Камқонлик хасталиги асосан аёллар ва болаларда учрайди. Бу касалликка чалинганларни даволашни суюқлик исътемолидан бошлаган маъқул.
Бемор тузалгунича қайнатилган туршак сувини чой ўрнида мунтазам ичиб туриши зарур. Кейин наъматак ва дўлана қайнатмаси ҳам яхши шифо бўлади.
Шунингдек, кун оралатиб қуйидаги шифобахш қайнатмани ичиб туриш тавсия этилади: 200 гр. туршакка қизил лавлагини сабзидай тўғраб тенг миқдорда қўшасиз ва уларга таъбга қараб шакар ёки новвот аралаштириб, уч литр сувда у то икки литр қолгунича қайнатасиз. Қайнатмани ўша куннинг ўзида ичиш мақсадга мувофиқ.
Камқонликни даволашда икки чой қошиқ қуруқ наъматак мевасининг устига бир стакон қайноқ сув қуясиз ва дамлаб қўясиз ва буни кунига уч мартадан таомдан сўнг ичиб турасиз. Худди шу усулда майизли дамлама ҳам тайёрлаб эрталаб нонуштадан ярим соат олдин ичиш ҳам кони фойда.
Эрталабки нонуштада пахта, писта ёки зайтун ёғида қовурилган пиёзни суви қочган нон билан ейиш камқонликдан қутилишда яна бир даводир. Шунингдек, ҳар куни камида 200 гр. қизил лавлагини сувда пишириб енг, у қонни кўпайтириш билан бирга тозалайди ҳам.
Камқонликда қовурилган овқатлар, гўштли таомлар, сут истеъмол қилинмайди. Гўштни иложи борича қийма ҳолида еган маъқул. Ширинликлардан фақат асал, оққанд, шакар ейиш мумкин. Қандолатчилик маҳсулотлари, қаҳва, какао, турли пишириқлар истеъмоли мумкин эмас.
Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач