Искандар  Рахмон: Хатна қилиш – ўспирин болаларнинг катталар сафидан ўрин олиши

0
183
марта кўрилган.

Таҳририятдан: Искандар  Рахмон тиббиёт ходими, қалбан зиёли инсон эди. Тиббиёт соҳасининг жонкуяр ташвиқотчиси бўлиш билан бирга  шоир ва публицист эди.  Тошкентдаги барча таҳририятларнинг фаол  штатсиз мухбири эди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари куни муносабати билан Gujum.uz архивидаги мақоласини қайта чоп этишни маъқул кўрдик. Етти йил бурун ёзган мақоласи бугунги кун учун ҳам долзарб. Искандар  Рахмоннинг охирати обод бўлсин, ётган жойи нурга тўлсин. Тиббиёт соҳасида ана шундай самимий, элга жонкуяр ташвиқотчилар кўпаяверсин.

Илмий-тиббий адабиётларда берилган изоҳ, маълумотларга кўра, ўғил болани хатна қилиш тиббий тилда постеотомия деб аталади.

Ўтмишда хатна қилиш – ўспирин болаларнинг катталар сафидан ўрин олиши, балоғатга етиши муносабати билан ўтказиладиган тиббий – муҳофазавий тадбир ҳисобланган. Кейинчалик хатна мусулмон халқларда диний маросим шаклида суннат тўйлари сифатида ўтказиш тусини олган.

Инсон вужудида модда алмашинуви узлуксиз давом этиши туфайли сийдик орқали 150 дан зиёд компонентлар, шу жумладан, сув, организм учун кераксиз бўлган чиқиндилар (мочевина, сийдик кислотаси), эриган ҳолатдаги турли минерал тузлар, шунингдек заҳарли моддалар, хилтлар ташқарига чиқади. Одатда тузлар кристаллар ҳосил қилади, чўкмага тушади, тошларга айланади. Натижада, жинсий олат боши териси, унинг юпқа пардаси яллиғланади. Аниқроғи, хатна қилинмаган ўғил болаларда фимоз, парафимоз касалликлари кузатилади. Ўша жойда қичишиш, ачишиш, шиш, оғриқ пайдо бўлади. Бу ҳолат боланинг пешоб қилиши жараёнида кучаяди, унинг чинқириб йиғлаши ва безовта бўлишига олиб келади. Бунинг яна бошқа салбий таъсирлари ҳам борлиги ҳақиқат. Баъзан эса, жинсий олат бошининг сиқилиб қолиши сабабли бемалол пешоб ажратиш қийинлашади. Бундай оғир ва таҳликали ҳолатларда беморга кўрсатиладиган энг ишончли ва шошилинч тиббий тадбирлардан бири хатнадир.

Шундан келиб чиқиб, ўғил боланинг бундай кўнгилсиз ҳолатга тушиб қолишини кутиб ўтирмай, унинг гўдаклиги, ёшлик чоғидаёқ хатна қилиш мақсадга мувофиқ. Бу тадбирнинг яна бир фойдали томони шуки, ўз вақтида хатна қилдирилган бола гўё бўйнига солинган хавфу хатар “сиртмоғи”дан умрбод фориғ бўлади, ўзини бемалол қўйиб, эмин-эркин ўсиб-улғаяди, руҳан тетик, маънан пок, етук, жисмонан баркамол, соғлом ривожланади.

Бунинг акси ўлароқ, аксарият ҳолларда бундай дардга йўлиққан эркак зоти ёши нечада бўлишидан қатъий назар, вақти келиб бир куни тиббий заруратга кўра, шошилинч равишда хатна қилдиришга мажбур бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунга кўра ҳозирги замон илмий тиббиётида бундай ўта нозик ва қалтис ҳолатлар содир бўлганида, ёки жинсий аъзосида бирор нуқсон аниқланган беморларга шошилинч жарроҳлик муолажалари ўтказиш тавсия этилади.

Искандар РАҲМОН, истеъфодаги тиббий хизмат подполковниги 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.