараб юқумли касалликнинг қайси тури билан касалланганини билиш мумкин. Агар ахлат ранги пушти бўлса дизентерия, яшил бўлса организмда стафилококк ёки сальмонеллёз кўпаяётганини англатади. Кулранг кўпикли ахлат эса организмда ротавирус борлигининг ифодаси. Ахлатда ёғ ва ҳазм бўлмаган овқат қолдиқлари бўлса, болага истеъмол қилган қайсидир таоми ёқмаганини билдиради. Агар ахлат ўзига хос ранг ва ҳидли бўлса, дисбактериоздан нишона бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда болага аниқ ташхис қўйиш ва даволаш лозим.
Болалар ичбуруғи бўлганда момоларимиз гуруч қайнатиб, қатиқ билан аралаштириб ичиришади. Албатта, касалликнинг енгил турида бу усул яхши самара беради. Шу боис, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бу усулни хонадон шароитида диареянинг енгил турини даволашда қўллашни тавсия этади. Бироқ, касалликнинг оғир турларида бу билан чекланиш кифоя эмас. Болани албатта шифокор кўригига олиб бориб соғломлаштириш керак.
Аслида дардни даволагандан кўра олдини олиш афзал. Бунинг учун оилада озодаликка жиддий эътибор қаратиш керак. Қолаверса, ҳар бир инсон шахсий гигиенага қатъий риоя этиши лозим. Бундан ташқари, ҳар бир хонадонда қайнаган сув бўлиши лозим. Уйда ҳам, кўча-куйда ҳам сифати кафолатланмаган озиқ-овқатни истеъмол қилмаслик керак. Айниқса, болалар учун тайёрланадиган ҳар бир таом, жумладан, сутли таомлар обдон қайнаб пишиши керак. Мева-сабзавотларнинг сифатлисини танлаб, тозалаб ювиб кейин истеъмол қилиш керак. Болаларга магазинларда сотиладиган, олдиндан тайёрланган озиқ-овқаиларни, газли сувларни бериш зарарли. Икки ёшгача бўлган болаларни кўпроқ кўкрак сути билан озиқлантириш лозим. Агар болалар сунъий озиқлантирилса, таркибида бифидобактериялари бор озуқаларни танлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Диареяда қўлланиладиган дориларнинг аксарияти шифокор рецептисиз сотилади. Лекин ота-оналар кимнингдир тавсиясига биноан дуч келган қорин оғриғига қарши дорини болага беравермаслиги керак. Айниқса, ўзига қачондир ёрдам берган дорини боласига ҳам ичириши баъзида оғир асоратлар олиб келади.
Чўмилиш ҳавзаларида ҳам болаларга ичак касалликлари юқиши мумкин. Чунки, болалар ҳамиша тоза сув ҳавзаларида чўмилади, деб бўлмайди. Баъзида ота-оналар ҳам фарзандини бу борада тўла назорат этмайди. Ариқлар, анҳорлар, суви тозаланмайдиган бассейнлар ҳам касаллик манбаи бўлиши мумкин. Ота-оналарнинг бу борада ҳам ҳушёрлигини ошириш лозим.
Пневмококк ва ротавирус инфекциясига қарши эмлаш. Ушбу эмлаш тиббиётимизнинг энг муҳим ютуқларидан бири десак арзийди. Жаҳон илм-фанининг бундай оламшумул кашфиётлари мамлакатимиз тиббиётига ҳам татбиқ этилмоқда. Кейинги йилларда пневмококк ва ротавирус инфекциясига қарши эмлаш миллий тақвимимизга жорий этилгани қувонарли ҳол. Пневмококка қарши вакцина билан эмланган болаларда менингит, отит, пневмония каби оғир касалликларнинг олди олинади. Ротавирусга қарши эмлаш эса диареянинг оғир турлари профилактикасида муҳим воситадир. Қолаверса, диагностика ва даволаш амалиёти ҳам йилдан-йилга янгича услублар билан бойиб бормоқдаки, бундай илғор технологиялар инсон саломатлигини асрашда муҳим натижаларга замин яратмоқда.
Юлдуз МЎМИНОВА, олий тоифали врач