Дунё музликлари ҳар қачонгидан тез эримоқда

0
49
марта кўрилган.

Бугунги кунга қадар ўтказилган энг қамровли илмий таҳлилга кўра, иқлим ўзгариши таъсирида дунё музликлари ҳар қачонгидан ҳам тезроқ эримоқда. Маълумки, тоғ музликлари бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар учун чучук сув захираси ҳисобланади. Шу боис бу манба тўлиқ эриб кетиши жаҳон океани сатҳини 32 сантиметр кўтариб юборади.

Оммавий ахборот воситалари ёзишича, аср бошидан буён мавжуд музликларнинг тахминан 5 фоизи йўқолган. Охирги ўн йилликларда эриш тезлиги ортган. Сўнгги ўн йил ичида эса айни кўрсаткич ўсиши 2000-2011 йилларга нисбатан салкам 35 фоизни ташкил этди.

Бутун дунё бўйлаб 35 та гуруҳ олиб борган 230 га яқин минтақавий ҳисоботни бирлаштирган тадқиқот натижалари олимларга музликлар қай даражада тез эриши ва келажакда жараён қандай ривожланиши ҳақида ишончли тасаввур ҳосил қилиш имконини берди.

Иқлим ўзгаришининг ўзига хос ҳодисаси сифатида музликлар барқарор иқлим шароитида қарийб бир хил ўлчамда намоён бўлади. Яъни, қор ёғиб, эриши натижасида йўқотилган муз миқдорига тенглашади. Aфсуски, юқорида айтиб ўтганимиздек, сўнгги 20 йил ичида музликлар деярли ҳамма жойда тез эрияпти. Қолаверса, инсон омили таъсирида – асосан қазиб олинадиган ёнилғи ёниши туфайли ҳарорат кескин кўтарилган.

2000-2023 йиллар мобайнида Гренландия ва Aнтарктиданинг йирик муз қатламларидан ташқари барча музликлар йилига ўртача 270 миллиард тонна вазн йўқотяпти.

Тасаввур қилайдик: бир йилда эриган муз бир киши учун кунига 3 литрдан тўғри келади ва бу миқдор сайёрамиз аҳолиси 30 йил давомида истеъмол қилиши мумкин бўлган захирадир.

Умуман, “Nature” журналида чоп этилган ушбу тадқиқотнинг янгилиги ва ўзига хос аҳамияти музликлар эриши тезлашгани аниқланганида ҳам эмас, балки бутун дунё бўйлаб турли тадқиқотлар ҳамжамияти ахборотларини бирлаштирганидадир.

Фанда музликлар ҳолати ўзгаришини баҳолашнинг турли усуллари мавжуд: дала ўлчовидан тортиб, сунъий йўлдош маълумотигача. Ҳар бир усулнинг афзаллиги ёки камчилиги бўлиши мумкин.

Масалан, музликни бевосита ўлчаш анча батафсил маълумот беради, аммо бундай имконият ер юзидаги 200 000 дан зиёд музликнинг жуда кам қисми учун мавжуд.

Демак, фақат турли ёндашувларни тизимли равишда бирлаштирибгина, олимлар вазият ҳақида ишончли хулоса ҳосил қилишлари мумкин.

Бинобарин, музликлар иқлим ўзгаришига тўлиқ жавоб беришини ўрганиш учун муайян, масалан, объектнинг ҳажмига қараб бир неча йилдан кўп, ҳатто ўн йилларгача вақт талаб этилади. Бунинг устига эриш жараёни ҳам тўхтамайди.

Г.Сатторова, ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.