Экологик ва тиббий маданият, санитар-эпидемиологик осойишталик – соғлом келажак гарови

0
651
марта кўрилган.

Шу кунларда нафақат биз, балки бутун жаҳон мураккаб синовни бошидан кечирмоқда. Коронаровирус билан хасталанган беморлар сони дунёда кун сайин ортиб бормоқда. Жаҳоннинг энг тараққий этган мамлакатлари пандемияга қарши қандай йўл тутишни билмай турган бир пайтда юртимизда ўз вақтида ва тезкор қатъий чоралар кўрилди. Давлатимиз раҳбари томонидан бу касалликни барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятларимиз ҳамда барча ресурсларимиз сафарбар этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, даволаш инсон саломатлигини таъминлашнинг 10 фоиз омили, холос. Ирсий омиллар 15 фоиз, атроф-муҳит 20 фоиз, энг асосийси, турмуш тарзи 55 фоизни ташкил этади. Коронавирус касаллиги ҳам нотўғри турмуш тарзи оғир оқибатларга олиб келишини кўрсатди.

Пандемиянинг таъсири натижасида бутун дунёда биринчи навбатда, иқтисодиётнинг реал сектори катта жабр кўрди. Бутун дунёда ишсизлар сони кескин ортиб бормоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида ижтимоий муаммолар юзага келмоқда. Дунё ҳамжамияти коронавирусга қарши вакцина ва даволайдиган дори воситаси ҳали топилмагани сабабли ушбу инфекция мавжуд бўлган шароитда яшаш ва ишлашга ўрганиш зарурлиги тўғрисида якуний хулосага келмоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини камайтириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва умуман фаровонликни таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди. Қадриятларимиз давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилди. Ҳеч муболағасиз айтиш керакки, бу ташаббус халқимиз бирлигини, унинг беқиёс қудратини ёрқин намоён этди.

Боз устига бугун тиббиёт соҳасига берилаётган эътиборнинг ёрқин чизгиларини соҳадаги ислоҳотларда яққол кўришимиз мумкин. Янгидан янги ташаббуслар соҳа ходимлари учун чинакам рағбат бўлаётир.

Айниқса, бугунги пандемия шароитида тиббиёт жонкуярлари ҳақиқий фидойилик кўрсатаётганларини алоҳида эътироф этиш зарур. Бугун улар замонамиз каҳрамонларига айландилар!

Эътироф этиш жоизки,  Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихида илк бор коронавирус пандемияси сабаб янги форматда онлайн мулоқот режимида ўтказилган БМТ Бош Ассаммблеясининг 75-сессиясидаги нутқида коронавирус билан боғлиқ вазиятга яна бир бор тўхталиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларини аниқ белгилаб берадиган Давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро Кодексни ишлаб чиқиш бўйича таклифи бутун дунё миқёсида “инсон манфаатлари — олий қадрият” тамойилини рўёбга чиқариш ва тўла тўкис амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Пандемия инсониятни янгича фикрлаш, ўз дунёқарашини, ҳаёт ва турмуш тарзини ўзгартиришга мажбур қилмоқда. Шифокорлар ва мутахассислар касалликка чалинмаслик учун аввало карантин талабларига сўзсиз бўйсиниш, энг муҳими шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, спорт билан шуғулланишга даъват этмоқда.

 Таъкидлаш жоизки, инсон саломатлигига таъсир этувчи омиллар орасида тиббий таъминот 10 фоизни, ирсий омиллар 15 фоизни, атроф-муҳитнинг ҳолати 20 фоизни ташкил этади. Энг муҳими, инсоннинг турмуш тарзи (жисмоний фаоллик, овқатланиш, зарарли одатлар) унинг саломатлигига 55 фоизгача таъсир кўрсатади.

 Шу нуқтаи назардан олиб қараганда саломатликнинг муҳим омилларидан бири соғлом турмуш тарзига амал қилишдир. Соғлом турмуш тарзи бу — ҳар қандай касаллик профилактикаси ва саломатлик гарови. Инсоннинг турли қирраларини ривожлантириш, муваффақиятга эришиш омилидир. Бундан ташқари, Соғлом турмуш тарзи – бу инсоннинг ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи кўникмаларга эга бўлиши асосида ҳаётий фаолиятини йўлга қўйиши ҳамда саломатлигининг юқори даражада бўлишига эришишни таъминловчи шакл бўлиб, у кун тартибига риоя қилиш, фаол жисмоний ҳаракат асосида организмни чиниқтириш, спорт билан шуғулланиш, тўлиқ ва сифатли овқатланиш,  шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, экологик мулоқот ва маданиятга эришиш, умуминсоний ва қадриятлар асосида маънавий тарбия олиш, зарарли одатлардан ўзини тута билиш ва ҳоказо ҳолатларнинг мавжудлиги билан тавсифланади.

Боз устига бугунги кунда аҳолининг тиббий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга эътиборни янада кучайтириш, ёшларимизнинг соғлом турмуш тарзига риоя қилишга интилишини шакллантириш, бу борада оилавий тарбиянинг ролини, ота-оналарнинг савияси ва масъулиятини ошириш, атроф-муҳитнинг инсон репродуктив саломатлигига таъсирини инобатга олган ҳолда ёшларда экологик маданиятни шакллантиришга алоҳида эътибор бериш муҳим масала ҳисобланади.

Шунингдек, ҳар бир оила олдидаги вазифалардан бири бу болалар онгида ёшлигиданоқ экологик онг ва экомаданиятни шакллантириш, уларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатиш, ноёб табиатни асл ҳолича келгуси авлодлар учун асраб-авайлаш ҳиссини вужудга келтириш орқали атроф муҳитга етказилиши мумкин бўлган салбий таъсирнинг олдини олишдан иборат.

Ҳозирда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу вируснинг олдини олиш учун бир қатор тавсия ва маслаҳатларни бериб бормоқда. Шулардан энг муҳими тозалик ва покликка риоя қилиш, қўлларни совун билан ювиш, одамлар йиғиладиган жойларга боришдан сақланиш, овқатланиш тартибига амал қилиш ва атроф-муҳитни тоза сақлашдир. Бунинг учун аҳоли орасида экологик ва тиббий маданиятни тарғибот қилиш, бу йўналишда уларнинг билимларини ошириш жуда муҳимдир. Тоза ва озода жой шу ерда яшаётганларга ва бу ерга келувчиларга осойишталик ҳиссини бағишлайди.

Республикада санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга қаратилган карантин чораларига катта эътибор бериш лозим. Кўчага чиққанда ниқоб тақиш, бозорлар, савдо комплекслари, супермаркетларда, банкларда ижтимоий масофага амал қилиш, турли тадбирларда қатнашишни ман этиш, уйга кирганимизда гигиена қоидаларига риоя қилиш, қарияларимиз ва болаларимизни эҳтиёт қилиш. Биз жуда ҳам зийраклик ва эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз шарт. Давлатимизнинг катта харажат ва меҳнат эвазига олиб бораётган ишларини уйда ўтириб қўллаб-қувватлашда давом этсак, тартиб-қоидаларга қатъий амал қилсак, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик бўлса, ижобий натижаларга тезроқ эришамиз.

Шу ўринда касалланишдан холи бўлишнинг оддий қоидаларига амал қилсак нафақат ўзимизнинг, балки  оила-аъзоларимиз,  яқинларимизнинг саломатлигини асраган бўламиз.

Аввало, доимо қўлингизни ювинг, профилактика учун нам салфеткалар ёки дезинфекцияли эритмалар ҳам мос келади. Фақат шахсий гигиена воситаларидан фойдаланинг. Қўлларингизни бурун ва кўзларингизга яқин келтирманг. Вирус жуда тез шиллиқ қават орқали танага киради. Аксирганда ҳар доим рўмолчангиз билан ёпинг. Шунингдек,аҳоли гавжум жойларга бормасликка ҳаракат қилинг, оломондан сақланинг, сафарга чиқишдан сақланинг. Дунёнинг турли мамлакатлари коронавирус билан курашаётганда, сиз чет элга чиқмаслигингиз керак, айниқса коронавирус билан боғлиқ вазият кескин бўлган жойларга. Шунингдек, гаджетларни ва сенсорли сиртларни дезинфекциялаш лозим. Энг муҳими, шамоллашнинг кўринган аломатлари (йўтал, аксириш, бурун оқиши) бўлган одамлар билан бир хонада бўлманг. Сурункали касаллиги бор ва ёши кекса кишиларнинг профилактика чораларига эътибор беринг.

Унутманг, соғлигингизни асраш ўз қўлингизда.

  Умида Камилова, Ўзбекистон Экологик партиясидан  халқ депутатлари Тошкент  шаҳар кенгаши депутати

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.