Гўштлар инсон организмига зарур бўлган протеин, витамин ва микро элементлар манбаидир. Фақат гўштни танлай билиш ва тўғри пишира олишда гап кўп. Айниқса, табиий ўтлар билан далада боқилган молу парандаларнинг гўшти фойдалидир.
Гўштнинг инсон организмига фойдаси беқиёс эканлиги илмий исботланган. Аммо парҳезшунослар ва олимлар ўртасида бу маҳсулотнинг фойда ҳамда зарари тўғрисидаги баҳслар ҳам йўқ эмас. Олимларнинг баъзилари гўшт инсон организми учун энг муҳим маҳсулот деса, бошқа бирови ҳазми оғир, одам организмини қийнайди, уни тез қаритади, дея қарши мулоҳаза билдиради. Бу олимларнинг ҳар бири ўз фикрини исботлашга уринади.
Гўшт истеъмол қилмайдиган вегетарианларнинг кўпчилиги В2, Д дармондорилари етишмаслиги, бунинг натижасида асаб тизими касалликлари, суяк мўртлиги ва ҳатто жинсий заифликдан азият чекиши аниқланган. Чунки гўшт таркибидаги витаминлар, оқсил, аминокислоталар тана учун жуда муҳим. Демак, гўштнинг фойдаси ҳақида жуда кўп ёзиш мумкин. Шу ўринда, буғда пишган гўштнинг организмга ҳеч қандай зарари йўқ, деб бемалол айта оламиз. Бироқ уни доимий равишда турли зарарли қўшимчалар, бўёвчи моддалар билан бирга истеъмол қилишнинг фойдасидан зиёни кўпроқ экан. Уни турли хил табиий кўкатлар ва мевалар билан исътемол қилинганда организмга фойдаси янада ортади
Бузоқ гўшти
Бузоқ гўшти парҳез гўштлар сирасига киради. Мол қанча ёш бўлса, унинг гўшти шунча юмшоқ ва озиқлилиги юқори бўлар экан. Бу гўштда холестерин камлигини ҳам айтиб ўтиш ўринлидир. Шу билан бирга унинг таркибида оз миқдорда желатин моддаси мавжуд ва у қон ивувчанлигини яхшилайди. Шу боис бузоқ гўшти кўпроқ юрак-қон томир хасталикларида тавсия этилади.
Бузоқ гўштининг яна бир хусусияти шуки, унинг таркибидаги экстрактив моддалар ошқозон шираси ажралишини фаоллаштиради ва овқат ҳазмини яхшилайди. В, Е, А, С ва РР гуруҳига кирувчи витаминлар, турли минераллар, микроэлементлар сероб бўлгани учун, айниқса, бемор болалар овқати таркибига киритилади. Шунингдек, бузоқ гўштида магний, мис, натрий, рух, темир ва калий мавжуд. Бузоқ жигари темир моддасига кондир. Шундан камқонликда фойдаси катта.
Бузоқ гўштидаги аминокислоталар тез ҳазм бўлиши билан ажралиб туради. Уни овқат тайёрлаганда буғлаб ва қайнатиб пишириш лозим. Шунда фойдали моддалари тўлалигича сақланиб қолади. Бу гўшт сийдик-тош касалликлари ҳамда инфарктнинг олдини олиш мақсадида буюриладиган парҳез таомлар таркибига киритилади.
Бузоқ гўштининг зарари ҳам бўлиши мумкин. Бу бузоқнинг қандай боқилганига боғлиқ. Агар жонивор еган озуқа кимёвий ўғитлар ёрдамида етиштирилган бўлса, организмга фақат зиён келтириши мумкин.
Shoira BEKChANOVA, tibbiyot fanlari nomzodi