Айни кунларда кун жуда иссиқ. Шунисига шукрки, одам танаси ҳар қандай иқлим шароитларига мослашиш хусусиятига эга. Барибир эҳтиёт бўлиш керак. ЖАЗИРАМА ўртача ҳаво ҳароратининг 10 ва ундан юқори даражага кўтарилишидир.
Жазираманинг салбий оқибати. Бу маҳалда инсон тана ҳарорати 37.1 С – 38.8 С гача кўтарилиб, саломатликка салбий таъсир этиши мумкин. Иссиқ ҳаво ёки офтоб урганида баданнинг қизариши ва кучли чанқоқ кузатилади. Кейинчалик, ҳушдан кетиш, нафас қисиши ва юрак тўхташига олиб келиши мумкин.
Жазирамадан сақланиш учун табиий толали кийимлар, вентилятор, кондиционердан кенг фойдаланинг. Қишлоқ жойларида эса соябон, шийпонлар, шунингдек, деразалар учун қалин пардалардан ҳавзалардан, ичимлик сувидан, булоқ сувларидан унумли фойдаланиш керак.
Иссиқ кунда, кондиционерсиз иложи йўқ. Аммо куни бўйи кондиционерли хонада ишласангиз, шундай жойлашинг-ки, ундан чиқаётган совуқ хаво тўғридан-тўғри сизга таъсир қилмасин.
Иложи борича соя жойларда бўлишга ҳаракат қилинг. Офтоб урганда зудлик билан соя жойларга ўтинг, душ қабул қилинг ёки шамол бор жойга ўтиринг ва аста-секинлик билан кўпроқ сув истеъмол қилинг. Иложи борича баданингизни совутишга интилинг.
Кепка, шляпа ёки панамалар кийишдан уялманг. Чунки офтоб уриши асосан бош қизиганда содир бўлади. Кунингизни шундай режалаштирингки, 12-00 дан 16-00 гача кўчага чиқмаслик бу вақтда ёки ишда, ёки уйда бўлган маъқул.
Сувнинг аҳамияти. Сув ичиш организм фаолиятини яхши ишлаши ва сув-туз миқдорини меъёрлаштиришига қулай шароитлар яратади. Организмнинг сув танқислигини тўлдириш учун оддий ичимлик сувини қайнатиб ва совутиб истеъмол қилиш керак. Кўпроқ душ қабул қилинг. Мунтазам равишда тозаланиш баданнинг нафас олишига ёрдам беради. Сув хона ҳарорати каби бўлиши керак. Муздак сув билан ювиниш эса, тана қизиб турганида пневмония касаллигига олиб келади. Албатта, очиқ сув хавзаларда чўмилиш мумкин, аммо чўмилиш таъқиқланган хавзаларда чўмилиш қатъиян ман этилади. Айниқса, болаларни тез-тез чўмилтириб туринг.
Эрталаб ва кечқурун кўпроқ ҳаракат қилинг. Жазирама кунларидаги камҳаракат гипертония, юрак-томир касалликлари ва тромбоз ривожланишига олиб келади. Ёзнинг жазирама иссиғи, айниқса, юрак-қон томир касалликлари ҳамда семизликка чалинган инсонлар саломатлигига таъсир қилиши ва улардаги сурункали кечаётган касалликларнинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки, иссиқ иқлим, юқори ҳарорат юрак-қон томир тизимининг зўрикиб ишлашига олиб келади. Шунинг учун турли хил нохуш асоратларнинг олдини олиш мақсадида тана вазни меъёридан ортиқ бўлганлар, юрак-қон томир касалликларига чалинган инсонлар жазирамада дам олиш ва меҳнат қилиш режимига ҳамда овқатланиш тартибига алоҳида эътибор қаратишлари зарур.
Маълумки, жисмоний зўриқиш танада иссиқлик ишлаб чиқарилишини кучайтиради ҳамда тананинг янада қизишига сабаб бўлади. Шунинг учун очиқ ҳавода ишловчилар фаолиятларини куннниг салқинроқ вақтларига (эрта тонгдан 11гача) ёки кечки салқинга ( соат 17дан – 20гача) мўлжаллагани маъқул. Куннинг энг иссиқ вақтларида, салқин хоналарда бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Тез-тез сув ичиб туриш жуда-ям фойдали. Кўк чой чанқоқни яхши қондиради, ўзидаги витамин ва минерал моддалар ҳисобига инсонга куч бағишлайди, шунингдек, ошкозон-ичак йўлидаги касаллик қўзғатувчи микробларни ўлдиради, дизентерия ва бошқа юқумли ошқозон-ичак касалликларидан ҳимоя қилади.
Шакарсиз компотлар, айрон, нордон меваларнинг шарбатлари кучли чанқоқбосди ичимликлар бўлиши билан бирга терлаш натижасида йўқотилган витамин ва минерал моддаларнинг ҳам ўрнини қоплашда ёрдам беради. Ширин ва қуюқ мева шарбатлари (ўрик, шафтоли ва узум) аксинча чанқоқни кучайтиради. Лимонли чой кучли терлатиши билан анча вақтгача танани қизишдан сақлайди, шунингдек, сув ва туз балансини сақлашда ёрдам беради.
ШИРИН ШАРБАТЛАРНИ, ТУРФА РАНГЛИ ИЧИМЛИКЛАР ИСТЕЪМОЛИНИ ЧЕКЛАНГ. Уларнинг таркибидаги сунъий бўёқлар, турли хил маза берувчи қўшимчалар ва шакар чанқоқни кучайтириши мумкин, уларни кўп истеъмол қилиш зарарлидир. Зинҳор қайнатилмаган сувни ичманг, унда турли хил юқумли ошқозон-ичак касалликларини чақирувчи микроб ва вируслар бўлиши ва улар қорин тифи, вабо ва бошқа юқумли касалликларни чақириши мумкин. Минерал сувлар, қайнатиб совутилган сув ичиш мақсадга мувофиқ.
Овқатланиш. Кунлик рацион енгил ҳазм бўладиган таомлардан иборат бўлиши керак. Ёғлик таомлар ҳамда ширинликлар танада энергия ҳосил бўлишини кучайтиради ва тананинг қизиб кетишига сабаб бўлади, шунингдек, иссиқлик таъсирида сустлашган ошқозон-ичак тизими фаолиятини зўриқтиради. Жазирама кунларда суюқ таомлар, айрон, қатиқ, кефир каби сут маҳсулотлари, мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш, терлаш натижасида организм йўқотадиган сув ва зарур моддалар — оқсил, витамин ва минерал тузлар ўрнини қоплашда муҳим аҳамият касб этади.
Иссиқ кунда кўпроқ совуқ таомлар истеъмол қилинг. Ёғли, қовурма овқатларни, сут ва гўшт маҳсулотларини(колбаса, қози, табақа каби) камроқ истеъмол қилинг. Балиқ ва сабзавотлардан фойдаланиш айни муддао. Сутли маҳсулотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Чунки, тез айнийди. Қуёш нури тушиб турган расталардаги неъматларни сотиб олмаслик керак. Албатта, таомларни туз билан танновул қилинг, чунки, юқори хароратда, тананинг терлаши натижасида кўп миқдорда натрий моддаси йўқотилади. Пиво ва бошқа алкогол ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
ЖАЗИРАМАДА КИЙИНИШ ОДОБИ. Жазирама иссикда ҳавони яхши ўтказадиган, терлаш асоратини шимадиган, қуёш нурини қайтарадиган ва терига зарар етказмайдиган кийимлар тавсия этилади. Кийимлар кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган бўлиши керак. Ип-газлама айнан шундай хислатларга эгадир. Қора ва жигар ранг газмолдан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини тортади, оқ рангли газмолдан тикилган кийимлар эса иссиқ ва қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга. Имкон даражасида кийим танлашда газмолнинг рангига эътибор бериш маъқул.
ЁЗ КУНЛАРИ ҚУЁШ НУРИДАН ЭРТАЛАБ ЕТТИГАЧА ФОЙДАЛАНИШ МАҚСАДГА МУВОФИҚ БЎЛАДИ. Қуёш нури таъсирида организмда рахит касаллигининг олдини олувчи «Д» витамини ҳосил бўлади. Бироқ бош кийимсиз тик қуёш нурида узоқ юриш офтоб уришига олиб келади. Баъзи кишиларда кўз касаллиги катарактанинг ривожланишини кучайтиради. Терини жазирамадан ҳимоя қилмаслик униннг куйишига ва бу жараённинг узоқ давом этиши эса, тери саратонига ҳам олиб келиши мумкин. Айниқса, болалар қуёшнинг ультрабинафша нурларига ўта таъсирчан бўладилар. Шунинг учун улар жазирама иссиқ вақтларда сояда бўлишларига аҳамият бериш керак. Соябони кенг бош кийимлар кийиш ва офтобдан сақловчи қора кўзойнаклар тақиш офтоб таъсиридан асрайди. Болаларни ҳовузчаларда чўмилтириб туриш жудаям яхши самара беради.
ИССИҚ УРИШИ. Бу ҳолат одамда тана ҳароратининг жуда ҳам кўтарилиб кетиши, алаҳсираш, тиришиш-тортишиш ва баъзида ҳушдан кетиш билан кечади. Айниқса, қария ва болаларда, организмнинг юқори ҳароратига мослашув жараёнларининг сустлиги натижасида кузатилади. Юрак-қон томир тизимида касалликлари мавжуд бўлган одамларда ҳам иссиқ уриши хавфи юқори бўлади. Иссиқ уришида биринчи ёрдам тана ҳароратини туширишга қаратилган бўлиши керак. Офтоб урганда кўнгил айниши, бош айланиши, қулоқнинг шанғиллаши, баъзида эса ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.
БУНДА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК? Зудлик билан “Тез ёрдам” чақириш, шифокор келгунга қадар салқин жойга ўтиш ва ён бошлаб ётқизиш лозим. Бошга сочиқни ҳўллаб қўйиш, бўйинни сиқиб турган ёқадан бўшатиш, тор кийимларни ечиш зарур.
Бемор ўзига келса сув ичириш мақсадга мувофиқ..
Шоира БЕКЧАНОВА, олий тоифали врач, тиббиёт фанлари номзоди